Узр айтдик Расулуллоҳга

12:20 13.03.2018 2690

Қўлимга бир шеър тушиб қолди. Шеърнинг номи "Узр айтдик Расулуллоҳга" деб номланган экан. Шеърни ўқир эканман, беихтиёр мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узр айтдим...

Муаллиф қуйидаги шеърни Умра ибодатига борганларида ёзган экан. Ажаб... Ўйлаб қарасам, шеър менга айни шу кунлардаги воқеаларни эслатиб юборди.

Сиз ҳам қуйидаги шеърни ўқиб кўрсангиз. Хулоса ўзингиздан...

 

Узр айтдик Расулуллоҳга

Мадинага борсам мен қачон,
Шошар эдим Расул қошига.
Умра қилдим бу йил Рамазон,
Боролмадим Равза бошига.

Деяр эди ҳамсафарларим:
«Нега маҳзун ўтирибсан, тур.
Ҳарам яқин, Расул қабрини
Зиёратин қиламиз масрур».

Сабабини айтолмайин мен,
Ҳайрону лол ўтирар эдим.
Қайта-қайта сўрайверишгач,
Майли, ростин айтайин дедим.

«Балки сизлар ишонмагайсиз,
Балки буни ҳис қилолмассиз.
Аммо агар англаб етсангиз,
Равзага сиз ҳам боролмассиз.

Биласизми, туҳмат қилсангиз,
Раҳбар ё дўст, бировга агар,
Доим ундан қочиб юрасиз,
Қалбингизни чулғайди хатар.

Энди айтинг, ношуд уммат гар
Туҳмат қилса ўз Расулига,
Сўзин бузиб етказса қўрқмай,
Ушлаб туриб китоб қўлига.

Нажот топсин умматим, дейиб
Жонин тикиб айтган сўзларин,
Хоҳлаганин беркитиб, бузиб,
Хоҳлагандан юмса кўзларин.

Айтинг, айтинг, ўзиингиз айтинг,
Қандай бўлур бу уммат ҳоли?
Қандай берар Расулга салом?!
Кўрса, қандай кечар аҳволи?!»

Шерикларим дейишди бехос:
«Бундай уммат лаънатга лойиқ,
Қандай қилиб ўз шафийъига
Хиёнатлар қилар, халойиқ!»

Мен дедимки: «Шошманг, азизлар,
Энди сизга бир сирни очай,
Сўзларимни билинг чин дилдан,
Айтмаяпман жўрттага, атай.

Масжид ичин гўдак бир бола 
Ифлос қилди, тўзитди бир кун.
Расул деди: «Энди масжидга 
Киргизмангиз, гўдак ва мажнун».

Уламо дер шундан: «Гар бола
Кичик бўлса тамйиз ёшидан,
Яхши гапу ширин сўз билан
Нари қилинг масжид қошидан.

Катта бўлиб, кирса еттига,
Энди унга намоз ўргатинг.
Ўн ёшда ҳам гар ўқимаса,
Расул айтмиш, таъзирин беринг».

Бухорий-ю Марғилонийлар,
Термизийлар сўзи шу эди.
Аммо бугун улар ўрнига
Қолганлар терс сўзларни деди.

Ўзимизни уммат деб билиб,
Туриб олиб Расул ўрнидан,
Масжидга муштоқ йигитларга
«Кирма», дедик Расул номидан.

Ҳужжат сўрса қайси бир оқил,
Далил қилдик мазкур ҳадисни,
Индмасдик асл мазмунин,
Била туриб, ўлдириб ҳисни.

Зиддимизга ҳужжат қайд этиб,
Бу туҳматни масжидга ёздик.
Воажабким, Аллоҳ уйида
Расулига хиёнат этдик.

Бухорийлар Расул ҳадисин
Ёлғонлардан тозалаб эди,
Авлодлари, афсуски, бугун
Пайғамбарга туҳматлар деди.

Розимасдим гарчи мен бунга,
Бу туҳматга урмаганман қўл.
Айбим ‒ ушбу халқ вакилиман,
Ҳақ айтишга тополмадим йўл.

Шу боисдан, ҳижолатдаман,
Қандай боргум Расул қошига?
Қай тил билан салом йўлларман?
Қандай борай Равза бошига?

Юз ўгириб, десалар агар:
«Керак эмас хоин саломи,
Не юз билан келдинг ёнимга,
Бу ер эмас хоин мақоми.

Туҳмат қилиб, сўзимни бузиб,
Етказмайин омонатимни,
Эргашмайин ҳам суннатимга,
Кутасанми шафоатимни?»

Айтинг энди, азиз дўстларим,
Не деб ўзим оқлай оламан?
Қайси тил ё қайси сўз билан
Халқим ишин ёқлай оламан?

Шу боисдан бошим қотгандир,
Не қилишим билмайман бугун,
Борайми ё бормасаммикин?
Қандай қилсам ечилар тугун?

Шерикларим бўлди ҳайрон, лол,
Бошларини қуйи солганча,
Ҳар ким недир ечим истарди
Чуқур, маҳзун ўйга толганча.

Охир барча маслаҳат айлаб,
Бир сўз билан келдик қарорга:
Не бўлса ҳам, Равзага бориб,
Арз этайгаймиз Набийюуллоҳга.

Чунки удир Аллоҳ Ҳабиби,
Кечиримли, раҳмли Расул.
Умматига меҳрибон, мушфиқ,
Ҳамдардидир ҳар қачон буткул.

Айбимизни тан олиб, унга
Арз айласак бор ҳолимизни,
Ҳеч шубҳасиз, ҳикмат Элчиси
Тушунгайдир аҳволимизни.

Шундай қилиб, барчамиз туриб,
Йўлга чиқдик ул Ҳарам томон,
Кўзимиздан қуйиларди ёш,
Юрак титрар, қайнар танда қон.

Туриб олиб Равза бошида
Тавба қилдик ёлғиз Аллоҳга,
Ўзбекистон халқи номидан 
Узр айтдик Расулуллоҳга.

(Умрага борган ўзбекистонлик бир мусулмон номидан)

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!