Таҳфизул Қуръон кафедраси талабаси Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан ўқиб берди

19:45 09.04.2018 4729

9 апрель куни Тошкент Ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедрасининг 2-босқич талабаси Адҳамжон қори Отахонов ўттиз (30) пора Қуръони каримни кафедра устозлари Жаҳонгир қори Неъматов, Исломхон қори Убайдуллаев, Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев ҳамда Элёр қори Аҳматқуловларга бир кунда, бир ўтиришда (намозга, таомланишга, таҳоратга чиқишлар мустасно) ёддан ўқиб берди. Бу ҳақда Azon.uz’га кафедра маъмурияти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Адҳамжон қори бомдод намозидан кейин Қуръони каримни ўқиб беришни бошлади. Хуфтон намозидан кейин Қуръонни тўлиқ ўқиб берди.

Бугун, яъни 9 апрел куни “Таҳфизул-Қуръон” кафедрасининг устоз ва талабалари олдида Адҳамжон қорини Қуръони каримни тўлиқ ўқиб бергани маълум қилинди. Устоз Жаҳонгир қори Неъматов томонидан хатми Қуръон дуоси ўқилди.

Албатта бунинг орқасида қанча қанча бедор тунлар, устозларнинг, жумладан,  “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мударриси Аҳмадхон қори Рашидов ҳамда дастлабки таълим берган “Ҳидоя” мадрасаси мударриси Обидхон қори Икромов, Акмалхон қори Усмоновларнинг саъй-ҳаракатлари меҳнатлари бор. Аллоҳ таолонинг инояти, ана шу меҳнатларнинг самараси, устозларнинг фидойилиги туфайли бу қорини Аллоҳ таоло мана шундай шарафга мушарраф қилди. Аллоҳ таоло ушбу қорини, бутун қориларни, барча мўмин мусулмонларни ўзининг каломини севиб тиловат қиладигaн, унга оғишмай амал қилиб, икки дунё саодатини қўлга киритадиганлар сафида бўлишини насиб қилсин.

Қайд этиш керак, аввалроқ ушбу кафедранинг талабаси Фатҳуллоҳ қори Дадаев Қуръони каримни 58 кун (салкам 2 ой)да ёдлай олгани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси Қуръони Каримни ёдлашга ихтисослашган юртимиздаги ягона олий даргоҳ бўлиб, “Новза” масжидининг имом хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов кафедра мудири ҳисобланади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!