Ўзбекистонда халқаро Ислом академияси ташкил этилди

09:30 17.04.2018 501

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ Тошкент Ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.

Ўзбекистон халқаро Ислом академияси:

Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга ва илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади;

республикадаги барча Ислом таълим муассасалари фаолиятини ўқув-меъёрий ва ўқув-услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мувофиқлаштиришни амалга оширади.

Ўзбекистон халқаро Ислом академияси битирувчиларига умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида соҳага тегишли фанлар бўйича педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ислом академияси Президентнинг 2017 йил 15 декабрдаги ПҚ-3433-сон қарорига асосан ташкил этилиб, жорий йилнинг 15 январь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган эди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!