Таҳлил

12 млн ойлик оладиган тикувчи ёхуд “Cоддалик ҳам эви билан-да, оповси...”

2440

Таҳририятимизга жиззахлик Севара Маматова деган аёл мурожаат қилди. Унинг норозилиги “Mon Reve” деган тикувчилик ташкилотидан. Айтишича, бу ташкилот неча ойдан бери одамларнинг ойлиги беришни пайсалга соляпти. У корхонадан атиги бир ойлик пулини, яъни 12 миллионни икки бўлиб олган холос. Сездингизми, ойлик 12 миллион сўм!!!

Тикувчиларга шунақа ойлик берадиган корхоналар бор экан. Э, отангга балли, дейишга андак шошмай туринг, акаси. Бўтта бир гап бор-да!

Опа-сингиллар 12 миллион ойлик бергич корхона ҳақида эшитган, камига “Менинг юртим” дегич каналдан рекломини кўрган. Чиппа-чин ишониб, “Ие, сингилжон, биз 15 йилдан бери тикув-бичув қиламиз, бизни олмай, кимни олсин”, деб ҳайё-хуйт дея Тошкент сари от солишган. 

Тошконга келишса, бойвуччалар “Йўқ, оповси, пича шошманг-е”, дейишган. “Минг йиллик чевар бўсезам, бизни мактабимизни ўқиш керак. Бизни истил Оврўпоники, яъни фарангча(француз). Икки ойлик таҳсил баҳоси 11 миллион 721 минг танга(сўм)”, дейишган.

Опалар соддамасми, ҳай майли, деб ҳар бири қарийб 12 миллион сўмдан қуртдек санаб беришган. Икки ой ўқишда бирор бир илм ўргатилмаган ҳам. Артис-партислар билан овунтириб, вақт ўтказишган.  

“Ўқув курсида на дастур, на тартиб бор. Оддий листга нина юргазиш, салфеткани қайиришни ўргатишди. Ҳатто 24 миллионлик тўлов қилганлар ҳам бўлди. Республиканинг барча ҳудудларидан келишди. Таҳминан 150 кишилик аудиторияга 400 нафаргача одам жойлашарди. Бир дона тикув машинасига 3 одам бириктириларди”, дейди мурожаатчи аёл.  

Хуллас, опа-сингил августда тўлов қилган ва август-сентябрь ўқув курсида умр ўтказишган. Ваъдаги мувофиқ, октябрда иш бўйича меҳнат шартномаси тузилган. Ноябрда берилиши керак бўлган 12 миллион сўм декабрда иккига бўлиб тўланган. Яъни улар августда тўлаган пулни 5 ойдан сўнг, икки бўлиб қайтариб олган. Зўр-а!?   

Масжид очиб беришга рухсатнома олиб беришни ваъда қилган фирибгар ушланди

Опанинг айтишича, ҳозир ўқув курсининг муддати ва тўлов миқдори ўзгарган. Яъни ўқиш муддати 5 ойга чўзилган. Тўлов миқдори эса 8 миллион 700 минг сўм этиб белгиланган.

Англаган бўлсангиз, мазкур ташкилотнинг иш юритуви “молиявий пирамида”ни эслатади. Яъни курс учун деб одамларнинг пули олинади ва 4-5 ой давомида ундан фойдаланилади. Сарфланган пуллар ҳуддики ойлик тарзида “ишчи”га қайтарилади ва шу ерда “ишчи”лар билан ўртадаги “муносабат” тугайди. Давом эттиришнинг йўли ўзи каби “икки ишчи”ни, аниқроғи, содда тикувчини корхонага жалб қилиш.

Одамлар мунча содда бўлмаса?! Бу устомон “тадбиркор”га ўз оёқлари билан бориб, ўз қўллари билан қарийб 12 миллион сўмни бериб, “Мана, шу пулим бекор ётибди. 4-5 ой “оборот” қиволинг”, дегандек гап-ку! 

Ўзи-чи, охирги 2-3 йилда ақлли фирибгарлар кўпайиб кетди-а?! 

RakursUz @RakursUz телеграм каналидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Индонезияда Исломий дизайн маркази очилди

1115 05:00 15.06.2018
« Орқага