Ота ўз қизи билан бир хонада ёлғиз қолиши дурустми?

16.04.2018 19:00 3595

Савол

Ассалому алайкум устоз, ота яшаб турган уйида ўз қизи билан бир хонада ёлғиз қолиши дурустми? Бир домла бундай бўлиши дуруст эмас айтди. Жавоб учун раҳмат.


Жавоб

Отанинг ўз қизи билан ёлғиз қолиши жоиз. Мазҳабимизнинг ишончли китобларидан "Ҳидоя"да: "Маҳрам аёллар билан хилватда қолиш ва сафар қилишнинг зарари йўқдир", дейилади. Ота ва қиз бир-бирига маҳрам ҳисобланади. Уларнинг хилватда қолиш жоизлигига далил, Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: "Бир аёл билан никоҳидаги киши (эри) ва маҳрамидан бошқа киши бир уйда қолмасин". Имом Муслим ривоятлари.

Ўрни келганда айтиш жоизки, киши маҳрам аёлларнинг юзи, боши, кўкси, болдирлари ва билакларига қараши жоиз. Орқаси, қорни ва сонига қараши мумкин эмас. Қараш мумкин бўлган жойларга тегиб кетишнинг кароҳияти йўқ. Илло ўзи ё аёлда шаҳват юзага келишидан қўрқса, қараш ҳам ва тегиш ҳам жоиз эмас.

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад