Япон аёли: Менинг Исломни қабул қилиш ҳикоям

00:00 26.05.2018 4667

Кўзларингизни юминг ва қулоқ солинг: «Терроризм, радикализм, қуролланган ва қора матога бурканганлар эътиқодсизларни ўлдирмоқдалар. Эркинликлари чекланган ва ўраниб олган аёллар». Энди кўзларингизни очинг. Бу сўзлар билан таърифланган оламни қандай тасаввур қилдингиз? Бу тасаввурингиз оммавий ахборот воситалари билан боғланганми?...

Инсонлар кўпинча менинг япон аёли эканимга ишонмайдилар.

– Сен қаердансан, – деб сўрайдилар.

– Мен японияликман, – деб жавоб бераман.

Бошимдаги ромолни кўриб:

– Ростданми, ҳа, бу ҳойнаҳой турмуш ўртоғингнинг юртида анъана бўлса керак-а, – дейишади.

Инсонлар билан бўладиган суҳбатларим доим шу йўсинда бошланади. Уларнинг мен ҳақимдаги фикрларига жуда қизиқаман.

Мен муслима бўлдим. Ва ҳозир нега Исломни танлаганим ва бир япон аёли ўлароқ Исломни қандай кўришимни ҳикоя қилиб бермоқчиман.

Аввало айтмоқчиманки, дунё мусулмонлари сони бугун жадал ўсмоқда. 2050 йилга келиб бу кўрсаткич 2,8 миллиардни ташкил қилади. Бу сайёра аҳолисининг учдан бир қисми дегани, яъни ҳар учинчи инсон мусулмон бўлади. Мазкур статистика фақатгина мусулмонларнинг кўп фарзанд кўришлари билан боғлиқ эмас. Балки сайёрамизда динлараро энг катта қизиқиш Исломга бўлган қизиқиш экани ва уни қабул қилувчилар сонининг кескин ортаётгани билан боғлиқ.

Барча буддавийлар сингари мен ҳам Буддага ва Шинто санамларига сиғинар эдим. Мана ҳозир муслимаман. Кўпчилик салбий баҳолаётган бу дин нимаси билан мени жалб қилди? Бу АҚШдаги талабалик йилларим билан боғлиқ. У ерда «эркинлик»дан ҳузур қилиб яшардим, аммо қалбимда бир бўшлиқ бор эди, ҳисларимни йўқотгандек сезардим ўзимни. Ва шу алфозда ҳаётимни ўзгартирб юборган дўстим билан танишдим. Америкалик бу муслима қиз 16 ёшида университетга қабул қилинганди. Доим унинг рўмолига эътибор берардим. Шундай қиз ёзнинг жазирамасида нега буни бошига ўраб юрибди. Ва ниҳоят ундан бу ҳақда сўрадим. «Чунки мен муслимаман», жавоб берди у. Барчасини батафсил тушунтира бошлади. Шунингдек, у нега ёшлар базмларига бормаслиги сабабларига ҳам тўхталди. Мен эса унга ачиниш билан қарардим.

Шу кундан бошлаб уни кузата бошладим, ундаги маърифат, тўғри ва нотўғри масалалар ҳақидаги фикрлари, олийжаноблиги ва сахийлиги...Унингдек бўлишни истай бошлагандим, унинг мезонларини сева бошладим. Бу қизни учратгунимга қадар Ислом ҳақидаги фикрим салбий эди. Биз яқинлаша бошладик ва мен Ислом ҳақидаги тасаввурларим йиллар давомида саводсизлик асосига қуриб борилганини англаб етдим.

Дунёқарашимни ислоҳ қилишга ва бу динни чуқур ўрганишга киришдим. Изланганим сари ҳайратим ошарди. Гўё шу вақтгача узоқ уйқуда бўлгандек эдим. Ниҳоят ҳаётимни Ислом тақдим этган мезонлар билан алмаштиришга қатъий қарор қилдим. Исломни ҳаёт тарзимга айлантирдим. У маҳал 24 ёшда эдим.

Камтарлик, саховат, виждон, адолат... Буларнинг барчаси Ислом қадриятлари. Бу Бушидо, яъни Самурай қадриятларидан фарқ қилади. 2011 йил Японияда ер қимирлаши оқибатида цунами юз бергани ва Токио масжиди ўз япон қўшниларига 5 йил давомида ёрдам юкларини юбориб турганини эслайман. Ислом инсоннинг эътиқоди ва табақасидан қатъи назар, барчани инсонлиги учун ҳурмат қилишга буюрар экан.

Аёллар ҳақида у нима дейди? “Босим, чекланган таълим, мажбурий никоҳми?” Бу унинг таълимоти эмас. Ҳақиқат бунга мутлақ тескари. Мен Исломни қабул қилганимдан кейингина ўзимни эркин ҳис эта бошладим.

Мен Ислом нега аёлларга номаҳрамлар кўзларидан тўсилишни буюрганининг ҳикматини кейинроқ англадим. Бу кўпчилик изоҳлаётганидек аёл эркинлигини чеклаш эмас, балки Ислом аёл гўзаллигини қадрият даражасига олиб чиқиши билан боғлиқ экан. Аёл гўзаллиги шу қадар қадрлики, ундан кўчада бегона эркакларни қувонтириш учун фойдаланилмайди, балки у аёлнинг ўзи ва оиласи учундир.

Ислом эркак ва аёл ўртасидаги фарқни аниқ тушунтириб берган. Аллоҳ эркак ва аёлни тубдан фарқли қилиб яратди ҳамда иккисига ҳам ўзларига хос бўлган вазифаларни бўлиб берди. Бу менинг қалбимга ҳотиржамликни олиб кирди.

Ислом ва терроризм масаласига тўхталмоқчиман. АУМ ташкилоти 90-йилларда ўз атрофида минглаб япон ёшларини бирлаштирди ва САРИН гази орқали чидаб бўлмас хунрезликларни амалга оширди. Унинг талафотларидан инсоният бугун ҳам жабр чекмоқда. Бордию унинг касофатига дунё «Барча японлар террористлардир» деб қичқирса, японлар бунга қандай муносабат билдирган бўлар эдилар? Бугун ҳамманинг тилида бўлган ИШИД қурбонларининг 95 фоизи мусулмонлар-ку. Ислом – бу тинчлик. «Ассалому алайкум» – «Сизга тинчлик бўлсин» дегани. Исломни террор деб аташ стериотипга айланиб бормоқда. Ҳар бир нарсанинг моҳиятини англаш учун уни ўрганиш керак экан. Масалан одамлар менга стериотиплар орқали эмас, менинг қандайлигимга қараб баҳо беришларини истайман. Университет талабаси бўлган вақтларим «Ислом» деб аталган хазинамни топган эдим. Мусулмон бўлмаган ҳар кимда бир хазина бор, бу танлаш имконияти деб аталади. Яъни дунё оммавий ахборот воситаларига эргашиш ёки Ҳақиқат йўлини танлаш имконияти.

 

Мива ЭССААДИ,

Шизуока мусулмонлар ассоциацияси муаллимаси, Япония.

Камола АБУЛҚОСИМ таржимаси, Германия.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!