Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

23 февраль – ўзбек учун байрам эмас!

5421

23 февраль санаси Россияда рус қуроли эришган ҳарбий шуҳрат кунларидан бири сифатида нишонланади.

Қадрли ёшлар ва эркакларнинг эски одатга кўра, 8 март байрамига жавобан 23 февраль «байрами» билан табриклашга билиб-билмай ҳозирлик кўраётган азиз аёллар: агар ушбу мақолани ўқиб чиқсангиз, айнан мана шу сана қаердан келиб чиққани, ўша «ҳарбий шуҳрат»нинг тарихий мазмун-моҳиятини билиб оласиз. 

Подшога, демакки, давлатга қарши содир этган террористик ҳаракатлари учун суд ҳукмига биноан дорга осиб ўлдирилган акаси Александр Улянов каби жиноий фаолият юритган ва бундай қилмишлари учун кўп марта қамалиб, сургун қилинган, ўзининг ҳақиқий фамилиясини яшириш учун ўзига турли лақаблар, шу жумладан, Ленин лақабини қўйиб олган Владимир Улянов исмли террорчи шахс ва унинг бир қатор жиноятчи ҳамтовоқлари, ўша даврнинг ўрис ишчи-деҳқонлари орасида юзага келган норозилик кайфиятидан фойдаланиб, 1917 йилнинг октябрь ойида Россия ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон уюштирди.

Жиноятчи тўданинг ғаразли мақсади рўёбга чиқиб, давлат ҳукумати ағдарилди ва ўрнига Россия Совет Социалистик Республикаси (РСФСР) деб номланган давлат ва унинг Халқ комиссарлари кенгаши тузилди. Кўплаб масалалар билан бир қаторда, ушбу Кенгаш эски армияни тарқатиб, ўрнига янги армия қуриш лойиҳасини ишлаб чиқди.

1918 йилнинг январь ойида Кенгаш Ишчи-Деҳқон Қизил армияси ва флотини яратиш тўғрисида Декрет чиқарди. Ўша даврда Чор Россияси томонидан олиб борилган уруш давом этаётган бўлиб, янги совет давлатининг шартларига кўнмаган кайзер Германияси қўшинлари Россия ҳудудида олиб бораётган ҳужумкор ҳаракатларини тўхтатмади. Совет ҳукумати аҳолини урушга шошилинч равишда оммавий сафарбар этган тарзда, зудлик билан армия яратишга киришди.

1918 йил 23 февраль куни немис қўшинлари Псков ва Нарва бўсағаларида тўхтатилди ва мазкур сана Қизил Армиянинг “туғилган куни” дея эътироф этилди. 1922 йили ушбу санага расман Қизил Армия куни деган ном берилди. 1946 йилдан эътиборан Совет Армияси ва Ҳарбий-денгиз флоти куни сифатида нишонлана бошланди.

1995 йил 13 март куни, яъни Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан сўнг, ушбу санага Россия Федерацияси Давлат думаси томонидан қабул қилинган, РФ президенти Б. Ельцин томонидан имзоланган «Россия томонидан эришилган ҳарбий шуҳрат саналари ва хотира кунлари тўғрисида»ги Федерал қонунга мувофиқ Ватан ҳимоячиси куни, дея ном берилди.

Рус қуроли ҳарбий шуҳрат эришган кунлар кўп эканлигига ҳеч шубҳа йўқ. Бундай кунлар жумласига: 1242 йили А. Невскийнинг немис рицарлари устидан қозонган ғалабаси, 1770 йили турк флоти устидан қозонилган ғалаба, 1709 йили Пётр бирнинг шведлар устидан қозонган ғалабаси ва шу каби қатор саналар киради.

Ҳеч шубҳа йўқки, Чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсатини қонхўр Кауфман, генерал-губернатор Куропаткин, жаллод Головачев, тирсагигача бегуноҳ мусулмон қонига ботган Скобелев, Черняев каби каллакесар ўрис генераллари томонидан Шарқда қон ва қилич билан жорий қилгани ҳам, ўрис қуролининг ҳарбий «шуҳрат»га эришган кунлар жумласига киради. Ҳеч шубҳа йўқки, санаб ўтилган ҳарбий жиноятчиларнинг бари Марказий Осиё халқлари томонидан дунё тургунча лаънатланади.

Ўтган асрнинг 20 – 30-йилларида чиққан вақтли матбуотдаги турли мақола ва тарихий асарларда ўрис зобитларининг босқинчилик юришлари, Туркистон халқларини қанчалик шафқатсизлик билан қириб, қон қақшатгани, талагани ҳақида кўплаб ёзилган. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушидан кейин босилиб чиққан икки жилдли «Ўзбекистон халқлари тарихи» асарининг иккинчи китобидаги (Тошкент, ЎзФАН, 1947 й.) академик Бахрушин томонидан ёзилган бобларда чоризмнинг мустамлакачилик сиёсати кўпдан-кўп ҳужжатлар, далиллар асосида фош этилган. Мустақилликка эришганимиздан сўнг ҳам, тарихчи олимларимиз, адибларимиз томонидан амалга оширилган илмий-тарихий тадқиқотлар чоп этилган.

Шу ўринда, ўрис оккупантларининг вандал, ваҳший қонхўр бўлганликларидан далолат берадиган бир-икки мисол келтириб ўтаман:

Скобелев императору: «Местный народ оказался более культурным, чем мы думали. Мы никак не можем их поработить... Лишь только стерев с лица земли все созданное в древности памятники старины, мечети-медресе, религиозные книги, погасив их духовность, мы сможем подчинить их себе...»

Скобелев императорга: «Маҳаллий халқ биз ўйлагандан ҳам маданиятли эканки, ҳеч асоратга сола олмаяпмиз... Қадимги ёдгорликлари, масжид-мадрасалари, диний адабиётларини ер юзидан йўқ қилиб, миллий маънавиятига барҳам бергачгина, уларни бўйсундира олишимиз мумкин...» (И. А. Каримов. «Беседа с учеными-историками и журналистами». Журнал «Мулокот», 1998, № 5.)

«Генерал Черняев был лютым шовинистом. По его мнению, проживающие в Кокандском ханстве узбеки, киргизы, кипчаки и другие народы подлежали полному истреблению только за то, что они носили чабаны»

Кастельская Зинаида Дмитриевна (1909-1983), русский историк

(«Из истории Туркестанского края, 1865-1917»,  стр.15, «Наука» – 1980)

«Генерал Черняев ашаддий шовинист эди. Унинг назарида, Қўқон хонлигида яшаган ўзбеклар, қирғизлар, қипчоқлар ва бошқа халқлар фақат тўн (чопон) кийганликлари учунгина қириб ташлашга лойиқдирлар»

Кастельская Зинаида Дмитриевна (1909-1983), рус тарихчиси

(«Из истории Туркестанского края, 1865-1917», 15-бет, «Наука» – 1980)

На захваченных нами местностях, после нас поднимался густой черный дым…

Я рисовал только что повешенных людей, пока их тела трепыхаясь, бились в конвульсиях. Одного из воспитанников медресе я сам, собственноручно вытолкнул из минарета.

(В. Верешчагин, участник оккупации Туркестана, русский офицер-художник)

Биз қаерни босиб олган бўлсак, ўша ерда орқамиздан буруқсиб қора тутун кўтарилар эди...

Дорга осилган одамлар типирчилаб турганларида расмларини чизганман. Бир муллаваччани минорадан улоқтириб юбордим.

(В. Верешчагин, Туркистон босқинида қатнашган рус рассоми ва зобити)

Рус чоризми манфаатларини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилган М. Д. Скобелевнинг Туркистондаги ҳар бир қадамидан қон ҳиди келиб туради. Аммо бу зот кўҳна Осиё бағрига келгунча ҳам фаришта эмас эди. Унинг ҳарбий фаолияти зулмга қарши бош кўтарган поляк ватанпарварлари исёнини қонга ботиришдан (1864) бошланган. Бу «хизмати» учун у 4-даражали муқаддас Анна нишони билан тақдирланди. Ўзини тезроқ кўрсатиш, шон-шуҳрат орттириш талвасаси айниқса Хива юриши (1873) даврида авж олади. У Хива юриши бошланишидан олдин ўртоқларига «Бу гал албатта Георгий крести оламан!» деб мақтанган эди. 

(И. В. Казначев «Генерал-адъютант М. Д. Скобелев», Петроград, 1916).

Сўзим бошида айтилгандек, 1917 йилнинг октябрь ойида террорчиларнинг қуролли қўзғолони уюштирилиб, Россия ҳукумати ағдарилди. Туркистон ҳудудида қонхўрликнинг ҳавосини олганлар рус подшоси ва унинг оила аъзоларини ваҳшиёна ўлдириб ташлади.

Чор Россияси томонидан босиб олинган бўлиб, Россия империяси таркибига зўрлаб қўшиб олинган Туркистон генерал-губернаторлиги 1918 йили РСФСР таркибидаги Туркистон Мухтор Совет Социалистик Республикасига айлантирилди, 1924 йили эса РСФСР таркибидан чиқарилиб, Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи (ССРИ) таркибига Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси номи ила мажбуран киритилди.

Агар В. Ленин бошчилигидаги, ўзини большевиклар деб атаган террорчилар тўдаси чиндан ҳам ҳурриятпарвар бўлиб, ишчи-деҳқонлар томонидан бошқариладиган давлат тузишни ният қилганда, Туркистон халқига чоризмнинг мустамлакасидан озод бўлганини эълон қилган, минтақамизни ўз холига қўйган бўлмасмиди?

Йўқ, ҳокимиятни бузуқ ният-ла қўлга олган террорчилар тўдаси ўз ниятини амалга оширишга киришди. Давлат бошқаруви ўзлари ўтириб чиққан қамоқхоналардаги жиноятчилар томонидан сўзсиз риоя этиладиган норасмий ўзини ўзи бошқарув тизимидан кўп фарқ қилмади. Бошқача қилиб айтганда, миллионлаб ноқулай одамлар, бошқача фикрлайдиган кишилар аёвсиз қатағон қилиб бориладиган қирғин-барот бошқарув тизими жорий этилди.

В. Ленин бошчилигидаги большевиклар ҳукумати ва Туркистондаги асосий большевик Ф. И. Колесов раҳбарлигидаги ўлка Халқ комиссарлари кенгаши сўзда «миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш» ҳуқуқи учун жонбозлик кўрсатсалар-да, амалда ягона ва бўлинмас Россия учун кураш олиб борди ва бу борада Чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсатини очиқдан-очиқ давом этди.  Ўрта Осиё минтақаси Совет империяси ҳудудига мажбурий равишда киритилганча қолдирилди, аҳолининг империя таркибида қолишни истамаган, бу масалада эътироз билдирган шўрпешана табақасига босмачи деган тамға босилиб, яна бир ҳарбий жиноятчи бўлмиш Михаил Фрунзе раҳбарлигидаги ёш Қизил Армия қўшинлари томонидан шафқатсиз қиличдан ўтказилди. Бошқача қилиб айтганда, 1918 йил 23 февралда ташкил топган Қизил Армия томонидан юртимиз ҳудудида 1920 йили бошланган ушбу хунрезлик 1933 йилга қадар давом этди.

Буюк давлатчилик шовинизми бошқа миллатлар ва мамлакатлар билан ўзаро маданиятли ҳамкорлик қилишга тайёр эмасликдан келиб чиқади. Унинг ифодачилари ҳарбий империялардир. Бу империяларнинг иқтисодиёти босиб олинган ҳудудларни эксплуатация қилар ва ҳатто уларнинг ҳаётий манбалари ҳисобига яшар эди. Айни чоғда, бўйсундирилган халқларга, уларнинг маданий жиҳатдан ва умуман миллий жиҳатдан норасолиги ҳақидаги ҳалокатли ғоя сингдирилар эди.

Бизнинг ўлкамиз ҳам ана шундай қисматдан қочиб қутула олмади. У ҳам узоқ вақт давомида ҳукмрон шовинистик ва агрессив миллатчилик ғояларининг бутун жафоларини тортиб келди. Ўзбекистон Россия иимперияси, сўнгра эса Совет империяси таркибида мажбуран ушлаб турилган мураккаб даврни бошидан кечирди. Бу давр ҳозирги пайтда турлича, баъзан бир-бирини истисно этадиган тарзда талқин қилинмоқда. 

1990 йили Москвадаги «Патриот» нашриётида Борис Акимович Костиннинг «Скобелев» деб номланган китоби чоп этилди. Нашриёт томонидан ёзилган маълумотномага кўра: «Чинакам фактлар ва ҳужжатларга асосланган мазкур китобда машҳур рус саркардаси – генерал М. Д. Скобелевнинг ҳаёт йўли ва ҳарбий фаолияти ҳикоя қилинади. Ҳарбий санъатни пухта билиши, аскарларга доимий ғамхўрлик ва ғолибона жанг саҳифалари Россияда ҳамда чет элларда унга катта шуҳрат келтирган эди»

Масала равшан. Бироқ бизга малол келадиган ғалати жойи шундаки, расмий Москва шунча гап-сўзлардан кейин ҳам лоақал заррача фикрини ўзгартирмади. Қоғозда халқлар дўстлиги, интернационализм, қардошлик ҳақида лоф уриб ёзилса-да, амалда ҳамма нарса «улуғ рус халқи» манфаатларини тарғиб қилишга бўйсундирилган.

Скобелев каби одамхўрларнинг кўкрагини безаган Георгий орденининг чиркин рангли тасмасини айрим фуқароларимиз ўз бобосининг «қаҳрамонлиги»дан хотира сифатида РФ давлат байроғи билан бирга шахсий машинасининг салонида тақиб юрибди. Ленин менинг бобом бўлмаган каби, А.Темур уларнинг бобоси бўла олмайди, бу тушунарли, албатта. Лекин ўша чиркин тасмани тақиб юрган ўзбекларни қандай тушуниш керак? 

Босқинчи ҳар доим босқинчилигини қилади. «Оқ ит, қора ит – барибир ит», деб бежиз айтилмаган. Муқаддас тупроғимизга қурол кўтариб кирганларлар томонидан содир этилган қонли жиноят ва ҳарбий кирдикорларнинг оқланиши, айниқса, босқинчиларнинг «маданият олиб келувчилар» сифатида талқин қилиниши, айрим фуқароларимизнинг ҳамон георгий тасмасига эҳтиром кўрсатиши, бир-бирларини 23 февраль санаси билан қизғин қутлашлари – мулоҳаза юритилаётган йилларда эрк ва мустақиллик йўлида курашган қаҳрамон ота-буваларимизнинг руҳи-поклари, халқимизнинг беҳисоб қурбонлари хотирасининг камситилиши, таҳқирланишидан (ёки ўша ҳарбий жиноятчилардан қолган авлоди эканлигидан ғурурланишдан) ўзга нарса эмас!

Юқорида баён этилган тарихий маълумотлардан кўриниб турибдики, давлатчилигимизнинг минг йиллик тарихи Россия империясига зўрлик билан қўшиб олинишимиз натижасида узилиб қолган эди. Фақат мустақилликка эришилгандан кейинггина халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъектига айланган суверен Ўзбекистон янги давлатчилигини қуриш ва ривожлантиришга киришди.

Хусусан: 1991 йилнинг 31 август куни «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ушбу муҳим ҳужжат ёш республикамиз учун ҳарбий сиёсат юритиш ҳуқуқини берди. Шу куни эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги баёнот эса ўз Қуролли Кучларимизни ташкил этиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

1991 йилнинг 6 сентябридаги «Мудофаа ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони соҳанинг пойдевори саналади. 

1992 йил 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига айлантирилди.

1992 йилнинг 14 январь куни Республика Олий Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида»ги қарори жуда муҳим тарихий аҳамиятга эгадир. Мазкур қарорга кўра республикамиз ҳудудидаги ҳарбий тузилмалар давлат тасарруфига олинди.

1993 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг қарори билан 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни деб белгиланди.

Ҳар йилнинг 14 январь санасида Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг Ватан ҳимоячиларига йўллаган Байрам табриги чоп этилиб, унда бирлашма, қўшилма, ҳарбий қисм ва бўлинмаларимиз томонидан эришилган ютуқлар, уларни атрофлича таъминлаш, ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар ва ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар тилга олинади.

Давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлайдиган, замон талабларига жавоб бера оладиган том маънодаги мустақил Қуролли Кучлар Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар орасида ҳозирча фақат бизда – Ўзбекистондагина мавжуд. Буни ҳамма билади ва тан олади. Ёш республикамиз мустақилликка эришганидан буён ҳали у қадар кўп вақт ўтмай туриб, ўз миллий армиясини яратганча, унинг жанговар, ҳарбий-техник, ижтимоий, маънавий-маърифий, молиявий-иқтисодий таъминотини бекам-у кўст йўлга қўя олди.

Шокир Долимов,

 Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси, 

истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Элиф ва Меҳмет» мультсериали. 5-қисм

35 16:00 06.03.2021

Жаҳрий зикр қилишликдаги одоблар

117 15:16 06.03.2021

"Фотиҳа"нинг муҳим бир ояти

268 15:01 06.03.2021

Сенегал: мухолифатчининг ҳибсга олиниши ортидан тўполонлар (фото)

100 14:30 06.03.2021

Маҳр борасида қай даражада маълумотга эгамиз?

217 14:05 06.03.2021

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Мьянма бўйича бир тўхтамга келолмади

136 13:30 06.03.2021
« Орқага