500 минг доллар сармоя киритган инвесторни МИБ ходимлари ҳайдаб чиқармоқда. Инвестор эса бундан ҳайратда...

20:40 07.08.2018 5082

Жорий йилнинг баҳорида хитойлик тадбиркор Куан Румбо Олмазор туманидаги кичик саноат зонасидан бино олиб, Ўзбекистонда ўз бизнесини бошлаган эди.

Орадан ўтган вақт давомида у буткул ташландиқ ҳолга келиб қолган бинони тозалаб, тартибга келтирди. Зангламайдиган металлдан ошхона анжомлари тайёрлашга мўлжалланган замонавий ускуналарни Хитойдан олиб келди. Монтаж ишларини якунлаб, 30 нафар ёш йигитга ускуналарни бошқариш дарсларини ўтишни бошламоқчи бўлиб турганда, МИБдан келган вакиллар корхона биносини сотилишини айтишди.

Бошланишига 500 минг доллар сармоя киритиб, яна маблағ олиб келишни ўйлаб турган инвестор бундан ҳайратда.

– Ўзбекистонда ҳар томонлама рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқармоқчи эдим, – дейди тадбиркор. – Тендерда иштирок этиб, 10 йилга фойдаланиш учун бино ютиб олдим ва инвестиция киритдим. Ҳозирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан буюртмачилар бор. Улар маҳсулотни чиқаришимизни кутиб турибди. Лекин фаолият бошлашимизга халал бермоқда. Олмазор тумани МИБ келиб, бизни ёпмоқчи, уларнинг айтишича, бу жойнинг қарзи борлиги учун хатлаб, сотишмоқчи. Қарзи бўлса, нега тендерга қўйилган?

Биз ана шу саволга жавоб излаб “Олмазор кичик саноат зонаси“ раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашдик.

– Шу йилнинг баҳорида Президентимиз қарори билан “Оникс“ (собиқ “Миконд“) биллур заводи “Олмазор кичик саноат зонаси“га айлантирилган эди, – дейди бўлим бошлиғи Шуҳрат Шукуров. – Акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этилган бу корхона ҳудудидаги бино, иншоотларни имтиёзли шартлар асосида ижарага бериш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, 2017 йилда танлов савдолари ўтказилди. Натижада ҳудуд 40 тадбиркорга 10 йиллик муддатга, имтиёзли равишда тақдим этилди. Улар билан экспортбоп, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан ижара шартномалари туздик.

Айни вақтда 18 корхонада таъмирлаш ва монтаж ишлари олиб борилмоқда. 22 корхона иш бошлаган бўлиб, уларнинг 8 таси экспорт билан шуғулланмоқда. Бугунги кунда учта корхона 37,3 минг доллар миқдорида экспортни амалга оширди.

Бундай ютуқларга эришилгани яхши албатта. Бироқ, юртимизда хорижий инвестицияларни жалб этиш, инвесторларга шароитлар яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганда уларга берилган бино нега сотувга қўйилмоқда? Бу саволга ҳудуд раҳбарлари шундай жавоб берди: “Туман солиқ идораси ҳеч нарсани, ҳатто Вазирлар Маҳкамаси қарорини ҳам тан олмай, бизга МИБ ходимларини юбормоқда. Аслида ҳеч қандай қарздорлик ҳам, қарз ҳам йўқ. Ваҳоланки, жамиятнинг 01.07.2017 йил ҳолатига бюджет, давлат мақсадли жамғармалари бўйича мавжуд қарздорликлари ва унга ҳисобланган пеня ҳисобига давлат улуши оширилиши белгиланган. Биз топшириқ ижросини таъминладик. Бироқ... Тошкент шаҳар давлат солиқ инспекцияси...”

Биз, туман солиқ идораси вакиллари билан боғланишга, масалага ойдинлик киритишга уриниб кўрдик. Бироқ, ҳаракатларимиз изсиз кетди. Улардан аниқ жавоб олиш учун бирор бир мутасадди раҳбарни топишнинг иложи бўлмади.

Улар жамиятни қарздорликда айблаб, ҳисоб рақамига банд солганлиги сабабли ҳудудда иш бошлаган тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратиш, уларни энергия ресурслари билан таъминлаш имкони бўлмаётган экан. Энг ёмони МИБ жамият ҳудудидаги, қисман тадбиркорларга ижарага берилган бинони сотиш чорасини кўрмоқда. Бундан эса тадбиркорлар хавотирда.

– Ўтган йилнинг декабрида тендерда ютиб, март ойидан ускуналаримизни босқичма-босқич ўрнатиб, 25 иш ўрни яратдик, – дейди “Елкан АК“ корхонаси раҳбари Абдубосит Ғанихўжаев. – Биз ишлаб чиқараётган автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар авваллари Корея, Хитойдан катта маблағ эвазига олиб келинарди. Маҳсулотларимиз импорт ўрнини бемалол босиб, сифати ва нархи борасида рақобатлаша олади. Айни вақтда Хитойдан Европа стандартларига жавоб бера оладиган замонавий ускуналар олиб келиш ҳаракатидамиз. Қирғизистон ва Россия билан ҳамкорлик қилиш борасида келишувга эришдик. Ишларимиз олдинга силжиётган шу кунларда ўзимизга бўлган ишончни йўқотиб, ҳаловатимизни ўғирлаётган муаммо чиқиб қолди. У ҳам бўлса, биноларни сотувга қўйилаётгани.

Ҳозирда ойлик айланма маблағи 60 миллион сўмни ташкил этаётган корхонада келгусида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, иш ўринлари яратиш борасида йирик бизнес лойиҳа мавжуд. Бинони эпақага келтириш, ишчиларга қулай шароит яратиш, овқатланиш хоналари ташкил этиш мақсадлари учун тадбиркор 50 минг доллардан кўпроқ маблағ сарфлаган бўлиб, энди яна кўчишга тўғри келса, моддий ва маънавий зарарни ким тўлаши билан қизиқмоқда.

– Биз ҳам йилнинг охирига қадар 40 дан зиёд иш ўрни яратмоқчимиз, – дейди “Риқсиева Шоҳиста“ масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Абулбори Турсунов. – Ҳозир 25 нафар йигит-қизни иш билан таъминлаганмиз. Ҳоким қарори асосида ўтказилган тендерда ғолиб бўлиб, март ойида иш бошлаганмиз. Улкан ниятлар қилиб, режалар тузиб тургандик. Энди сотувга қўйиш ҳақидаги гап чиқиб қолди. Агар ҳақиқатда шундай экан, нега тендер ўтказиб, бизни овора қилишди. Бу жойлар вайрона бўлиб ётганди. Тозалаб, ишлаш мумкин бўлган шароитга келтиргунча озмунча маблағ ва куч сарфладикми? Энди уни кимдир сотиб, мўмай даромад қилмоқчига ўхшайди? Биз, тадбиркорлар нима қилишимиз керак?

Бу каби тадбиркорларнинг ҳақли эътирозларини тинглаб, наҳотки, юртимиз иқтисодий салоҳиятига муносиб улуш қўшаётган ишбилармонларнинг дардини ҳеч ким эшитмаса, дея ҳайрон бўлдик. Сўнгра Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг тумандаги вакилларига мурожаат қилдик.

– Биз жорий йилнинг 31 июлида ҳудуддаги тадбиркорлар билан учрашдик, – дейди партия Олмазор тумани кенгаши раҳбари Жасурбек Қодиров. – “Олмазор кичик саноат зонаси“да фаолият юритаётган тадбиркорларнинг бир қатор муаммолари аниқланди. Депутатлик гуруҳи билан биргаликда бу муаммолар ечимини топиш чораларини кўрмоқдамиз.

Хусусан, масалани ўрганиб, мутасадди идораларга депутатлик сўровларини юбордик. Улар қонун бўйича ўн кунда жавоб беришади. Шунга қараб, нима қилишни ўйлаб кўрамиз.

Фикрларни тинглаб, аслида муаммо нимада, хорижий инвесторни жалб этиш борасида ҳатто Президентимиз жон куйдириб турганда МИБ ва солиқ идоралари ходимлари нимани ўйлаб бу ишларни бошлади экан, деган саволларга жавоб изладик.

Масалани моҳиятини билгач, туман солиқ идорасининг муддаоси нима? Тадбиркорларни ишдан кўнглини совутиб, юртимиз иқтисодиётига зарар келтирмоқчими? Наҳотки, улар Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ҳам қарши чиқа оладиган қудратга эга бўлса, ёки улар ҳеч кимни назар писанд қилмайдими? деган хаёлга бордик. Ваҳоланки, олдин бу ҳудудда фаолият юритган "Миконд"нинг 9 миллиард қарзи бўлиб, ер кичик саноат зонасига ўтгач, қарз ҳам унга мерос бўлиб қолган. Шунга қарамай Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, қарздорлик кечилган ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган танлов асосида жойлар тадбиркорларга имтиёзли равишда 10 йиллик муддат билан ижарага берилган.

Айни вақтда эса солиқ идорасининг талабига кўра, МИБ томонидан хатлов ишлари олиб борилмоқда. Бундан эса тадбиркорлар азият чекмоқда. Инвесторлар эса кетиш кайфиятида. Уйлаб қоласан киши: Солиқчи ва МИБнинг мақсади, асл муддаоси нима?

 

Манба: ЎзА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!