Табассум қил, ажр қозонасан!

07:00 07.02.2018 394

Табассум қил… бу сўзни эшитган инсон юзида беихтиёр гўзал бир ифода ҳосил бўлади. Табассум – беғубор, самимий тушунча. Инсоннинг қалби хотиржам бўлганида, атрофидаги ҳодисалардан розилик ҳис этганида, ўзи учун азиз инсонлар даврасида бўлганида унинг юзига майин табассум югуради. 

Табассум оддий кулгидан фарқ қилади. Киши ҳангомаларни эшитганда ёки қизиқарли воқеаларни кўрганда кулиши мумкин. Аммо табассум ундан кўра ҳиссийроқ тушунча.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулгилари табассумдан иборат эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир замонда яшаб, у зотнинг гўзал табассумларидан баҳраманд бўлган бир саҳобий шундай дейдилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам чалик кўп табассум қилган кишини кўрмадим”. Демак, табассум қилиш ҳам суннат экан. У туфайли ажрга эришиш, кимларнингдир қалбига илиқлик, меҳр олиб кириш мумкин. 

Кўчада йиқилиб йиғлаётган қизалоқнинг қўлчаларидан ушлаб, қўнғироқ сочларини силаб, ширин сўзларни айтганда, ҳозиргина ёш томчилари оқаётган жажжи юзда табассум аломатлари сезила бошлайди. 

Баҳорнинг илк кунларида кўчада кетаётган инсон табиатдаги ўзгаришлардан қалбида бир енгиллик пайдо бўлади. Осмондан тушаётган ёмғир томчилари эса эски қадрдон хотираларни ёдга солиб, табассум қилишга ундайди. 

Отасининг ортидан унинг ҳаракатларини қайтариб, намоз ўқишга интилаётган жажжи болакайнинг ҳаракатларини кузатиб турган онанинг қалбидан фарзандининг келажакда улуғ бир инсон бўлишини орзу қилганда юзида пайдо бўладиган табассум.

Ғамга ботиб турган дўстининг елкасига қўлини қўйиб, унга далда бериб, умид бағишловчи сўзларига жавобан қилинган табассум.

Яқин бир инсонни сафарга кузатаётиб, қалбида қандайдир бир ўкинч билан унинг ортидан қилинган майин табассум.

Устозидан эшитган мақтов сўзларидан шижоатланиб кетган ўқувчининг табассуми.

Кўчада ўйнаётган жажжи кичкинтойларнинг шовқини сабаб қалбида беғуборлик жўш уриб кетган инсоннинг табассуми.

Хуллас, ҳаётдаги турли ҳолатларда киши юзида акс этадиган оддийгина табассум туфайли инсонлар қалбига хурсандчилик, қувонч киради. У туфайли инсонлар қалбига илиқлик олиб кириб, ажр қозониш мумкин.

Табассум қалбларга етиб борувчи, уларни эгаллаб олувчи, кўзларни ёшлатувчи ғаройиб ҳиссиётдан иборат. Негаки, киши яқинининг хурсандчилиги, унинг юзидаги майин, беғубор, гўзал табассумини кўрганда беихтиёр ўзини унутади. Ўзининг дардлари, ғам-ташвишлари гўё олдин бўлмагандек. Гарчи қалби йиғлаб турган бўлса-да, унинг бир табассуми билан қалби ёришиб қувончга тўлади…

Дунёда қийинчиликлар, ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар ичида ўсган бир инсон кимдандир меҳр-муҳаббат, кимдандир илиқлик кутиб яшайди. Қандайдир бир хурсандчилик, роҳатни соғинади. Кун келиб бир яхши, самимий инсоннинг хуш муомаласи, юзидаги оддий бир табассуми билан қалби ёришиб, кўнгли осмонларга етгудек кўтарилади. Шу инсонга муҳаббати ортади, яқин бир инсонга айланади. 

Қийин масалалар, муаммолар самимий табассум билан осон ечилади. Яқинлар ораси мустаҳкамланиб, меҳр-муҳаббат ортади. 

Гоҳида гўзал бир табассум билан биллурдек қимматбаҳо қалблар қозонилади.

Мамлакат САЪДУЛЛАЕВА
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!