Сиз ҳаммадан ортиқсиз, Ҳазрати Умар...

23:30 10.05.2018 1167

Асҳоблар ичида бўйингиз баланд,
Бўйингиздан фикру ўйингиз баланд, 
Иймонингиз юксак, ғоят сарбаланд, 
Сиз ҳаммадан ортиқсиз, Ҳазрати Умар,
Роббим берган тортиқсиз, Ҳазрати Умар.

Сўз мулки ичинда йўқ Сизга таъриф,
Ўзи подшо, аҳволи мискиндан ғариб, 
Хизматингизга гувоҳ ул шаҳри шариф,
Сиз нақадар буюксиз, Ҳазрати Умар,
Сиз жон қадар суюксиз, Ҳазрати Умар.

Нафсу амморга ургансиз қилич, 
Йўқ Сизга кимсадан таъма-ю, илинж,
Расулуллоҳни эслаб юракда севич, 
Сиз нақадар улуғсиз, Ҳазрати Умар,
Иймон билан тўлиқсиз, Ҳазрати Умар.

Ғуломлари миниб бормоқдадир от,
От жиловин тортар Умардайин зот, 
Ё Раб, камтаринлик шунчами ҳайхот!
Сиз нақадар юксаксиз, Ҳазрати Умар,
Расул севганлар шаксиз, Ҳазрати Умар.

Қаранг буюк Умар кўйлагин ямар, 
Кундуз қуёш маҳзун, тунлари қамар, 
Ўйласам ичимга қон ёшим томар, 
Қалбда ёнган чироқсиз, Ҳазрати Умар,
Манманликдан йироқсиз, Ҳазрати Умар.

Белдан тепасида ўн икки ямоқ, 
Мурод мақсадлари Ҳақни тикламоқ, 
Яшашдан мақсадмас киймоғу емоқ, 
Сиз нақадар буюксиз, Ҳазрати Умар,
Маҳшарда ҳам суюксиз, Ҳазрати Умар.

Жавон тўла кийим-бош отиб-ла урсам, 
Қани мен ҳам биргина кўйлакда юрсам,
Ғолиб келиб нафсимдан аҳдимда турсам, 
Бизлар ўчмиз дунёга, Ҳазрати Умар, 
Дунё тўлмиш риёга, Ҳазрати Умар.

Сизга Яратганнинг жамоли керак, 
Иймон-эътиқоднинг камоли керак, 
Сиздай зотга дунё моли на керак?
Бағоят кенг фикрсиз, Ҳазрати Умар,
Нафас олмас шукрсиз, Ҳазрати Умар. 

Марҳамат айлабон бечора қулга, 
Малҳамлар боғлагансиз, абгора дилга, 
Адашганни солсангиз энг тўғри йўлга, 
Хулқингиз бебаҳодир, Ҳазрати Умар,
Касбингиз хайр, саҳодир, Ҳазрати Умар.

Сизга тиғни урган жоҳил, нас экан, 
Одам шаклидаги ҳайвон, кас экан, 
Сиз дейсиз-а: “Шукр, мўминмас экан!”,
Намозда эдингиз бош, Ҳазрати Умар,
Эслаб бўлмас тўкмай ёш, Ҳазрати Умар.

Эвоҳ, бизлар ботдик нафснинг комига, 
Ҳар лаҳза ўлжамиз шайтон домига, 
Беллашиб сув қуйяпмиз гуноҳ жомига, 
Иймонга шикаст етди, Ҳазрати Умар,
Юздан зиёлар кетди, Ҳазрати Умар. 

Иншааллоҳ, Сизлардан Роббим розидир, 
Ҳукми Аллоҳ ҳақдир, Ўзи Қозидир, 
Сўзларнинг яхшиси, албат, озидир,
Сизга саломлар бўлсин, Ҳазрати Умар, 
Гўзал каломлар бўлсин, Ҳазрати Умар. 

Аҳмадга келмишми ғойибдан хитоб, 
Умарга ёзгин деб бир гўзал китоб, 
Китобки яшасин сўнгунча офтоб, 
Лутфий севдирди сизни, Ҳазрати Умар, 
Ғоят шод қилди бизни, Ҳазрати Умар. 

Роббим Қозончини зиёда қилгин, 
Зурриёдларин шарму ҳаёда қилгин, 
Китобхонни унга дуода қилгин, 
Сўзим ижобат бўлсин, Ҳазрати Умар, 
Умрим ибодат бўлсин, Ҳазрати Умар. 

Бу сўзларни ёздим меҳру дилимдан, 
Бир иш келди ё йўқ билмам қўлимдан,
Муҳаррамни асрагин нопок ўлимдан, 
Роббимнинг сўзи ҳақдир, Ҳазрати Умар, 
Расулуллоҳ барҳақдир, Ҳазрати Умар. 

Муҳаррамхон ҚОСИМОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!