Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

5 дақиқа учун 5,5 млн сўм жарима ёхуд қандай қилиб “мулла” бўлдим...

3365

Кўчаларимизда кундан кунга автомобиллар сони ортиб боряпти. Давлат статистика қўмитасининг хабар қилишича, Ўзбекистонда ҳозирги кунда ҳар 100 та хўжаликка 49 та енгил автомобиль тўғри келмоқда.

Шундай бўлгач, ҳайдовчилик маданияти деган гап ўз-ўзидан кун тартибига чиқаверади. Кимларнингдир хатти-ҳаракатини танқид қилиш ниятим йўқ (чунки кўчаларимиздаги манзара шундоқ ҳам барчага аён). Фақат ўзимга ёққан айрим ҳайдовчиларнинг ибратли ҳаракатлари ва тезликни меёрдан ошириш оқибатлари ҳақидаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман, холос.

Бир акамиз бор, машинани шундай тартибли ҳайдайдики, унинг ёнида юрсам, жудаям хотиржам бўламан. Йўл сўраганга йўл беради, шошилмайди, хавфли “манёвр”лар қилмайди. Шиори ҳам ажойиб: “Аҳмоққа йўл бер!” 

Баъзан каминадан сўраб қолади: “Йўл кимники?” Жавобим китобий: “Кимга яшил чироқ ёнса, ўшаники-да!” “Йўқ, – дейди у хотиржам. – Йўл аҳмоқники!” Кейин ҳикматли латифа айта бошлайди.

“Бир куни Афанди эшагини миниб кетаётиб бир кўприкка дуч келибди. Энди ўта бошласа, у тарафдан бир бой отда шошиб келиб қолибди. Табиийки, йўл кўприкка биринчи келган афандиники. Аммо бой бой-да – ўзиники ўтказиш пайида бўлади.

– Эй Афанди, қоч, мен аҳмоққа йўл бермайман, – дебди ўзича аския қилиб.

– Мен бераман, бой ота, ўтинг, марҳамат, – деган экан Афанди...”

Мириқиб куламан. У давом этади:

“Бир отахон эллик йил ҳайдовчилик қилибди, лекин бирор марта ҳам авария содир этмабди. Мухбирлар ундан: «Отахон, бундай муваффақиятга қандай эришдингиз?» деб сўрашибди. Отахон шундай жавоб берган экан: “Болам, аҳмоққа йўл бериб...”

Йўлимиздан юк машинаси чиқиб қолса, унга ён беради ва ўрни келганидан фойдаланиб айтади: “Ҳайдовчи бошқаларни ҳурмат қилиши керак. Айниқса, юк машинасини бошқараётганларни... Чунки бунақа машиналарни бошқариш осон эмас. Автобус, “машкуртка”ларга ҳам йўл бериб юрсанг, савоб бўлади. Сабаби улар кўпчиликка хизмат қилади. Йўл берсанг, йўлинг очилади, деган ота-боболаримиз...”

У яна ҳикоясини давом эттиради: 

“Бир табассум, бир имо дўст қилур ағёрни ҳам, дейди шоир. Бу гапда жон бор экан. Кунларнинг бирида биттаси беодобларча шартта йўлимни кесиб, мени ноқулай вазиятга солиб кетди. Орқасидан қувиб бориб, энди ғазабимни сочаман, десам, у менга қараб жилмайди ва қўлини кўксига қўйиб: “Узр, ака, узр...” – деди. Ажабо, ғазабим ўз-ўзидан йўқолиб, юзимга беихтиёр табассум югурди. Дарҳол “ҳечқиси йўқ”, деб кечирдим ва хушкайфиятда йўлимда давом этдим. 

Дарвоқе, сарлавҳадаги гап ҳақида...

Иш юзасидан, оилавий эҳтиёжлар важидан тез-тез водийга бориб тураман. Ҳар бир йўлга чиққан йўловчи қатори камина ҳам манзилимга тезроқ етиб олиш ҳаракатида бўламан. Одатда ҳар доим вақтга қараб, текшириб юраман, у ёққа, ё бу ёққа уч соат ёки уч соату йигирма дақиқада етиб келардим. Бир йил давомида “радар”га тушган жарималарим беш ярим миллион сўмдан ошиб кетибди (битта икки, иккита бир млн сўмлиги бор экан). Радарга қарши мослама ҳам панд берибди. Ўздан-ўзим ранжиб юрдим, аммо барибир ўзимни оқлайдиган баҳоналарим босиб кетаверди.

Бир ойча муқаддам Azon.tv’да эфирга узатилган “Жумадан жумагача” дастури орқали устоз Мубашшир Аҳмаднинг йўл қоидалари ҳақидаги фикрларини эшитиб қолдим. У кишига кўра, йўл ҳаракати қоидалари амал қилиш мусулмон кишининг ахлоқидан экан. Шу фикрларни эшитганимдан кейин ўзимга ваъда бердим: “Қоидани бузмайман! Секин юраман!” 

Тошкентга қайтишда машинамни “қоидалар”га риоя этган ҳолда бошқардим ва... Уйга етиб келганимда аниқласам, йўлга уч соату йигирма беш дақиқа сарф этибман. Яъни одатдагидан беш дақиқа кеч келибман, холос. Беш дақиқагина... Афсусланиб кетдим. Демак, қандайдир беш дақиқа учун беш ярим миллион сўмдан зиёдга тушдим! Бай, бай, бай... Майли, нима ҳам дердим, Аллоҳ хайрлиси билан тўлдирсин. Ўшандан буён жаримага тушмадим, алҳамдулиллаҳ.

Дарвоқе, ўша охирги тез юрганимда қайсидир бир “эпчил” радар ускунаси бир миллион бир юз ўн беш минг сўмлик жарима ёзиб қўйибди. Ўн беш кунлик имтиёздан фойдаланиб, тезгина етмиш фоизини тўладим.

Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, охирги пайтларда хусусий тадбиркорларга тегишли тартибда йўлларга “радар қўйиш”га рухсат берилгани мени ҳам ранжитди. Аммо... қоида бўйича юрсак, радарларга “иш” қолмайди, иншааллоҳ...

Абдулазиз Муборак

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаҳрий зикр қилишликдаги одоблар

92 15:16 06.03.2021

"Фотиҳа"нинг муҳим бир ояти

241 15:01 06.03.2021

Сенегал: мухолифатчининг ҳибсга олиниши ортидан тўполонлар (фото)

92 14:30 06.03.2021

Маҳр борасида қай даражада маълумотга эгамиз?

202 14:05 06.03.2021

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Мьянма бўйича бир тўхтамга келолмади

131 13:30 06.03.2021

Ҳазрат Навоий ва тасаввуф

114 12:30 06.03.2021
« Орқага