Тенгдошлари орасида тенгсиз бўлган саҳобий

21:00 07.03.2018 961

Ушбу  шарафли номга сазовор бўлган зот  – Умайр ибн Саъд ибн Шуҳайд ибн Қайс ибн Нўмон ибн Амр Ансорий Авсий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яқин кишиларидан бўлган.

Отаси ёшлигида вафот этгач, у ва онаси фақирлик ва қашшоқликда кун кечиришга мажбур бўлганлар. Охир-оқибат унинг онаси Мадинанинг Авс қабиласининг бой кишиларидан ҳисобланган Жулас ибн Сувайдга турмушга чиқишга мажбур бўлди. Умайр ўгай отасига худди ўз отасига меҳр қўйгандай меҳр қўя бошлади. Ораларидаги меҳр шу даражага етдики, Умайр ўзининг етимлигини унутаёзган эди. У улғайиб борган сари ўгай отасига нисбатан меҳр-муҳаббати ортиб борди. Отаси ҳам ўз ўрнида Умайрнинг қилган ишларини кузатиб таажжубга тушар эди. Чунки унда бошқалардан ажратиб турадиган хислатлар  – тўғрисўзлик, ишончлилик ҳар ишларида акс этиб турарди. Саҳобий розияллоҳу анҳу ўн ёшга тўлганда Исломни қабул қилди. Иймон унинг қалб дунёсида қўним топди. У бутун вужудига сингиб кетди. Бу нарсани юзидаги нур намоён этарди. Умайр розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом билан биргаликда намозларни адо этгани ҳеч кечикмас эди. Кўпинча жуда хоҳлагани сабабли биринчи сафга ўтириб оларди. Масжидга келувчилар билан масжидга биринчи бўлиб келишни, биринчи сафга ўтириб олишни ваъдалашиб унинг устидан чиқарди. Онаси унинг масжидга бориб-келишини кўриб жуда хурсанд бўларди. У гоҳида отаси билан, гоҳо ўзи жамоатга борарди. Уни отаси билан кўрган онасининг хурсандчилиги янада ортар эди.

Осим ибн Умар ибн Қатодадан ривоят қилинади: “Умайр ибн Саъднинг ўғли – Абдураҳмонга, Ибн Умар: “Мусулмонларнинг ичида отангиздан-да фазилатлироқ саҳобий йўқ”, деган эди (Ибн Ҳажар “Ал-Исоба” китобида келтирган).

Муфаззал ибн Ғалобий розияллоҳу анҳу: “Ансорларнинг зоҳидлари учта бўлиб, улар: Абу Дардо, Шаддод ибн  Авс ва Умайр ибн Саъддирлар”, дедилар. Саҳобий розияллоҳу анҳу доимо Умар розияллоҳу анҳуни ўзидаги бошқаларда йўқ фазилатлари билан ҳайратга солганлари сабабли уни “тенгдошлари орасида тенгсиз”, деб номлаган  экан.

Умайр розияллоҳу анҳунинг ёшлигидан зоҳир бўла бошлаган ихлос, сабот ва содиқлик каби хислатлар уни бошқалардан ажратиб турарди. Умар розияллоҳу анҳу мусулмонларга бош бўлиб турган вақтда Ҳимс аҳли тепаларида турган раҳбарлар билан чиқишолмас, ҳеч бирига дўстона муносабатда бўлишмасди (Ҳимс – Дамашқ ва Ҳалабнинг ўртасида жойлашган Сурия шаҳарларидан бири). Ҳар бир навбатдаги волийнинг айбини топиб, ёнига анча гуноҳларни тиркаб, мусулмонлар бош бўлиб турган одамга арз-дод этишар ва уни мансабидан бўшатиб, ўрнига бошқасини тайинлашни талаб қилишар эди.

Волийларнинг пайдар-пай алмашинувига чек қўйиш мақсадида Умар розияллоҳу анҳу Ҳимсга, у ер аҳолиси сира айбини топа олмайдиган бекаму кўст кишини юбормоқчи бўлди. Қўл остидаги яқин ёрдамчиларининг ҳар бирини бу вазифада тасаввур қилиб кўриб, узоқ ўйлаганидан сўнг барча номзодлар орасидан Умайр ибн Саъд розияллоҳу анҳуни ихтиёр этди. Шундан сўнг Умар розияллоҳу анҳу Ҳимс аҳли вакилларига: “Мен сизларга ўзини халқнинг бир қисми деб ҳисоблайдиган, сизларнинг орангизда молни амирлик масъулиятини ҳис этган ҳолда тақсимлайдиган, кийим-кечагингиз ва озиқ-овқатингиздан айирмайдиган, одамлар орасида намозни ёйиб, жамоатни жорий этадиган, инсоф ва адолат билан муомала қиладиган, ҳожатманд инсонлар учун эшиги доимо очиқ инсонни ҳоким қилиб тайинлайман”, дедилар ва уларга Умайр розияллоҳу анҳуни ҳоким этиб тайинладилар. Саҳобий розияллоҳу анҳу Ҳимсга етиб келгач, жамоат намозидан сўнг одамларга хутба қилди. Ҳамду сано ва Пайғамбар алайҳиссаломга саловатдан сўнг айтдики: “Эй инсонлар! Ислом – метин эшикли мустаҳкам қалъа. Исломнинг қуввати адолат ва ҳақиқат биландир. Агар бу истеҳкомнинг эшиги синдирилиб, деворлари қулатилса, дин шиорлари оёқости қилинган бўлади. Исломнинг шон-шавкати султоннинг қаттиққўллигига боғлиқ. Султоннинг қаттиққўллиги эса қамчисидан қон томиши билан эмас, балки ҳақ йўл узра адолат-ла юриш биландир”, дедилар.  

Орадан бир йил ўтди. Бу вақт ичида Умайр ибн Саъд розияллоҳу анҳу амирул мўмининга на бир мактуб ёзди, ва на мусулмонларнинг байтул молига тўпланган хирождан насиба жўнатди. Умар розияллоҳу анҳунинг қалбида турли гумонлар ўрмалай бошлади. Чунки у волийларнинг қаршисида дунё фитнасига алданиб қолишдан қаттиқ чўчирди. Умар розияллоҳу анҳу котибига буюрди:

– Умайрга нома йўлла: Ҳимснинг волийлигини ўринбосарига топшириб, зудлик билан ҳузуримга келсин. Ўзи билан тўпланган хирожни ҳам келтирсин. 

Умайр ибн Саъд мактубни ўқиши билан озгина таом, биргина лаган-у битта обдастадан иборат бор-йўқ кўч-кўронини тугунга тугиб, яёв Мадина томон йўлга отланди. У зот розияллоҳу анҳу манзилга етиб келганида ранг-рўйи қорайиб, сочлари ўсиб, кўзлари  чарчоқ аломатидан гувоҳлик бериб турарди. Саҳобий розияллоҳу анҳуни бу ҳолатда кўрган Умар розияллоҳу анҳу даҳшат ичра сўради:

– Сенга нима бўлди, эй Умайр?

– Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Худога шукр, тўрт мучам соғ-саломат, кунимни кўриб юрибман, – деди Умайр розияллоҳу анҳу.

– Ўзинг билан нима олиб келдинг?

– Келтирган нарсаларимнинг ҳаммаси манави тугунимда: овқатланганимни, кийим-кечагимни ювганимда ва таҳорат қилганимда ишлатадиган идишларимни олиб келдим. Бор будим мана шу.

Таажжубланган Умар розияллоҳу анҳу собиқ Ҳимс амиридан: “Нима сен Ҳимсдан Мадинагача яёв келдингми”, деб сўради.

– Ҳа, худди шундай.

– Байтул мол учун келтирган нарсаларинг қани?

– Мен байтул молга ҳеч нарса олиб келмадим.

– Нега?

– Энди волий бўлиб тайинланган кунларимда  Ҳимснинг оқсоқолларини тўплаб, уларга хирож йиғиш ишларини топширдим. Жамланган молларни доимо охирги мисқолигача бамаслаҳат муҳтож мусулмонларга, керак ўринларга сарфлаб турдим.

 Умар розияллоҳу анҳу котибига буюрди: Ҳозироқ Умайрни Ҳимсга қайта волий этиб тайинлаш ҳақида фармон ёз. Умайр розияллоҳу анҳу бу сафар оёғини тираб туриб олди. “Яхшиси менга Мадинанинг четидаги қишлоқларнинг бирида яшашимга ижозат беринг”, деди. Умар розияллоҳу анҳу у зотнинг истагига ноилож кўнди.

Бу учрашувдан бироз вақт ўтиб Аллоҳ тааолонинг изни-иродаси билан Умайр ибн Саъд розияллоҳу анҳу омонатини Роббисига топширди.

Умар розияллоҳу анҳу бу хабарни эшитиб қаттиқ эзилиб кетди. Чуқур қайғу ичра: “Қанийди, мусулмонларнинг ишини қилишда суянишим учун Умайр ибн Саъддай ишонган тоғларим бўлса”, деди.

Ҳасанбой ЭРГАШЕВ тайёрлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!