«Яманнинг Ходайда шаҳрига ҳужум гуманитар ҳалокатга олиб келади»

08:30 09.06.2018 214

 

БМТнинг огоҳлантиришича, Ходайда порт шаҳри ва унинг атрофида жанговар ҳаракатларнинг ўтказилиши кўплаб тинч аҳолининг ўлимига ва умуман Яманда гуманитар ҳалокатга олиб келади.

Ходайда ишлаб турган кам сонли портлардан бири ҳисобланади, импортнинг 70 фоизи айнан шу порт орқали келади. Бу шаҳарда тахминан 600 минг аҳоли истиқомат қилади. Айни пайт улар ўзини хатарда деб ҳис қилмоқда.

“Гуматинар ташкилотлар зудлик билан фавқулодда ҳолатлар учун режа ишлаб чиқмоқда, – дейди БМТнинг Ямандаги гуманитар ёрдам мувофиқлаштирувчиси Лиз Гранде. – Агар ҳодисалар хавфли сценарий бўйича юз берса, 250 минг киши бор будидан айрилиши ва шунчаки ўлиб кетиши мумкин”.

Унинг таъкидлашича, Ходайда нафақат аҳоли зич яшайдиган шаҳар, балки Яманда очлик ва вабо тарқалишининг олдини олиш учун зарурий маҳсулотлар етказиладиган нуқта ҳамдир.

Эслатиб ўтамиз, Яманда 2014 йилдан бери ҳукумат кучлари ва шиа исёнчилари (хусийлар) ўртасида қарама-қаршиликлар давом этиб келмоқда. Яман ҳукуматини Саудия Арабистони бошчилигидаги халқаро коалиция қўллаб-қувватламоқда. Айни пайтда Яманнинг собиқ президенти Ходийнинг армияси ва коалиция кучлари Ходайда томон илгариламоқда.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!