Яна уйимизга келишибди...

14:00 15.03.2018 2393

Бундан бир неча кун олдин ёшлари каттароқ холамизни Наманганга бир қариндошимизникига зиёратга олиб бориб келдим. Йўлда "Хола, Жиддага яқин кунларда йўл очиларкан. Энди нафақангизни олти ой ишлатмасдан маҳкам тутинг. Ўғлингиз, қизларингиз ёрдам қилади, мен ҳам имконимча бераман. Умра қилиб келасиз, юқоридагилар рухсат берибди" дедим. "Рухсат берилибди!? Йўл очилибди!? Навбат кутмасдан-а!?" дедилар. "Ҳа" дейишим билан кўзларидан тирқираб ёш оқиб кетди. То етиб боргунимизча "Мунча ҳам яхши одам экан-а, мунчаям яхши одам" деб йиғлаб кетдилар...


Тожикистонга эшик очилибди. Эшитишимизга қараганда икки юрт одамлари бир-бирлари билан қучоқлашиб, йиғлаб кўришишибди. Биз учун у давлат душмандай эди. Деярли унутгандик борлигини. Туркманистоннинг борлиги ҳам эсдан чиққанди. Афғонистонни эса қўяверасиз. Эслаш тугул тушга кириши тақиқланганди. Кўча-кўйда бирор кишидан у давлат номини эшитиб қолсак халқ душманидай кўринарди. Қаранг, ҳамма ёққа йўл очиляпти-ю, негадир осмонимиз ҳалиям мусаффо...


Уйимизга яна келишибди. Самарқандга сафарга кетгандим. "Нима ёрдам керак?" дейишибди. "Ҳеч нарса керак эмас, муаммоимиз йўқ" дебди фарзандларим. Кредит тавсия қилишибди, ўзимиз кафил топамиз дейишибди. "У ҳам керакмас" дейишибди. "Унда, қуруқ ер, участка берамиз, қура оласизларми?" дейишибди. Тавба... Бундан бир ярим йил олдинги ҳолатларим ваҳимали тушиммиди ё булар тушми!? Аллоҳга осон экан. Бир одамни алмаштириб бутун юрт ҳолини ўзгартириб қўйди...


Баъзан бир кулгим қистаб қўяди. "Қаерданам сайладим-а!?" деяпганлар етарли бўлса керак. "Яна йигирма беш йил порахўрлик қиламиз, чорак аср кайфу-сафо" деганлар қанча экан!? Энди дунё бўйлаб сочилиб кетганлар ҳам қайтиб келсин, кун кўрсин. Хатолари бўлса Аллоҳ кечирсин, бандалари кўзини юмсин. Ҳолларини ислоҳ қилсин. Биздай ғариблар ҳам тинч юрсин... Шундай қилиб, яхшилик билан уйимизга яна келишибди. Етказганига шукр...

Салим АЙЮБИЙ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!