Йўлинг порлоқ бўлсин, “АЗОН.УЗ”!

30.08.2017 06:51 154

Азон Аллоҳга бандаликка, итоатга, ибодатга, ҳидоятга чорловдир. Диллардан, вужудлардан, онглардан шайтонни қувиш учун бир ўқловдир. Ҳадисларда шайтон азон товушини эшитса, ортига қарамай тирақайлаб қочишини ўқиган эдим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозга азон айтилганида, шайтон азонни эшитмаслик учун ел чиқариб, ортига қарамай қочади. Азон айтиб бўлингач, яна келади. Намозга иқома айтилса, яна ортига қараб кетади. Иқома айтиб бўлингач, одамнинг дилига васваса солиш учун яна қайтиб келади. Эсламаётган нарсасини эслатиб: «Уни эсла, буни эсла», дейди. Натижада киши қанча намоз ўқиганини ҳам билмайдиган бўлиб қолади», дедилар» (Бухорий ривояти).

Шунда мияга “ялт” этиб бир фикр урилди: азонни эшитмаётган шайтон ҳозир жуда кўп одамларни йўлдан уриб, гуноҳларини кўзларига чиройли кўрсатиб қўйгани, шайтонга мурид тушганлар унинг ноғорасига ўйнаб, кўнгилларига келган номаъқул гуноҳ ишларни тап тортмай қилаётганлари бежизга эмас экан-да! Шайтон урчиб кетганидан одамлар васвасага тушиб, ибодатларида ҳаловат топмаётган, ўз жонларига қасд қилаётган, эътиқоди сустлашиб, фолбинларга, мунажжимларга, жинкашларга чопаётган экан-да!

Ана шуларни миядан ўтказишга улгурмай туриб, туғилган шаҳрим Намангандаги бир воқеа эсга тушиб қолди. Шаҳарлик Муҳаммад сўфи деган киши ҳар жума ва якшанба кунлари катта бозорга кираркан-да, овозининг борича азон айтар экан. Унинг бу қилиғидан таажжубга тушиб, сабабини сўраганларга “Бозорда шайтон болалаб кетди. Шунинг учун бир-бирини алдайдиганлар, молини ўтказиш учун ёлғонлайдиганлар, ўзганинг ҳақидан ҳазар қилмайдиганлар, ҳаё-иффатни унутганлар кўпайиб кетди. Бобом раҳматли шунақа ҳолат рўй берганида бозорга келиб, бор овозда азон айтиб кетар эдилар”, деган экан.

Азон ҳақидаги мулоҳазаларни қоғозга тушираётиб, бир хушхабарни эшитиб қолдим: “Азон.уз сайти иш бошлаётган эмиш”. Бу шунинг учун хурсандчилик хабари-ки, юртда моддий азонлар янграмай қолган бир пайтда маънавий, маърифий бир азон пайдо бўлибди. Аллоҳ унинг овозини янгроқ, йўлини порлоқ, фаолиятини узоқ, ўзини одамларни эътиқодга чорловда бир кучли қўнғироқ қилсин! “Азон.уз”нинг овози жаҳолат деворларини йиқитиб, ташна қалбларга имон-эътиқод нурларини олиб кираверсин! “Аллоҳумма яссир, вала туассир”!

Аҳмад МУҲАММАД, адиб