Масжидга тегишли ҳукм ва одоблар билан таништирсангиз

05.10.2018 18:30 1224

Савол

Ассалому алайкум, масжидга тегишли ҳукм ва одоблар билан таништирсангиз


Жавоб

Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг "Мухторотун-навозил" китобларида бу ҳақда шундай дейилади:

«Масжиднинг ичига пойафзал билан кириш одобсизлик, у ерда ечиниб яланғоч бўлиш макруҳдир.

Масжиднинг ўзида таҳорат олиш макруҳ, таҳорат фақат махсус жойдагина мумкин.

Масжидга туфланмайди. Пойафзални деворларига артилмайди.

Ғариб-мусофирларнинг масжидда ухлашларининг зарари йўқ. Мусибат эгасининг унда ўтириши макруҳ.

Кишининг маҳалласида масжид бўлса, жамоати кўплиги учун бошқа масжидга бормоқчи бўлса, намозхон кўп ёки камлигига қарамай, ўз маҳалла масжидида ўқиши афзал.

"Таҳийятул-масжид"ни бир кунда бир марта ўқиш кифоя. Уни ва бошқа суннатларни масжидда ўқигани яхши. Пайғамбар алайҳиссалом витр ва суннатларни уйда ўқирдилар, илло бошқа ишлар билан машғул бўлиб қолишдан хавф қилганларида масжидда ўқирдилар.

Уйда жамоат билан намоз ўқишнинг фазилати масжид жамоатиникига етмайди.

Одамлар масжидда намоз ўқир эканлар, унда чироқлар нурида китоб ўқиш жоиз. Шунингдек шом ва хуфтон ўртасида чироқларни ўчирмаса ҳам бўлади. Аммо хуфтондан кейин ўчирган яхши».

Аллоҳ янада билгувчироқ.

Мубашшир АҲМАД