Сизни соғинаман ё Расулуллоҳ

16:20 10.05.2018 668

Сизни соғинаман ё Расулуллоҳ 
Излайман кўздаги ёшларим билан 
Сиз босган тупроқни боссайдим мен ҳам 
Розиман, пойиммас  бошларим билан!

Умр ўтиб бормоқда, шошқин дарёдек
Тўхтаб турса дейман, эшитмайди ҳеч 
Лекин орзуйим ҳам тингламас мени
Қани етсам дейди бўлмасидан кеч!

Кўнгил боғлар экан инсонни қўлмас 
Кун кундан  очилар ҳаёт сирлари
У узоқ, наилож имконимдан ҳам
Лекин тортаверар Ҳабиб ерлари!

Кимда не бор бўлса эътибор бўлмас.
Йўл борми қувмоққа ўша фироқни 
Дўстим, бир яхшилик қилинг, номимдан
Салом денг ва ўпинг ўша тупроқни!

Умидим, тинч қўймас ё Расулуллоҳ
Сизнинг йўлингизда туравераман.
Ва сизни жаннатда кўрмагунимча 
Барибир соғиниб юравераман!

Обидхон ҲАМИДОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!