Тўқима ҳадисларни айтишдан, тарқатишдан эҳтиёт бўлайлик!

23:50 11.01.2018 555

Бугун менга Рамазон ойи қачон киришини одамларга билдириш “фазилати” ҳақидаги – гап (ҳадис дейишгаям тил бормайди) етиб келди. Шу ҳақда бир-иккита савол ҳам берилди.

Агар ҳадис дейилаётган бўлса, уни ким, қайси китобда ривоят қилган? Санади қандай? Ўйлайманки, бу саволга ижобий жавоб топиш қийин.

Дуч келган гапни ҳадис деб тарқатиш мўмин-мусулмон одамга тўғри келмайди. Охиратдан умиди бор инсон Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган гапни у зотга нисбат беришдан қўрқади, эртага бунинг оқибати ёмон бўлишини ўйлайди.

Ўша “ҳадис”да ким шу ишни қилса, жаҳаннам унга ҳаром бўлиши айтилибди. Аслида ўша гапни тарқатиш билан ўзига жаҳаннамдан жой тайёрлаб олаётганини кўпчилик билмайди. Шундай экан, билмаганлар билиб олсин, билганлар бошқаларга ҳам етказиб, огоҳлантириб қўйсин. Бу ишни қилиб юрганлар тавба қилишсин, оддий-асоссиз гапларни ҳадис деб тақатишни тўхтатишсин. Шунда яхши бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, у ҳолда ўзи учун дўзахдан жой тайёрлаб олаверсин!” (Бухорий, Муслим, Термизий ривоят қилган. Ривоят лафзи Муслимга тегишли).

Саламадан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимда-ким мен айтмаган нарсани менинг номимдан гапирса, ўзи учун жаҳаннамдан жой тайёрлайверсин!” деб айтганларини эшитганман” (Бухорий, Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилган).

Рибъий ибн Ҳирошдан ривоят қилинишича, у Али хутба қилаётиб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар менга ёлғон тўқиманглар. Зеро, ким менга ёлғон тўқиса, албатта, жаҳаннамга киради”, деб айтганлар”, деганини эшитган (Муслим ва Аҳмад ривоят қилган).

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким менинг номимдан ёлғон деб билинган бирон ҳадис айтса, у ҳолда уям ёлғончилардан биридир!” (Муслим ривоят қилган).

Зиёвуддин РАҲИМ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!