Усмонхон Алимов: “Президентимиз томонидан динимизга жуда катта эътибор қаратилмоқда”

23:00 13.02.2018 612

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишиш ҳамда халқ билан мулоқот қилиш жараёнида Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Ҳудудни янада ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Шунингдек, Чилонзор туманида барпо этилаётган масжидда ҳам бўлиб, ўзининг бир қатор таклиф ва тавсияларини билдирди. “Ишонч” газетаси мухбири Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбатда бўлди.

“Бисмиллаҳир раҳмонир роҳим. Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Ассалоту вассаламу ала расулиллоҳ. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бизнинг диёримизда жуда ҳам катта ислоҳотлар, янгиланишлар юз бермоқда. Бугунги тараққиётимизга бутун дунё ҳавас билан қараб турибди. Шу ўринда барча соҳалар каби муқаддас динимизга ҳам муҳтарам Президентимиз томонидан жуда катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Дин деганда нимани тушунамиз? Бу бамисли бизни тарбиялаб вояга етказган ота-боболаримиз юриб келган йўлдир. Улуғ боболаримизга ҳурмат, иззат, эътибор кўрсатишлик эса, шак-шубҳасиз улуғ иш. Дейлик, дунёда эътироф этиладиган олти муҳаддис сафида имом Бухорий ва имом Термизийлар борлиги бизда чексиз фахр ҳиссини уйғотади. Устозларга бўлган ҳурмат-эҳтиром имом Термизийнинг ҳаётида бошқаларга ўрнак бўларлик даражада бўлган. Манбаларда айтилишича, устози вафотидан кейин кўп азиятлар чекиб кўзлари кўрмас бўлиб қолган экан. Ёки шогирдига нисбатан устоз­нинг меҳрибончилигини олайлик. Имом Бухорий ҳазратлари Имом Термизийга айтган эканларки, Сиз мендан олган манфаатдан кўра, мен Сиздан кўпроқ манфаат олдим. Буям катта бир эътироф бўлиб, шогирдни кўтаришдир. Ана шундай анъаналаримиз бор.

Бундан ташқари, ўтган алломаларимиздан бири Қарши туманида таваллуд топган Абул-Муъийн Насафий ҳазратларидир. Бу зот катта хизматлар қилганлар. Бундан минг йил аввал Мовароуннаҳрда бошқа оқимлар томонидан имоми Аъзам (ҳанафийлик) мазҳабини, Мотуридия ақидасини сиқиб чиқариб, ўзга бир ақидани киритишга ҳаракат бўлган. Ана шунда Абул-Муъийн Насафий “Табсирот ал-адилла” деган китобини ёзиб, уларга кескин раддия берган ва Мотуридия ақидаси ҳамда имоми Аъзам мазҳабини сақлаб қолишга катта ҳисса қўшган.

“Табсирот ал-адилла” дегани “далиллар тилга кирганда” деган маънони беради. Унда ҳаммасига далиллар билан жавоб берилган. Абул-Муъийн Насафий бобомизни хорижий мамлакатларда алломалар, ақида олимлари, калом илми мутахассислари Соҳиби Табсира деб атайдилар, бу жуда катта эътирофдир. Араб мамлакатлари ва бошқа диёрларда Абул-Муъийн Насафий тўғрисида кўп таърифларни айтишади. Улар улуғ бобомизнинг китобларини дарс­лик сифатида ўқишади ва улар биздаям ўқитилади”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!