Ўзига қарши далилларни йиғиб олган киши Аллоҳ ҳузурига йўл олди...

22:38 14.03.2018 11387

Бугун Стивен Ҳокинг ўлди. Орқасида Аллоҳдан беҳожатликни даъво қилувчи даъво қолдириб кетди. Унинг фикрича, тортишиш қонуни борлиқни Холиқдан беҳожат қилади. Чунки тортишиш қонуни коинотни йўқдан бор қилишга қодир (бу ҳақда The Grand Design китобида айтган).

Ақлли, доно, физика соҳасида даҳо бўлган киши вафот этди… Тафаккур қилган кишини Парвардигорнинг танҳолигига ишонч ҳосил қилдирадиган, яратишнинг ажойиботларини тан олмаган киши вафот этди.

Ногиронлар аравачасида турган жасаддаги мияси бутун дунёни лол қолдирган киши вафот этди. Аллоҳ таолонинг неъматларидан бебаҳра қолган киши вафот этди. “Аллоҳнинг неъматини куфрга алмаштирган ва қавмларини ҳалокат диёрига туширганларни кўрмадингми? (Ўйлаб кўргин, бу нарса таажжубланарли эмасми? Аллоҳ бир қавмга ўзларидан Пайғамбар юбориб, уларни иймонга, Исломга даъват қилса, охирги илоҳий китоби Қуръонни индириб, ҳеч кимга бермаган улуғ неъматини ато этса-ю, гумроҳ қавм бу неъмат ўрнига куфрни ихтиёр қилса! Иймонни куфрга алмаштириб олса! Ўзларига қўшиб қавмларини ҳам ҳалокат диёрига туширсалар!) (“Иброҳим” сураси, 28).

Ҳокинг башариятга ўз ихтироларини тақдим қилди ва бунинг мукофотини шу дунёнинг ўзида олди. Бойлик ва шуҳрат. Кейинчи!? Қиёмат куни унвонларсиз, шон-шуҳратсиз, қарсакларсиз қайта тирилтирилади. Мол-дунёсиз тирилтирилади. Унда ўзи эътиқод қилган нарса ақида ва Аллоҳдан бошқа учун қилган ишларидан бошқа нарса унга ҳамроҳ бўлмайди. “Уларнинг нафақаларининг қабул этилишидан ман қилган нарса фақат Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирганлари, намозга доимо дангаса ҳолларида келганлари ва доимо ёқтирмай инфоқ қилганларидир” (“Тавба” сураси, 54).

У золимларга: “Молу мулким мени сақлаб қола олмади. Менинг султоним ҳам ҳалок бўлди, дейдир (мулку султоним, мансабу обрўйим, насабу хасабим ҳамма ҳаммаси ҳалок бўлди) (“Ал Ҳааққо” сураси, 28-29) дейиладиган кунда қайта тирилтирилади.

Ўша киши ўлди. Дунёни тарк этди. Ундан кейин инсонлар ҳам унинг ортидан борадилар. Ҳеч ким қолиб кетмайди…Охират диёри ҳақиқий диёрдир, ҳаёти ҳақиқий ҳаётдир…

Энг буюк ҳақиқатдан, тавҳид ҳақиқатидан ғофил бўлган бўлса, Аллоҳ таолониниг ҳузурига қилган ишларию ихтиролари билан бормайди. Агар бу дунёда назари темирдан ҳам қаттиқ бўлса, ҳам тавҳиддан кўр бўлиб ўтган бўлса, охиратда кўр қилиб тирилтирилади. “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз”, деди. У: “Эй Роббим, нима учун мени кўр ҳолда тирилтирдинг. Ахир, кўрувчи эдим-ку!” деди. У зот: “Шундай. Сенга оятларимиз келди. Сен эса, уларни унутдинг? Шунингдек, сен ҳам бугун унутиурсан”, деди” (“Тоҳа” сураси, 124-125-126).

Аллоҳим, ақлни ҳидоят қиладиган, қалбни нурлантирадиган, инсонларга фойда келтирадиган илм билан ризқлантир. Зеро, кишига дунёси ва бошқаларнинг дунёси, охирати ва бошқаларнинг охиратини ислоҳ қилмайдиган илмда яхшилик йўқ.

Azon.uz таҳририяти

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!