Вилоятларда вояга етмаган болаларнинг масжидларга киритилмаётгани хабар қилинмоқда

01:30 19.05.2018 8735

Барчамизга маълумки, 16 майдан юртимиз масжидларида Қуръони каримни хатм қилиш бошланди. Мўмин-мусулмон юртдошларимиз Аллоҳнинг каломини тинглаш ва унга сомеъ бўлиш учун ифтордан сўнг масжидларга йўл олишмоқда. Муборак Рамазон ойида кўнгилларни хурсандичилик, мамнуният эгаллади. 

Аммо шундай шукуҳли кунларда бир қанча дилхираликлар ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Таровиҳ намозлари бошланган кундан буён ижтимоий тармоқларда вилоятларнинг аксар масжидларига 18 ёшга тўлмаган болаларни (отаси ёки унинг ўрнини босувчи шахс билан бирга бўлса ҳам) киритилмаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган. Azon.uz ахборот-таҳлилий порталига келаётган мурожаатлар ҳам буни тасдиқламоқда. Айниқса бундай мурожаатларнинг аксар қисми қорилар юрти Наманган вилоятидан бўлгани қалбни янада эзади.

Таҳририятимизга келиб тушган мурожаатларга кўра, масжидга 18 ёшга тўлмаганларнинг киритилмаслигига асосан ҳожатини ушлолмайдиган ёш болаларнинг масжид гиламларини булғаб қўяётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Ижтимоий тармоқларда кескин қарши олинган бу нохуш ҳодиса турли мунозараларни келтириб чиқараётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

«Биз кимдан ёрдам сўрашимиз керак, болаларимиз масжидга ошиқса, ўзимизда диний илм бўлмаса, қаерда болаларга динни ўргатайлик?!», дейди бир фойдаланувчи. 

Яна бир фойдаланувчи эса: «Президент «Қуръонни эшитсак, эшиттира олсак нур бўлади. Хонадонимизга барака киради» деб неча марталаб айтди? Рамазонда масжидларда Қуръондан бошқа нарса эшитилмайди. Маърузалар ҳам жуда қисқа бўлади. Сабаби, хатмни бошлаш керак. Болалар Қуръон эшитса, нима ёмон нарсани ўрганади?», дейди ўз изоҳида.

«2-3 ёшлик болалар масжидни булғайди дейилса, тушуниш мумкиндир, аммо 12-13 яшар фарзандларимиз мустақил мактабга боради ахир, улар чақалоқ эмас-ку? Наҳот биз ўз фарзандларимизни ўзимиз билан таровиҳга олиб келолмаймиз?», дея муносабат билдиради бошқа бир фойдаланувчи.

Қайд этиш керак, 1998 йил қайта таҳрир қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига кўра, вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб қилиш уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига кўра бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистон қонунчилигида вояга етмаган фарзанд учун унинг ота-онаси масъул экани айтилади.

Ҳозирча ушбу масала юзасидан мутасадди ташкилотлар изоҳ берганича йўқ. Azon.uz ахборот-таҳлилий портали тегишли ташкилотлардан тез орада расмий изоҳ кутиб қолади. 

Таҳририят воқеалар ривожини кузатиб боради.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!