Ўзбекистон, авайлагин болаларингни...

20:40 04.01.2018 219

Ўзбекистон 
авайлагин болаларингни,
бошин сила қошу қораларингни.
Бугун омон қолса,
эртага улар
боғлаб қўяр етмиш йиллик яраларингни.
Ана,
йиғлаб шу дунёга келди бир гўдак –
Бу дунёда яшашга жасорат керак.
Энди ўчмаса бас журъати, ўти,
Аёзларда совумасин қони, маслаги –
Ўзбекистон,
Болаларингни асрагин.
Ҳали улар –
юксакларни кўзлаган қушлар –
ғўза тутган бармоқларин қотирса шамол,
яралари битган қўлга қаламлар ушлаб
биздан яхши шеърлар ёзиб берарлар ҳалол...
Тулпор миниб туёғидан ўт чақнатган боболарини
унутмайди гул болалар, сафсар болалар,
унутмайди
элим деган ботирларнинг урҳоларини,
қовурғаси ичра қасос асраб ўсар болалар,
қайсар,
қаҳри қаттиқ,
ўжар болалар...
Ҳозирча пайкалга элтгувчи йўлдан,
ҳув, этагин судраб ўтар болалар.

Абдулкарим БАҲРИДДИН

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!