47 жилддан иборат «Катта фиқҳ энциклопедияси» нашрга тайёрланмоқда

10:06 29.08.2019 626

"Qaqnus media" нашриёти томонидан уч-тўрт йиллардан бери "Катта фиқҳ энциклопедияси" нашрга тайёрланади. Энциклопедиянинг арабча версияси 45 жилддан иборат. 200 таниқли олим томонидан тайёрланган мазкур иш аввал Миср ва Суриядан иборат Бирлашган Араб республикасида бошланган. Ва маблағ тақчиллиги сабабли Кувайт давлатида ниҳоялангани учун "Кувайт фиқҳ энциклопедиси" номини олган. Энциклопедия кўплаб мусулмон мамлакатларда нашрдан чиққан бўлиб, фиқҳ ва қонунчиликда маҳкама, муассаса ва олимларнинг асосий мурожаат қиладиган манбаси бўлиб қолган. У жаҳоннинг турли тилларига таржима қилинаётган бўлиб, фақат урдучаси тайёр  ва нашр этилган. Энциклопедиянинг урдучаси Покистонда нашр этилиши катта тантаналар билан қарши олинган ва у тантаналарда бош вазир ўринбосари ва бошқа вазирлар иштирок этиб, нутқ сўзлашган.

Ана шундай онлар сурурига биз ўзбек китобхонлари ҳам ноил бўлишимизга, Худо хоҳласа, оз қолди. Энциклопедиянинг ўзбекча версияси 47 жилддан иборат бўлиб (ўзбекча версияда "Истилоҳлар луғати" ва "Олимлар таржимаи ҳоли" номли икки китоб қўшилган), уни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўриб чиқди ва Дин ишлари бўйича қўмитага ижобий хулоса берди.

Умидимиз, энди қўмита ўзининг ижобий экспертиза хулосасини берса, ўзбек ўқувчилари катта ва қимматли бир манбага эга бўламиз.

Энциклопедия таржимаси яримлаган. Таржимонлар юртимизнинг етук ва таниқли уламолари ҳисобланади. Дуоларингиздан умидвормиз.

Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!