Тошкентда очилган аёллар намозхонаси ёпилди

11:00 06.03.2018 11414

Пойтахтимизнинг Чорсу даҳасида жойлашган “Хожа Аҳрор Валий” жомеъ масжидида аёллар учун намозхона очилгани ҳақида аввал хабар бергандик.

Шунингдек, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ҳам ажратилган бўлиб, муслималарга намозларни ўз вақтида адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилгани, келгусида шу каби одамлар гавжум бўладиган барча жойларда, шунингдек, барча масжидларда аёллар учун намозхоналар ташкиллаштириш режалаштирилгани алоҳида таъкидланганди.

Минг афсуслар бўлсинким, мазкур намозхонанинг фаолияти узоққа чўзилмади. Бугун эрталаб у ердаги шароитларни кўриш мақсадида борган мухбиримиз намозхона ёпилганини билдирди. Масжид ходими намозхона фақатгина чет эллик сайёҳлар учун хизмат қилишини, жуда бўлмаса Тошкентга юртимизнинг бошқа гўшаларидан келган мусофир аёлларгина кириши мумкинлигини билдирибди.

Масъулларнинг айтишича, аёлларга очилаётган масжидлар юртдошларимиз учун эмас, чет эллик меҳмонлар учун эмиш. Жуда ғалати-а, намозхона очилган ва у ерга маҳаллий аҳоли кириши мумкин эмас. Фақат хориждан келган сайёҳлар киришига рухсат берилади. Қолаверса, ҳанафий мазҳабимизда аёлларнинг масжидга чиқиши макруҳлигини эслатиб туришади. Бизда бир таклиф бор: чет эллик меҳмонлардан қайси мазҳабда эканини албатта сўраш зарур. Агар ҳанафиймиз деса, уларни ҳам киритмаслик зарур. Макруҳ ишга сабабчи бўлиб қолмайлик, нима дедингиз?

Нима ҳам дердик, бозору-мозорда юришига, ресторану сайилгоҳларни тўлдиришига имкон берганимиз аёлларимизни Аллоҳнинг Уйига келишини маън этаверайликчи, миллат тарбиячиларининг аҳволи қайси томонга кетаркин?! Ўз замонида чиқарилган, уйда ўтирган аёллар кўчага чиқишига баҳона бўлиб қолмасин, деган мақсадни кўзлаб берилган фатвони қабул қилиб, жуда ҳам кўп балолар ва номашруъ ишларга сабаб бўлаётган бошқа кўпгина номақбул ишлардан кўз юмишдан ғараз нима экан?!

Афтидан шаҳарнинг қоқ марказида аёлларнинг ибодат қилишлари учун шароит қилингани айрим раҳбарларга ёқмаган шекилли. "Бу намозхон-муллаларга эркинлик бериб бўлмайди, акс ҳолда уларнинг хоҳиш-истаклари кенгайиб бораверади. Одамнинг кўнгли тоза бўлса етарли" деб ҳисоблайдиган кимсаларнинг охирги пайтларда анча жонланиб қолганини сезиб турибмиз. Намозхона ёпилишида ҳам улар ташаббус кўрсатган бўлса не ажаб.

Аммо ўша кимсаларга айтар гапимиз бор. Президентимиз кўпинча Қуръон ва ҳадисларга бўлган ўзининг юксак ҳурматини кўрсатмоқда. Қуръон ўқиган, уни илмий англаган одамдан ёмонлик чиқмайди деяпти. Ана энди муҳим эслатма: ўша сизнинг ғашингизга тегадиган бизнинг "хоҳиш-истакларимиз" ҳар бир банданинг Қуръон ва ҳадисда белгиланган вазифаси, бурчидир! Ҳа, бу ҳатто сизга ҳам тегишли, гарчи буни англаб ета олмасангиз ҳам...

"Хожа Аҳрор Валий"даги аёллар намозхонасининг ёпилишида "ташаббускор" бўлганларга айтар гапимиз шуки, юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришларга қарши ҳаракат қилманг. Президент сиёсатини қўллаб-қувватланг. Ана шунда тўғри иш қилган бўласиз.

Azon.uz таҳририяти

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!