Тақво ҳақида салафи солиҳларнинг фикрлари

22:00 01.02.2018 400

إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ
“Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир
” (Ҳужурот сураси, 13-оят)

Тақво ва ҳақиқий тақводор ҳақида олимлар кўп бахс қилишган. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида тақвонинг барчаси Аллоҳ азза ва жалланинг мана бу оятида жамланган дедилар – “Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур” (Наҳл сураси 90-оят).

Қуйида  тақво ҳақида баъзи уламоларнинг фикрларини келтириб ўтамиз: 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Тақводор киши  ширкдан, гуноҳи кабиралардан ва фаҳш ишлардан сақланган кишидур”. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Тақво – ўзингни бошқалардан устун кўрмаслигингдир”.

Ҳасан роҳимаҳуллоҳ: “Тақводор киши ҳар бир кўрган кишисига “у мендан яхшироқдир” дейишлигидир”.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Каъбул Ахборга: “Менга тақво ҳақида айтиб беринг” дедилар. Шунда у “Тиканли йўлда юрганмисиз ?”, деб сўради. Умар розияллоҳу анҳу “Ҳа” деб жавоб бердилар .”Нима иш қилгансиз ўшанда? ”, деб сўради. “Ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб ўтдим”, дедилар. Шунда Каъб розияллоҳу анҳу “Мана шу тақво бўлади” деб жавоб бердилар.

Шоир айтганидек: 
Гуноҳларнинг катта-ю кичигидан ҳоли қолишлик тақводир.
Тиконли ерда эҳтиёткор бўлиб юрувчи каби бўлгин,
Майда гуноҳларни паст санамагин, 
Албатта тоғлар майда тошлардандир.

Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ: “Тақво бу – кундузи рўза тутиш ёки кечаси билан ибодат қилиш ёки бу иккисини бирлаштириб бажаришлик эмас, балки тақво Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тарк қилишлик ва Аллоҳ фарз қилган нарсаларни бажаришликдир. Булардан кейин Аллоҳ сенга ҳалиги иккисини беришлиги яхшилик устига яхшиликдир”.

Толқ ибн Ҳабиб роҳимаҳуллоҳга: “Бизга тақвони қисқа қилиб айтиб беринг”, дейилди. Шунда у “Тақво – Аллоҳдан ҳаё қилиб, ундан савобни умид қилиб, унинг нури билан унга итоат қилишликдир ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, унинг нури билан у қайтарган ишлардан қайтишликдир”.

Бикр ибн Абдуллоҳ роҳимаҳуллоҳ: “Киши таоми пок бўлмагунича ва ғазабдан тийилмагунича тақводор бўла олмайди”.

Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ: ”Тақводор кишига худди Ҳарамда (Макка) эҳром кийган киши каби масъулият юклатилгандир”.

Шаҳр ибн Ҳавшиб роҳимаҳуллоҳ: “Тақводор киши зиён тарафга тойилиб кетишликдан қўрқиб, безиён нарсаларни ҳам тарк қилувчидир”.

Суфён Саврий ва Фузайл роҳимаҳумаллоҳлар: “Тақво – Ўзига яхши кўрган нарсани бошқаларга яхши кўришликдир”.

Жунайд ибн Муҳаммад: “Ўзига яхши кўрган нарсани биродарига яхши кўришлик тақво эмас, балки ўзига яхши кўрган нарсадан кўра кўпроқ нарсани биродарига яхши кўришлик тақводир. Устозим Сиррус Сақотий роҳимаҳуллоҳда юз берган ҳодисадан ҳабарингиз борми?! Бир куни унинг дўсти унга салом берди, ҳомуш ҳолда ҳушмуомалаликсиз саломига алик олди. Мен бу ҳақида устозимдан сўраганимда устозим: Менга етиб келдики, қайси бир мусулмон биродарига салом берса ва биродари унинг саломига алик олса, у иккисига 100 та раҳмат бўлиб берилади. 90 таси ҳушмуомалалироғига берилади ва 10 таси наригисига берилади. Мен биродаримга 90 та раҳматни раво кўрдим – деб айтиб бердилар”.

Муҳаммад ибн Алий Ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ: “Тақводор киши – Хусуматчиси йўқ кишидир”.

Сиррус Сақотий роҳимаҳуллоҳ “Тақводор киши – Ўзини ёмон кўрувчи кишидир”.

Шиблий роҳимаҳуллоҳ: “Тақводор – Аллоҳдан бошқасидан қочувчи кишидир”.

Шоир айтганидек :
Аллоҳдан бошқа барча нарса ботилдир 
Ва ҳар бир роҳат шубҳасиз зойилдир (ўткинчи)

Муҳаммад ибн Ҳафийф роҳимаҳуллоҳ: “Тақво – Аллоҳдан узоқлаштирадиган ҳар бир нарсадан  ўзини четга олишдир”.

Қосим ибн Қосим роҳимаҳуллоҳ: “Тақво бу – Шариат қоидаларига риоя қилишликдир”.

Саврий роҳимаҳуллоҳ: “Тақво бу – Дунё ва унинг ғам ташвишидан четда юришликдир”.

Абу Язид роҳимаҳуллоҳ: “Тақво – Барча шубҳалардан сақланишлик. Тақводор киши сўзласа, Аллоҳ учун сўзлайди, сукут қилса, Аллоҳ учун сукут қилади ва эсласа, Аллоҳни эслайди”.

Фузайл ибн Иъёз роҳимаҳуллоҳ: “Банда - дўсти унга ишонгани каби душмани унга ишонмагунича тақводор бўла олмайди”.

Саҳл роҳимаҳуллоҳ: “Тақводор киши – Куч-қувватидан воз кечган кишидир. Тақво – бу Аллоҳ сени қайтарган ишида топмаслиги ва буюрган ишида топа олмай қолмаслигидир. Тақво – Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга жонни фидо қилишликдир. Тақво бу – Қалбинг ғафлатдан, нафсинг шаҳватдан, ҳалқуминг лаззатдан ва аъзоларинг ёмон ишлардан тийилишидир. Ана шунда осмонлару ернинг Роббисига етишишга сенда умид пайдо бўлади”.

Абул Қосим роҳимаҳуллоҳ: “Тақво – бу чиройли хулқдир“.

Баъзилар шундай дейишган: “Тақволи кишини учта ҳислати бор: Ҳали эришолмаган нарсасига чиройли таваккул қилиш; эришган нарсасига чиройли рози бўлиш; ўтиб кетган нарсага чиройли сабр қилишликдир”.

Молик роҳимаҳуллоҳ: “Менга Ваҳб ибн Кийсон хабар бердики, Мадина аҳлининг баъзи фуқаҳолари Абдуллоҳ ибн Зубайрга “Албатта тақво аҳлининг аломати – мусибат  келганда сабр қилмоғи, қазо ва қадарга рози бўлмоғи, неъматлар етганда шукр қилмоғи ва Қуръоннинг аҳкомларига амал қилмоғи билан билинади” деб мактуб ёзишибди”.

Маймун ибн Меҳрон роҳимаҳуллоҳ: “Киши ўзини зиқна шерик ва золим султондан кўра кўпроқ ҳисоб-китоб қилмагунича тақводор бўла олмайди”.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلا تَمُوتُنَّ إِلاَّ وَأَنْتُمْ مُسْلِمُون
“Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда (ҳаёт кечириб , мусулмон бўлган ҳолларингизда) дунёдан ўтинглар!”
(Оли имрон сураси, 102-оят)

Абдулқодир Жийлонийнинг "Алғуня литолибий торийқил Ҳақ" китобларидан

Араб тилидан Абдураҳмон ЖЎРАЕВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!