“Толибон” ҳаракати Тошкентда ўтадиган Афғонистон бўйича тинчлик музокараларига қизиқиш билдирди

08:30 14.03.2018 807

2018 йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференцияда бўлиб ўтади.

Мазкур тинчлик музокараларига “Толибон” ҳаракати қизиқиш билдирган. Бу ҳақда "Халқ сўзи" “Рейтерс” ахборот агентлиги АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттис баёнотига таяниб хабар берди.

“Биз “Толибон” томонидан қизиқиш борлиги ҳақида билдик... Бизда келишни бошлаган ёки музокараларга қизиқиш билдирган айрим унча катта бўлмаган гуруҳлар ҳақида маълумот мавжуд”, — деди Мэттис Афғонистонга амалга оширган, лекин эълон қилинмаган ташрифи чоғида.

“NBC” телеканали хабарига кўра, Мудофаа вазирининг ушбу давлатга келиши хавфсизлик нуқтаи назаридан эълон қилинмаган.

Маълумот учун қайд этиш лозимки, пойтахтимиз мезбонлик қиладиган мазкур халқаро анжуманда Ўзбекистон ва Афғонистон президентлари, АҚШ Давлат котиби ўринбосари Жон Сулливан, Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсий масалалари раҳбари Федерика Могерини, Афғонистон бўйича БМТнинг махсус вакили Тадамичи Ямамото, Россия, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари иштирок этиши кутилмоқда.

Манба: "Халқ сўзи"

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!