Суҳайб Румий. Фазилатларга бой умр

15:00 08.03.2018 464

Пайғамбарлардан сўнг инсонларнинг энг афзали, ҳидоят юлдузлари бўлмиш саҳобаларнинг фазилат ва буюкликларга бой бўлган ҳаёт йўли бизни ҳайратга солади. Уларнинг сийратларини ўрганиш эса, инсон ҳаётининг мазмуни сифатида намоён бўлади. Улар эга бўлган гўзал сифатларни ўз ҳаётимизда акс еттириш қалбимизга ўзгача севинч, руҳимизга тетиклик баҳш этади. Мана шундай эзгу мақсадлар ила бугунги мақоламизда Ислом тарихида ўз ўрнига эга бўлган буюк сиймолардан бири – Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳу ҳақида сўз юритамиз.

Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳу Убулла шаҳрида таваллуд топган. Унинг отаси Убулланинг ҳокими бўлиб, Кисро томонидан тайинланган волий эди. У Ислом дини келишидан илгари Ироққа кўчиб кетган араблардан эди. Суҳайб ибн Синон Фрот дарёси қирғоғида, Жазира ва Мусилга яқин жойлашган қасрда бахтиёр яшар эди.

Кунларнинг бирида бу юрт Рум ҳужумига учради. Босқинчилар бир қанча одамларни асир олдилар. Асирлар орасида Суҳайб ибн Синон ҳам бор эди. Суҳайбни қул савдогарлари ўз қўлларига олдилар. У болалик ва йигитлик онларини Рум шаҳарларида ўтказиб, уларнинг тили ва лаҳжасини ўзлаштирганидан кейин Абдуллоҳ ибн Жудъонга қул қилиб сотилади. Ниҳоят у Маккада қўним топган эди. Хожаси унинг заковати, ғайрати ва ихлосига қойил қолади. Натижада уни озод қилиб, унга ўзи билан бирга савдогарлик қилишга имкон яратади. Кунларнинг бирида... Келинг, биз сўзни унинг дўсти Аммор ибн Ёсирга берайлик-да, у бизга ўша унутилмас кун ҳақида сўзлаб берсин: “Суҳайб ибн Синонни  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовлиси олдида учратиб қолдим. Шу вақт мен унга: “Нега бу ерга келдинг?” – дедим. Менга жавоб берди: “Ўзинг нега келдинг?” Унга: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига кириб унинг айтаётган сўзига қулоқ солишни истайман”, – дедим. У: “Мен ҳам шуни истайман”, – деди. Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдик. У зот бизга Ислом ҳақида гапирдилар. Натижада биз мусулмон бўлдик”.

Суҳайб розияллоҳу анҳу ўз йўлини топиб олди. Ҳидоят ва нурга тўлган йўлни таниди. Бу йўл машаққатли бўлиши билан бир қаторда буюк фидокорликка ҳам лойиқ йўл эди. Бунда намоён бўлган дин, низом ва ҳаётнинг ҳар бирини қабул қилди. Бу масъулиятларга тўла давр бошланганининг эълони бўлди. Албатта, бу баҳоланмайдиган иймон нидоси эди. Бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқ-атворларики, унинг нури вафодор кишилар қалбларини тўлдирар эди. Шубҳа йўқки, бу хоҳлаган бандасига берадиган Аллоҳнинг раҳмати ва ҳидояти эди!

Дарқиқат, Суҳайб розияллоҳу анҳу ўнг қўлини ўз Пайғамбари қўлига қўйган ва Аллоҳнинг нурини қабул қилиб олган биринчи кундан бошлаб юксак иймонга лойиқ бўлди. Ўша куни унинг инсонлар ва дунё ҳамда ўз нафси билан бўлган алоқаси янги бир шаклга кирди. Ўша куни жоҳил нафсини фидойи нафсга айлантирган эди. Саҳобий розияллоҳу анҳу буюк муҳаббатли кунларни Мадинага кўчиб ўтиш  билан бошлади. У Маккада яшаган йиллари мобайнида тижоратидаги барча олтинлару бойлигидан воз кечди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб ўтишни мақсад қилганларидан Суҳайб хабардор эди, лекин у қурайшликларнинг қўйган баъзи тузоқларига тушиб қолди. Шу сабабдан у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳамроҳлари билан йўлга отланаётган вақтда бирга бўлолмади. Аммо Суҳайб розияллоҳу анҳу ҳаракатдан тўхтамади. Ниҳоят туясини минди-да, йўлга отланди. Лекин Қурайш унинг изидан ўз изқуварларини юборган эди. Суҳайб розияллоҳу анҳу уларни кўрибоқ, яқинлашганларида уларга юзланиб гап бошлади: “Эй Қурайш жамоаси, биласизларки, мен орангиздаги енг моҳир мерганман. Аллоҳга қасамки, сизлар менга яқинлашмай туриб ўқдонимдаги ҳар бир ўқ билан “сийлайман”. Агар шуни хоҳласангиз, келинглар. Агар истасангиз сизларга мол-дунёмни беркитган жойимни айтаман, сизлар мени ўз ҳолимга қўясизлар”. Улар ўзларича ўйлаб кўрдилар ва унинг молини олишни маъқул кўриб, унга айтдилар: “Сен бизнинг шаҳарга камбағал, қашшоқ ҳолда келган эдинг. Кейинчалик молинг кўпайди ва орамизда ўз ўрнингга эга бўлдинг. Айни пайтда молингни олиб кетасанми?!” Бу гапни эшитган Суҳайб розияллоҳу анҳу уларга бойлиги беркитилган жойни айтди. Улар Суҳайб розияллоҳу анҳуни ўз ҳолига қўйиб, Маккага қайтиб кетдилар. Суҳайб розияллоҳу анҳу йўлида давом этди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қубода етиб олди. Суҳайб розияллоҳу анҳу кириб келганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўришлари биланоқ нидо қилдилар: “Савдонг фойдали бўлди, эй Абу Яҳъё. Савдонг фойдали бўлди, эй Абу Яҳъё!” Дарҳақиқат, Суҳайб ўзининг мўмин нафсини уни тўплашга умрининг бир қисмини сарфлаган барча бойлиги эвазига сотиб олди. Лекин ҳаргиз ўзини зиён кўрувчидек ҳис қилмади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни жуда яхши кўрар эдилар. Суҳайб розияллоҳу анҳу парҳезкор, қўли очиқ, сахий эди. Байтул-молдан оладиган улушини мискинларга сарфлар, муҳтожларга ёрдам берар, мусибатли кишига кўмаклашар эди. Унинг бу даражадаги саховати Умар розияллоҳу анҳунинг эътиборини тортгани сабаб ундан: “Сенинг кўп таом бераётганингни кўряпман, исроф қилмаяпсанми!?” – деб сўради. Суҳайб розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизларнинг энг яхшингиз муҳтожларга таом берганларингиздир”, – деганларини эшитдим”, – деб жавоб берди.

Суҳайб розияллоҳу анҳунинг ҳаёти фазилатларга тўла бўлиши билан биргаликда Умар ибн Хаттобнинг  мусулмонларга намоз ўқиб бериш учун ихтиёр қилгани унинг ҳаётига ёрқинлик ва буюклик баҳш этди. Зеро, бу иҳтиёр Аллоҳнинг ўз солиҳ бандаси – Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳуга бўлган неъматининг яққол намунаси эди.

Ҳaсанбой ЭРГАШОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!