Усмонхон Алимов: “Сузук отани Амир Темур ҳам юксак қадрлаб, у киши қабрининг қибла томонида битта масжид қурдирган”

20:40 13.02.2018 540

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишиш ҳамда халқ билан мулоқот қилиш жараёнида Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Ҳудудни янада ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Шунингдек, Чилонзор туманида барпо этилаётган масжидда ҳам бўлиб, ўзининг бир қатор таклиф ва тавсияларини билдирди. “Ишонч” газетаси мухбири Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбатда бўлди.

“Қадим тарихимизда яшаб ўтган улуғларимиздан яна бири Тошкентда яшаб, одамларни меҳнат қилишга даъват этган, ҳунарни тарғиб қилган, уларга ўз ҳунарларини ўргатган, ҳазрат Аҳмад Яссавий бобомизнинг набиралари Сузук отадир. Сузук отанинг асли исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топиб, 1217 йилда вафот этганлар. Бу зот Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Сузук ота дейилганига сабаб, Аҳмад Яссавий бобомиз у кишини болаликларида шу сўз билан суйиб чақирарканлар. Шундан Сузук ота бўлиб кетган. Бу киши Яссавия тариқатини кенг тарқатган, ҳозирги қабрлари қўним топган жойда одамларга Ислом динининг асл мақсади, мазмун-моҳияти, қўлда ҳунари бўлган одам қандай одам бўлишлиги, ҳунари бордан ҳеч бир ёмонлик чиқмаслигини халқнинг онгига сингдирган. Ҳунарли киши пешона тери билан рўзғорини боқса, ундан буюк ва ундан фазилатли одамнинг ўзи бўлмайди. Бу Аллоҳга ҳам, одамларга ҳам хуш келади. Оиласи тинч бўлади. Бир жойдан, бировдан бир нарсани таъма қилмайди. Чунки бировдан нарса сўраб таъма қилишлик бизнинг муқаддас динимизда ҳаром ва қайтарилган ишлардандир. Шу боис ҳам у кишига эргашганлар жуда ҳам кўп бўлган.

Сузук отани бобомиз Амир Темур ҳазратлари ҳам юксак қадрлаганлар, Сузук ота қабрининг қибла томонида битта масжид қурдирганлар. Муҳтарам Президентимиз шу жойни келиб кўрганларида Тошкент шаҳрида халқимизнинг ҳам зиёрат, ҳам ибодат қиладиган бир манзилини қилайлик, дея эзгу ташаббус кўрсатдилар. Мисол учун, Тошкент вилоятида Зангиота зиё­ратгоҳини олайлик. У жойга зиёратга борганлар ҳам зиёрат, ҳам ибодат қилади, ҳам руҳан тетик, ҳам маънавияти бой бўлади.

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Тошкент шаҳрининг ободончилиги, қурилишларини бир кўздан кечириш, танишиш учун шаҳарга чиққанларида «Сузук ота»га ҳам бориб зиёратчилар учун қулайликларни янада ошириш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Сузук ота ҳазратларининг ўзлари ҳунарманд бўлганликлари учун бу жойда ҳунармандлар растаси бўлади. Икки қаватли иморатлар қурилади. Тепасида ҳунармандлар яшайди, пастида уларнинг дўконлари бўлади. Бу расталарда халқимиз ва хорижлик сайёҳлар айланиб юриб ҳам зиёрат қилади, ҳам роҳат қилади, ҳам маънавият олади, ҳам маърифатли бўлади, ёшларимиз ҳам одоб-ахлоқли бўлади, ўзларига керак нарсаларни харид қилади. Бу билан ҳунармандлар ҳам ўз кунини кўради, фаолиятлари бардавом бўлаверади. Бу жойдаги Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари қурдирган масжид ёни айвонлар билан кенгайтирилаяпти. Меъморларимиз, қурувчиларимиз ниҳоятда ихлос, эътибор билан ўзларининг бор тажриба ва билимларини ишга солишаяпти. Масжид атрофида ўқитиш хоналари, маънавият, қироат ва таҳоратхоналар бўлади. “Сузук ота” мажмуаси битгач, турли жойлардан меҳмонлар келиши шубҳасиз. Уларга барча шароитлар муҳайё этилмоқда”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!