Ўзин излаганлар

15:20 10.01.2018 422

Худованд билади не талабинг бор,
Нега лойиқсану, нима ғаминг бор.
Сендан ҳаракату, ундан барака,
Ҳикмат-ла беради, сўрагин минг бор.

Талаб ўрмони бу, ким нима овлар,
Ўзини ахтарди баъзи бировлар.
Бу йўл ҳам шарафли, ҳамда хатарли,
Тузоқлар қўйилур, учрайди ғовлар.

Нафсини таний деб мижжа қоқмади,
Оломон ҳаёти унга ёқмади.
Улар дарёдаги тирик балиқлар,
Оқимга қўшилиб бирга оқмади.

Касбини ўрганди, мансаб учунмас,
Мол-дунё орттирди, маишат учунмас,
Яхши инсон бўлиш - олий мақсади,
Шу йўлда чекилган риёзатдан маст.

Ўз устида ишлаб кечаю кундуз,
Ерни қаричлади, санади юлдуз.
Хулқига зеб берди мисоли заргар,
Кўзлари шаҳло-ю, қошлари қундуз...

Қаерга бормасин ҳурмат қозонди,
Истар-истамасин шуҳрат қозонди.
Ҳасадчи кўзига чўпдай қадалиб,
Гоҳида ғийбату, туҳмат қозонди.

Оқни ҳам, қорани билдилар улар,
Ҳақларга риоя қилдилар улар,
Халқнинг хизматига шайланиб дарҳол
Мисоли шамолдай елдилар улар.

Маҳкам ушладилар дину иймонни,
Кундан кун зиёда бўлди иймони...
Зотан бусиз инсон бўлиш беимкон,
Ҳақсиз талаб қилиш ҳақни бемаъни.

Китобу суннатни суянч билдилар,
Тойилса тавбани таянч билдилар,
Холиққа исённи хатолар ичра
Энг қабих, энг разил, аянч билдилар.

Ер юзини обод қилган ўшалар,
Эл ҳамиша ёд қилган ўшалар,
Одам каби яшаб, охир-оқибат
Иззат-икром билан ўлган ўшалар.

Худонинг раҳмати уларга бўлсин,
Мағфират, жаннати уларга бўлсин!
Бахтлилар пойига пояндоз бўлай,
Кошки ўғилларим улардай бўлсин!

Ғолиб БАҲРОМ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!