Рэп қўшиқ айтиш гуноҳми?

02.11.2018 18:25 3268

Савол

Ассалому алайкум, рэп қўшиқ айтиш гуноҳми? Қўшиқ куйлашда нималардан эҳтиёт бўлиш керак?


Жавоб

Рэп, умуман қўшиқ айтиш ҳақида уламолар турлича қарашларга эга. Аммо фаҳш, шаҳват ва қон тўкишга ундайдиган қўшиқларнинг ҳаром эканига ҳаммалари иттифоқ қилишган. Айрим уламолар гўзал ахлоқ, эзгулик, ватан ва ота-она улуғланган қўшиқларни айтиш ё эшитишнинг зарари йўқ, дейишади. Сизнинг саволингизга ҳам ушбу умумий жавобдан ечим изланса бўлади.

Лекин мени бу масалада таажжубга соладиган жиҳат шуки, мусулмон эркак ё аёлга бир чолғу асбобини тинғирлатиб, оғзини турли кўринишларда очиб, хилма-хил мақомда ликкиллаб қўшиқ хиргойи қилиш ярашадими? Халққа фойда келтириш ва улуғ ишлар билан банд бўлиш ўрнига, ёшларнинг вақти ва хушини оладиган, жуда бўлмаганда битта фақирнинг қорнини тўйғизмайдиган касб билан шуғулланиш буюк масъулиятлар зиммасида бўлган уммат вакилига муносибми? Биз қўшиқ айтиш ва рақс тушиш билан эмас, дунёдаги энг улкан ҳақиқат – оламлар Парвардигорига бандалик қилишда ва бошқаларни шунга ундашда ном чиқарган буюк зотлар авлодимиз. Ниятда, амалда улардек бўлиш бизнинг энг асосий вазифамиз бўлмоғи даркор.

Аллоҳ янада билувчироқ.

Мубашшир АҲМАД