Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

1986 йил. Қозоғистондаги Желтоқсан қўзғолони

4058

1986 йилнинг совуқ декабрь ойи. Қозоғистон ССРнинг пойтахти Олмаота шаҳри. Ўша куни қозоқ халқининг бошига тушган оғир синовлардан бири Желтоқсан (декабрь) қўзғолони бошланди. 

Ҳаммаси талабаларнинг тинч намойишидан бошланди. Бунга сабаб эса Кремль расмийлари, шахсан Михаил Горбачёвнинг республика раҳбариятини алмаштиришни истагани бўлди. 

Горбачёвнинг хотираларида ёзилишича, Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг 27-съездидан сўнг у Қозоғистоннинг кексайиб қолган раҳбари Кунаев билан учрашиб, унинг истеъфосини муҳокама қилган. Кунаев истеъфога чиқиш истагини билдирган ва кейинчалик Қозоғистоннинг биринчи президенти бўлган Нурсултон Назарбоевни эмас, компартия билан илгари алоқаси бўлмаган шахсни тайинлашни таклиф қилган. 

Кунаев эса ўз китобида Горбачев ундан ҳеч қачон унинг ўрнини ким эгаллаши ҳақида маслаҳат сўрамагани ва фақат юқоридан “яхши ўртоқ” юборилишини айтганини ёзади.

Шундай қилиб Қозоғистонга раҳбар этиб илгари Ульяновск вилоятида раҳбар бўлиб ишлаган рус миллатига мансуб Геннадий Колбин юборилди. Бу қозоқ халқига ёқмаслиги тайин эди. 

Воқеалар 1986 йил 16 декабрдан 19 декабргача давом этди. Намойишлар 17 декабрь куни эрталаб бошланди. Олмаота олий ўқув юртларида ўқийдиган талабалар республика раҳбарини қозоқ миллатидан тайинлаш талаби билан чиқишди. Аммо исёнчиларнинг талаблари барбод бўлди, «безори»ларни зўравонлик билан тарқатиб юбориш учун Брежнев майдонига (ҳозирги Республика майдони) ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва бир гуруҳ махсус ҳарбий кучлар олиб келинди. СССР Ички ишлар вазирлиги буйруғи асосида тайёрланган «Қуюн-86» операциясига кўра, қўзғолон шафқатсизларча бостирилди.

Бутун шаҳар бўйлаб зўравонлик авж олди. Кейинги кунларда норозилик намойишлари Чимкент, Толдиқўрғон Қарағандага ҳам тарқалди.

Бу ҳақда собиқ Иттифоқнинг ахборот агентлиги ТАСС шундай деб ёзган:

“Миллатчи унсурлар томонидан гиж-гижланган бир гуруҳ талабалар кеча ва бугун кечқурун Олмаота кўчаларига чиқиб, яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлис қарорларини маъқулламаганликларини билдирдилар. Безорилар, паразитлар ва бошқа ғайриижтимоий шахслар бу вазиятдан фойдаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйган. Улар озиқ-овқат дўкони ва шахсий машиналарга ўт қўйишди ва шаҳар аҳолисини ҳақорат қилишди.

Завод-фабрикалар, мактаблар ва бошқа муассасаларда бу хатти-ҳаракатларни қораловчи йиғилишлар ўтказилди”.

Иккинчи куни норозилик намойишлари фуқаролик тартибсизликларига айланиб кетди, чунки кўчаларда, университетлар ва ётоқхоналарда қўшинлар, кўнгиллилар ва милиция бўлинмалари ва қозоғистонлик талабалар ўртасидаги тўқнашувлар кенг кўламли қуролли тўқнашувга айланиб кетди. Тўқнашувлар учинчи кунгача назорат қилинмади. Олмаотадаги воқеалардан сўнг Чимкент, Павлодар, Қарағанда ва Толдиқўрғон шаҳарларида ҳам кичик норозилик ва намойишлар бўлиб ўтди.

Воқеа иштирокчиларига нисбатан сиёсий таъқиблар бошланди. 99 киши судланган, 264 нафар талаба ўқишдан ҳайдалган. 1987 йилнинг ёзида КПСС Марказий Комитетининг қарори чиқди ва декабрь воқеалари қозоқ миллатчилигининг кўриниши сифатида баҳоланди.

Қозоғистон ССР ҳукумати маълумотларига кўра, тартибсизликлар пайтида икки киши, жумладан, кўнгилли полициячи ва бир талаба ҳалок бўлган. Уларнинг иккаласи ҳам бошига тушган зарбадан вафот этган. Яна 100 га яқин киши ҳибсга олинган, яна бир неча киши меҳнат лагерларида қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бироқ АҚШ Конгресси кутубхонаси келтирган манбаларга кўра, камида 200 киши ҳалок бўлган. Баъзи маълумотларга кўра, қурбонлар сони 1000 кишидан ошган.

Ёзувчи Мухтор Шахановнинг айтишича, бир КГБ ходими 168 намойишчи ўлдирилгани ҳақида гувоҳлик берган. Желтоқсан воқеалари кейинчалик мустақил Қозоғистонда пайдо бўлган «Азат» ва «Алаш» сиёсий партиялари ҳамда «Желтоқсан» ҳаракатининг асосий платформалари негизини ташкил этди. Декабрь воқеалари жамият сиёсий ҳаётини демократлаштиришга туртки берди.

18 декабрь куни яна майдонга тўпланмоқчи бўлган исёнчиларга қарши армия кучлари қўлланилди. Қўзғолончиларнинг қолган гуруҳларини қувиб чиқариш учун тезкор отрядлар, милиция ва ҳушёрлардан махсус гуруҳлар тузилиб, шаҳар кўчаларига ҳайдаб чиқарилди.

Желтоқсан қўзғолонига КПСС МҚ қарори билан «қозоқ миллатчилигининг кўриниши» деб баҳо берилди, қўзғолонда қатнашган фуқаролар қатағон қилинди. Бироқ собиқ Иттифоқнинг тоталитар, мустамлакачилик сиёсатига қарши қозоқ ёшларининг озодлик кураши катта тарихий воқеа бўлди.

Декабрь қўзғолонининг тарихий аҳамияти ҳозирги пайтда ўз баҳосини олган бўлса-да, қўзғолон сирлари ҳалигача тўлиқ очилмаган.

Ёқуб Умар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: битта мажлисда талоқнинг такрорланиши

260 22:05 24.01.2022

Қатағон қурбонлари: Носирбек тўқсабо Абдураҳимов

567 21:05 24.01.2022

Динимни ўрганаман: қазо рўза узлуксиз тутиладими ёки бўлиб-бўлибми?

425 20:10 24.01.2022

Исломий «Youtube» каналлар дайжести

228 19:30 24.01.2022

Ўзбекистоннинг яшаш учун қиммат давлатлар қаторидаги ўрни маълум бўлди

893 19:00 24.01.2022

Омикрон инсон танасига қандай кириши маълум қилинди

1018 18:30 24.01.2022
« Орқага