Уламолар ҳақида эҳтиёт бўлиб гапиринг!!!

10:00 31.01.2018 698

Баъзи кишилар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари бўлмиш уламоларни худди оддий инсонлар ҳақида гаплашгандек ўз суҳбатлари учун муҳокама мавзуси қилиб олишади. Улар уламолар ҳақидаги ўзларининг танқидий гапларига худди катта муаммони ҳал қилаётгандек назар солишади. Бундай мавзуларда гаплашганда мусулмон киши ўта эҳтиёткор бўлмоғи лозим.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Сизлар уламоларнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинг! Агар улар сизнинг зарарингизга гувоҳлик беришса, сизларни дўзахга ағдариб юборишади. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло уларнинг қалблари ва кўзларига ҳақни кўрсатиб қўяди”, деганлар. 

Аллоҳ таоло Ўз валийларининг қалбларига шундай фаросатни берар эканки, улар диққатлик билан назар солсалар, кимнинг қандай инсон эканини англаб олишлари мумкин экан. Ва яна улар ўзларининг тажрибалари ҳамда одамларнинг хулқ-атворларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг ким эканини билиб олишлари ҳам мумкин экан. Шунинг учун уларнинг гувоҳлиги аҳамиятли ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўзи ҳақида илм эгалари ва тақводор мўминлар қандай гумонда эканига эътибор қаратиши лозим! Қилаётган ишларимизни бутун дунё фосиқлари маъқуллаб, олқишлаб, қўллаб-қувватлаб турсалар-да, лекин биргина диёнатли олим унга салбий баҳо берса, олимнинг сўзи эътиборли ҳисобланади. Олимнинг сўзи шунчалик эътиборлики, ҳатто масжид имомининг имоматига бутун қавм қарши бўлиб турганида, қавмдан биргина диёнатли олим унинг имоматини қўллайдиган бўлса, кўпчиликни ташкил қилган қавмнинг гапи эмас, балки, биргина олимнинг гапи эътиборга олинади. 

Шундай экан, олимлар биз ҳақимизда ёмон фикрга бориб қолишидан эҳтиёт бўлайлик! Уларни муҳокама қилишдан ва танқид остига олишдан сақланишимиз лозим. Улар ҳақида айтадиган танқидларимиз икки ишдан бири; ғийбат ёки туҳмат бўлади. Иккиси ҳам ўзимизнинг зараримизгадир.

Гоҳида интернет саҳифаларида уламоларга тош отиб, уларни танқид қилаётган айрим илмсиз кимсаларнинг ёзган танқидларига кўзим тушиб, уларга ачинаман. Чунки уларнинг келтираётган далиллари, қўллаётган иборалари ҳамда бераётган саволлари уларнинг қай савияда эканидан дарак бериб туради. Уламолар ҳақида танқидий гапиришдан эҳтиёт бўлиш лозим.

Тўғри, олимлар ҳам адашиши мумкин. Аллоҳ ва Унинг Расулидан бошқалар маъсум бўлмаганлари сабабли уларнинг айрим сўзлари ва фатволарининг рад қилиниши эҳтимолдан холи эмасдир. Лекин уларга раддия беришга кимлар ҳақли?! Улар томонидан содир этилган баъзи хато-камчиликларни худди ўзлари каби забардаст олимлар илм омонатдорлиги жиҳатидан етарли далил-исботларини келтириб, одоб ва ҳурмат-эҳтиром билан тўғрилаб туришади. Ҳаким зотлардан бири айтган экан: “Агар хатога йўл қўйган ёки янглишган ҳар бир кишидан батамом воз кечиб юборилаверса, уларнинг қилган яхши ишлари ҳисобга олинмаса, илм-фан, саноат ва адолат йўқолиб кетади, шунингдек, уларга олиб борадиган воситалар ҳам ишдан чиқади”.

Шунинг учун катта олимлар сукут қилиб турган масалаларда илмсиз кишилар турли танқидий фикрларни айтавермасликлари лозим бўлади. Аслида бундай кишилар мунозара майдонига тушмасликлари лозим. Чунки илмсизлик билан қилинган мунозаралар сабабли улар шайтоннинг ўйинчоғига айланиб қолишади. Уларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Шунинг учун Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: Агар жоҳил одам сукут қилганида эди, одамлар ўзаро келишмовчиликка боришмаган бўларди, деганлар.

Агар илми йўқ кимсалар уламоларга тош отишдан ва уларни танқид қилишдан тўхтамасалар, дунёда қилган яхши амалларини Қиёмат куни ўзлари хуш кўрмаган кишиларнинг номаи-аъмол китобларида кўрганларида қай аҳволга тушишларини ўйлаб қўйсинлар!

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!