Тиб аҳкомлари. Шариатимиз рухсат берган жарроҳлик амалиёти

18:40 09.01.2018 575

Савол: Шариатимиз рухсат берган жарроҳлик амалиётига тўхталиб ўтсангиз.

Жавоб: Қуйидаги амалиётлар шариат тарафидан изн берилган амалиётлар сирасига киради:

1. Даволаш мақсадидаги амалиётлар. Бунга беморни ўлимдан сақлаб қолиш учун зудлик билан ўтказиладиган амалиётлар, бемор ҳаётининг нормаллашувига сабаб бўладиган амалиётлар, ўтказилмаса келажакда турли асоратлар келтириб чиқарувчи касалликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказиладиган амалиётлар киради. Бунга баданга кирган ўқни олиб ташлаш, ошқозон ёрилиб кетиши, юрак нуқсонларини бартараф этиш, кўричак, бурунда пайдо бўлган гўштни олиб ташлаш каби амалиётлар мисол бўла олади. Бу ҳолатларнинг ҳавфлилик даражасига  қараб  шифокор беморга зудлик билан ёрдам бериши шарт, уни ёрдамсиз қолдириш қатъиян ҳаромдир. Бемор ҳолатининг ҳавфлилик даражасига кўра, баъзи рухсат берилмаган ишларга (наркозлаш, авратни очиш) рухсат берилади. Бу ишлар шариатдаги “қийинчилик бор ерда енгиллик ҳам бор” қоидасига биноан қилинади. (Қоваидул-фиқҳ. Зарқо, 8-бет).

2. Аниқ ташхис қўйиш мақсадидаги амалиётлар. Агар касалликка ташхисни жарроҳлик амалиётисиз қўйиб бўлмаса, унда бундай амалиётга рухсат берилади. Масалан қорин бўшлиғи аъзолари касалликлари амалиётида.

3. Туғиш жараёнидаги жарроҳлик амалиёти.

I. Онанинг ҳаёти, ҳомиланинг ҳаёти ёки ҳар иккисининг ҳам ҳаёти ҳавф остида қолганда. Бунга боланинг бачадондан ташқарида ривожланиши, ҳомила тўлиқ шаклланиб бўлгач онанинг вафот этиш ҳавфи, ҳомиланинг шаклланиши онанинг саломатлигига, ҳаётига ҳавф солиш ҳолатларини мисол қилиш мумкин.

II. Ўлим ҳавфига етиб бормайдиган, лекин қаттиқ қийинчиликлар келтириб чиқарувчи ҳолатлар. Бунга тос суягининг торлиги, туғиш жараёнида иштирок этувчи мускуллардаги нуқсонлар туфайли ўтказиладиган амалиётлар киради.

III. Ҳар икки ҳолатда ҳам шифокор ўз илми ва тажрибасидан келиб чиқиб ҳаракат қилиши, бемор ва унинг яқинларининг ноўрин илтимос, босимларига ён бермаслиги талаб этилади. Акс ҳолда жавобгарлик унинг бўйнидадир.

4. Динимиз кўрсатмаси бўлган жарроҳлик амалиёти. Бунга шариатимизда тарғиб этилган фарзандларни хатна қилиш амалиёти киради.

5. Анатомик мақсадлардаги жарроҳлик амалиёти. Бунга инсон аъзоларини мукаммал ўрганиш ва ўргатиш мақсадида ўликларни ёриш амалиёти киради. Бундай амалиётсиз етук мутахасислар етиштириш имконсизлигини ҳисобга олиб, уламолар бир шарт билан, яъни амалиёт мусулмон бўлмаган шахслардагина ўтказиш шарти билан рухсат берганлар. (Ал-азхар университети фатво бўлими, 1971 й., Макка Ислом фиқҳи академияси, 1987 й., Аҳком ал-жироҳат-тиббийя, Муҳаммад ибн Муҳаммад ал Мухтор аш-Шинқитий, 338-бет). Чунки мусулмон бўлмаганларнинг ўлимдан сўнг шундоқ ҳам азобланиши оят ва ҳадисларда такрор-такрор айтилган. Лекин бундай амалиётлар ҳам зарурат чегарасидан чиқмаган ҳолда ўтказилиши лозим.

Энди, судтибэкспертиза учун ўтказиладиган ёки эпидемия ҳавфини аниқлаш учун ўтказиладиган ёриш амалиётларига келсак, ҳар иккиси ҳам жоиз.

6. Зарурат учун қилинадиганган пластик жарроҳлик амалиёти. Бундай амалиётнинг “зарурат учун” деб қайд этиб қўйилгани бежиз эмас, чунки бундай амалиётнинг ҳеч қандай заруратсиз, ҳавойи-нафс хоҳиши билан ўтказиладиган тури ҳам бор. Зарурат учун қилинадиган пластик жарроҳлик амалиёти инсон жисмидаги нуқсонларни, мажруҳликни бартараф этиш учун ўтказилади. Чунки бундай нуқсонлар кишига ҳам жисмоний, ҳам маънавий  зарар келтириб, бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқаради. Амалиётнинг бу турига куйиш натижасида, туғма нуқсонлар сабабли ўтказиладиган (бармоқларнинг қўшилиб кетиши, очиқ бўлиши лозим бўлган тешикларнинг берклиги ҳолатлари) амалиётларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Абу Абдулазиз

Фойданилган асосий манбалар рўйхати:

1) Қуръони Карим.

2) Алауддин Абу Бакр ибн Масъуд ал-Косоний. “Бадаиус-сонаиъ”. “Дорул-фикр”. Дамашқ, 1989 й.

3) “Ал-фатавал ҳиндийя”. Байрут, 1996 й.

4) Жалолиддин Абдурроҳман ас-Суютий. “Ал-ашбаҳ ван-назоир”. Байрут, 1989 й.

5) Зайнул Обидийн Иброҳим инб Нужайм. “Ал-ашбаҳ ван-назоир” Байрут, 1992 й.

6) Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. “Саҳиҳул Бухорий”. “Дор иҳёил кутуб ал-арабийя”. Қоҳира.

7) Мухаммад ибн Мухаммад ал-Мухтор аш-Шинқитий. “Аҳкамул жироҳа ат-тиббийя”. Жидда, 1994 й.

8) Мухаммад ибн Обидийн. “Ҳошияту ибн Обидийн”.

9) Муҳаммад ибн Язид ибн Можаҳ. “Сунан ибни Можаҳ”. Қоҳира, 1999 й.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!