«101 имом мурожаати»

09:31 17.04.2019 6313

"Тушимда" 101 нафар имом-хатиб Телеграмда бирлашиб, чин кўнгилдан суҳбат қилишибди. Бири қолганларига сўз сўзлапти:

– Ҳой, биродарлар, ширк энг оғир гуноҳми? 
– Ҳа, шундай, биродар.
– Мушрик ҳолида вафот эткан абадий дўзахга тушадими?
– Ҳа, биродар, шундай!
– Зиёратгоҳларимизда нималар бўб ётканини биламиз-а? 
– Ҳа, биродар!
– Биз бунга шундоқ қараб туришга ҳаққимиз борми?
– ...
– Биз кимгадир никоҳ ўқияпмиз, никоҳдан кейин бирқанча келин-куёвлар “зиёратга” бориб, ширк амаллар қилишяпти. Биз жаноза ўқияпмиз. Одамларнинг бирқанчасини қаерга жўнатяпмиз? ... 
– ...
– Келингизлар, биродарлар, биз – 101 имом, бир бўлиб, муфтийга ҳат ёзайлик, ширкка қарши катта маърифий уруш очишни сўрайлик! Ширкни ҳол-жонига қўймасликка бутун эътиборни сарфлашга чақирайлик!
– Фойдаси бўлмайди-да, биродар...
– Унда, келинг, мактубимизни очиқ хат тарзида ёзайлик, ҳаммага маълум бўлсин. Ўшанда, биринчидан, муаммога ҳамманинг назарини қаратамиз. Шов-шув қиламиз, бақирамиз, чақирамиз, ҳаммаси бир нарса учун – одамларни ширкка – дўзахга элтувчи балога уруш очиш учун.
– Унда бизга ҳеч ким мурожаат қилмай қўяди-да, биродар! "Халқнинг назаридан қоламиз"
– Ҳа, шундай, аммо бизни яратган Аллоҳ таолонинг олдида юзимиз ёруғ бўлади-да! Ахир, бизни яратган Ўзи-ку! Ризқимизни берадиган Ўзи-ку! Жонимизни оладиган, ажалимизни белгилаб қўйган Ўзи-ку, биродарлар!

Тушимнинг давомида ўша мактуб ёзилди, 101 нафар имомнинг очиқ мурожати дунё юзини кўрди. Ижтимоий тармоқ қизиди, Озодлиг-у ВВС, Хабар.уз-у Кун.уз, ҳатто Газета.уз русчага ўгириб мактубни дунёга ёйишди. Эртаси куни русларнинг “Новости”си, фарангларнинг France 2, немисларнинг Deutsche Welle си мактубни эълон қилишди. 101 имомнинг дилни титратар, қалбдан чиққан, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб бошланган сўзлари дунёни ўйлантириб қўйди.

Мактуб эгаларини ҳеч ким сўкишга ҳам, ишдан ҳайдашга ҳам журъат қилолмади. Зеро бу мактубни бир киши эмас, балки 101 нафар имом ёзган эди. 

Зиёратгоҳларда қаттиқ тартиб ўрнатилди. Ким зиёратга келса, қўлига ширк ҳақида маълумот берилган, дўзах манзаралари битилган буклетлар тутиладиган бўлди. Аёллар алоҳида, эркаклар алоҳида, қатъий қоидаларга мувофиқ зиёрат қилиш қоидалари ўрнатилди, тартибсизликларга барҳам берилди. Тартибни бузганлар зиёратдан маҳрум этилди. 101 имом-хатибнинг эгнидан тахминан 7.7 ботмон юк кўтарилди. 

Ер билан осмон ўртаси эса силкинишдан бироз тинчиди.

“Ундан (ширкларингиздан) осмонлар парчаланиб, ер ёрилиб, тоғлар қулаб йиқилай дейди” («Марям» сураси, 90-оят) 

“Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан” («Зумар» сураси, 65-оят).

“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилиш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур...” («Нисо» сураси, 48-оят).

“...Чунки ширк улкан зулмдир” («Луқмон» сураси, 13-оят).

Муҳаммад ШАКУР

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!