Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

1300 устознинг шогирди – Ибн Асокир

1214

Унинг тўлиқ исми Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ ад-Димашқий аш-Шофеий ал-Ашъарий эди. Бироқ кўпчиликка Ҳофиз Ибн Асокир номи билан танилган олим 1105 йилда Дамашқда туғилган. Унинг илк устозлари отаси ва акаси эди. Йигирма ёшида илм излаб Бағдодга йўл олди. Бир йил ўтгач, у Макка ва Мадинага бориб  ҳаж ибодатини адо этди. Зиёратдан қайтгач, у 5 йил Низомия мадрасасида таълим олиб, Дамашққа қайтди.

Ўқиш ва сафарда юрган йилларида Ибн Асокир кўплаб олимларни зиёрат қилди, улардан илм ўрганди. Маълумотларга кўра, у билим олган олимларнинг сони бир минг уч юздан ошган. Устозларнинг  орасида 80 дан ортиқ аёл олималар ҳам бор эди.

Хуросонга сафари давомида Ибн Асокир таниқли муҳаддислар ва сўфий Муҳаммад ал-Фаравийни зиёрат қилди. Бир йил давомида ундан дарс олди.

Ўқиш пайтида ал-Фаравий касал бўлиб қолди ва табиб унга таълим беришни тўхтатишни маслаҳат берди. 

Ибн Асокирнинг ёзишича, ал-Фаравий касаллиги сабабли ўрнидан туролмаган ва шунга қарамай дарсларини тўхтатмаган. Ибн Асокир бу устозини тарк этганда, у жуда хафа бўлиб, бундан кейин улар ҳеч қачон бир-бирларини кўра олмаслигини айтган экан. Дарҳақиқат, Ибн Асокирга уни бошқа кўриш насиб этмади: ал-Фаравий оз вақтдан кейин вафот этди.

Ибн Асокирнинг ал-Фаравий билан машғулотлари ҳам жуда қизиқ воқеа билан бошланган. Имом Заҳабийнинг ёзишича, Ибн Асокир унинг олдига илм олиш учун келаверганидан безор бўлган ал-Фаравий уни киритмаслик учун дарвозани қулфлаш фикрига тушган экан. Аммо эртаси куни эрталаб бир киши келиб: «Мен сизга Пайғамбар алайҳиссаломнинг элчисиман. Мен тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим ва у зот менга ал-Фаравийнинг ҳузурига бориб шу сўзларни айтишни буюрди: "Шомдан бир киши шаҳрингизга менинг ҳадисларимни олиш учун келган. Ал-Фаравийга айтинг: уни ранжитмасин, унга ғаши келганини билдирмасин». 

Шундан сўнг, Ибн Асокир ал-Фаравийга билим олиш учун келганида, дарс қанча давом этишига қарамай, Ибн Асокир ўрнидан тургунча ўрнидан турмаган экан. Ал-Фаравий ва бошқа устозларидан ёд олган ҳадислари сабаб унинг исмига ҳофиз сўзини қўшиб айтишган. 

Ҳофиз Ибн Асокир шариат уламолари орасида ҳам, ҳукмдорлар орасида ҳам катта обрўга эга эди.

Ислом дунёсининг энг буюк ҳукмдори, салибчилар қўшинлари устидан кўплаб ғалабаларни қўлга киритган Нуруддин Занги Ибн Асокирни жуда қадрлаган ва унга илм тарқатишда ҳар томонлама кўмак берган эди.

549 йилда Нуруддин Занги "Дорул Ҳадис ан-Нурия" таълим муассасасини қурди ва уни бошқаришга Ибн Асокирни таклиф қилди. Юздан ортиқ китоб таълиф этган Ибн Асокирнинг 80 жилддан иборат “Тариху мадинату Димашқ” – “Дамашқ шаҳри тарихи” айниқса, машҳур бўлди. Уни ёзиш учун муаллиф 30 йилдан ортиқ вақт сарфлаган.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: «У (Ибн Асокир) Шомнинг ҳофизи бўлиш билан бирга бутун дунёнинг ҳофизи ҳамдир», деган эди.

Ибн Асокир ҳижрий 571 йил Ражаб ойининг 11-кунида вафот этди. Уни сўнгги йўлга кузатиш учун жуда кўп одамлар келишди. Имомнинг дафн маросимида қатнашганлар орасида Султон Салоҳиддин ҳам бор эди. Гувоҳларнинг айтишича, Салоҳиддин жанозада бошяланг бўлган ва шу тариқа бу буюк олимнинг вафотидан қайғусини билдирган.

Абу Акбар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Агар бу сенинг охирги Рамазонингиз бўлса...

292 22:00 15.04.2021

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “тиланчи” шогирди

555 21:00 15.04.2021

Рисолатдан кейинги аёлларнинг зийнати

655 23:00 14.04.2021

Олимларнинг илмга чанқоқлиги шундай эди...

560 21:20 14.04.2021

Аёлларнинг рисолат замонидаги пардозлари

1030 23:00 13.04.2021

Олимлар жиҳоди

441 20:00 13.04.2021
« Орқага