Туркияда байрамлар кўп. Лекин бугунги куннинг турк халқи, Туркия давлати учун алоҳида ўрни ва аҳамияти бор. Чунки 1915 йилнинг 18 март куни Усмонийлар халифалигига ҳужум қилган Антанта давлатлари устидан ғалаба қозонилган ва шу куни замонавий Туркия давлатига пойдевор қўйилган.
(АНТАНТА (франц. entente – битим) – Буюк Британия, Франция ва Россиянинг Германия, Австрия-Венгрия ҳамда Италия иттифоқига қарши тузган иттифоқи. «Учлик битими», «Учлик иттифоқи» деб ҳам юритилади. Антанта 1904 – 1907 йилларда шаклланди. Ҳар иккала иттифоқнинг мақсади XIX аср охирида бўлинган дунёни қайта тақсимлашдан иборат эди. Биринчи жаҳон уруши даврида Антантага Сербия, Италия, Япония, Белгия, Греция ва Руминия, кейинчалик урушга кирган АҚШ ҳам қўшилди).
Усмонийлар халифалиги Антанта давлатларига қарши биринчи жаҳон урушининг бир неча жабҳаларида бирданига курашди. Жанглар бир вақтнинг ўзида қуруқликда – Саддулбаҳр, Арибурну ва Анафарталар ҳудудларида ва денгизда – Чаноққалъада бўлиб ўтди.
Дарданел операцияси 1915 йил 19 февралда бўғоздаги денгиз жанги билан бошланди. Чаноққалъадаги жанговар ҳаракатлар 325 кун давом этди ва 1916 йил 9 январда турк армиясининг ғалабаси билан якунланди.
1915 йил 18 март куни Чаноққалъа денгиз жангида эришилган ғалаба мамлакат келажаги учун бурилиш нуқтаси бўлиб, турк халқини миллат сифатида бирлаштирди. “Чаноққалъадан ўтиб бўлмайди!” шиори Туркия Республикаси тарихида афсонага айланди.
Бу жангда Ҳажга кетаётган минглаб туркистонлик боболаримиз ҳам иштирок этгани ҳақида кўпчилик билавермаса керак. Ўша пайтда нафақат туркистонликлар, балки бошқа диёр мусулмонлари ҳам Усмонийлар халифалигига ёрдамга келган. Ота-боболаримиз муборак Ҳаж ва Умра зиёратига Усмонийлар пойтахти Истанбул орқали йўл олишлари ҳақида аввал ёзган эдик. Улар “бизга Ҳаждан кўра жиҳод фарз бўлди”, дея турк қардошларимиз ёнида туриб жангга киришади. Чаноққалъадаги юз минглаб шаҳидлар қабристонида Туркистон ўлкасидан борган минглаб кишиларнинг қабри бор.
Чаноққалъа бўғози
Чаноққалъа бўғозининг яна бир номи Дарданел бўлиб, Осиё ва Европа қитъаларини ажратиб турадиган, Эгей денгизи ва Мармара денгизини боғловчи бўғоз ва халқаро сув йўлидир.
1923 йилда Лозанна шартномаси доирасида имзоланган Бўғозлар конвенцияси билан халқаро сув йўлига айланган ва 1936 йилда имзоланган Монтрё бўғозлари конвенцияси натижасида бутунлай Туркия Республикаси назорати остига ўтган.
Халқаро денгиз транспортида ишлатиладиган энг тор бўғозлардан бири бўлган Чаноққалъа бўғози Эгей денгизини Мармара денгизи билан боғлайди. Бўғознинг узунлиги 61 километр, кенглиги 1.2 кмдан 6 километргача ва ўртача 55 метр чуқурликда. Бўғознинг энг чуқур жойи 104 метр. Босфордаги икки қитъа орасидаги транспорт паромлар ва ва ўтган йили фойдаланишга топширилган 1915 Чаноққалъа кўприги орқали амалга оширилади.
Чаноққалъа жанги
Биринчи жаҳон уруши даврида 1915-1916 йиллар оралиғида Усмонийлар халифалиги ва Иттифоқдош кучлар ўртасида Гелиболу ярим оролида бўлиб ўтган денгиз ва қуруқлик жанглари бўлиб ўтади. Иттифоқчиларнинг мақсадлари Усмонийлар халифалигининг пойтахтини қўлга киритиш орқали марказий кучларни заифлаштириш, Босфор ва Дарданел бўғозлари устидан назоратни қўлга олиш, Россия билан хавфсиз ҳарбий таъминот йўлини очиш, пойтахт Истанбулни эгаллаш, Германиянинг урушдаги иттифоқчиларидан бирини йўқ қилиш эди. Улар биринчи нишон сифатида Чаноққалъани танладилар. Аммо ҳужумлар муваффақиятсизликка учради ва чекинишга мажбур бўлишди. Қуруқлик ва денгиз уруши натижасида ҳар икки томон ҳам катта талофатларга учради.
Бирлашган Қироллик Ҳарбий Кенгаши котиби полковник Хенки Уинстон Черчиллнинг кўмаги билан 1914 йил сентябрида ҳарбий кенгашга денгиз флоти билан Дарданел бўғозини кесиб ўтиш орқали Истанбулни ишғол қилишни кўзда тутувчи режани тақдим этди. Режа бир неча босқичда амалга оширилди ва 1915 йил феврал ойида инглиз ва француз кемалари флоти томонидан Босфорга кенг кўламли ҳужум бошланди.
Энг кучли ҳужум 1915 йил 18 мартда амалга оширилди. Бироқ, Бирлашган денгиз флоти катта йўқотишларга дуч келди ва денгиз кампаниясини тарк этишга мажбур бўлди. Шу куни европаликлар денгиздаги урушда мағлубиятга учради ва қуруқликда урушни давом эттиришга қарор қилишди.
Машҳурларнинг Чаноққалъа жанги ҳақидаги иқтибослари
– Маршал фон Сандерс: “Агар аскар бахти бўлса, бу турклар билан елкама-елка курашишдир. Улар камбағал эдилар, окопларда ухладилар, лекин шер каби курашдилар. Мен ҳали лабларида табассум билан ўлимга борадиган бундай халқни кўрмаганман.
– Буюк Британия Бош вазири Черчилл: "Мағлубиятимизга сабаб “Нусрат”дан кўрфазга отилган 26 та бомба бўлди".
– Британия армиясининг бош қўмондони, генерал Хемилтон: "Шафқатсизларча қилич тутган туркларнинг қўллари мағлубиятга учраган аскарларнинг яраларини худди шундай маҳорат билан даволайди".
– Инглиз маршали Френч: “Турк аскарлари қўрқувни билишмайди, мағлубиятни билишмайди. Турклар – Осиёнинг жентельменларидир”.
Дарвоқе, 18 март – Африн қўлга киритилган кун. 2018 йилнинг 18 март куни Туркия Қуролли кучлари ва Сурия мухолифати “Зайтун новдаси” операцияси давомида Афринни террорчилардан тозалади. Ўшандан бери у ерда Туркия байроғи ва Сурия озодлик армияси байроғи ҳилпираб турибди.
Бугун Туркияда Чаноққалъада эришилган ғалабанинг 108 йиллиги нишонланяпти.