9:00 дан 21:00 гача навбат

11:00 13.04.2019 536

Тонгда тўсатдан кичик қизим юзи ишиб кетти. Шамоллаш аломати йўқ, тиш оғриғи аломати йўқ, иситма йўқ, шунчаки юз дўмбира бўлиб қолган. У бу ҳашорат чаққан бўлса керак, эрталабгача яхши бўлиб қолар деган хаёлда, қизалоғимни яна ухлатиб қўйдим. Эрталаб аҳвол яхшиланмади, аксинча ишиш катталашиб кетди. Тиш бўлса керак деган гумонда, эски ТошТИ, «жарроҳлик бўлими» (халқ тилида Қассобхона) тамон йўл олдим. Соат 9:00 у ер қассобхона деганларича бор экан. Экстренный касал ҳам, жағ чиққан, йиртилган, тиш жарроҳлиги, болалар қабулхонаси ҳаммаси бир жойда 10 хонада қабул қилинаверар экан. Хона ичида камида 10 та бемор, ташқарида 40 га яқин навбат. Ҳаво йўқ, бақир-чақир, боласини дардига шифо тилаб келган ота-оналар фарёди. Кимдир қорнида боласи, қўлида гўдаги, лаби йиртилган боласини жарроҳга олиб келган бўлса, кимдир боши йиртилган ўғлини етаклаб келяпти, кимдир қишлоқнинг тиш доктори нотўғри пломба қўйгани сабаб, қошигача йиринглаб кетган боласини жарроҳлик столига ётқизмоқчи, кимдир калтак еб чакаги чиқиб кетган ўғлининг тузалишидан умидвор бўлиб докторга юзланяпти... Касалхона ҳолати – 0 баҳолик ҳолатда, навбатга туриш тартибга солинмаган. Бола ноласига чидай олмаган оналар ўртасида жанжал. Орада танишларнинг навбатсиз қабули, Ҳожи онани қўйворақолилар деган ҳайқириқлар, шундоқ сўраб чиқаман деган илтимослар билан кириб кетиб ишни битиришлар, юқоридан қўнғироқлар, варақ-варақ анкета тўлдиришлар, орада СЕМИЗ-СЕМИЗ санитаркаларнинг четга ўтинглар мамаша, папаша одаммисила, деб бақириши, асабларни еб юборар экан. Атрофда кимдир дуо қилган, кимдир сўккан, болаларнинг йиғиси, шу ҳолатда туриб ҳам МИЛЛИОННИ концертини қулоқчинсиз кўраётганлар ҳам бор...

Хуллас алғов-далғов, кўнгилни ҳира қиладиган жойда, қизим билан навбатда турибман. Ҳаво йўқ, йўлак тор, амаллаб навбатга кириб олдик... Соат 10:00, навбатимиз келмади, лекин кимлардир қўнғироқ билан ишини битирди, соат 10:30 ҳали ҳам навбатдамиз, соат 11:00 навбатимиз келиб доктор қабулига кирдик. Рентгенга тушиб, анкета очтиринглар деган жавобни эшитдик. Тасаввур қиляпсизларми 2 соат навбат кутиб анкета очтириш ва рентгенга тушишни эшитдик. Шу нарсани эрталаб қабулхонада сўраганда айтсангиз нима бўларди, анкета очтирайлик, рентгенга тушайлик десам врач кўрсин дейишди. 1 дақиқалик кўрик учун 2 соат навбат турдим, энди анкета очтириш ва рентген учун навбатда тураман, кейин келиб бу ерда бошқатдан навбат тураманми деб тутоқдим, сизни навбатсиз қабул қиламиз деган жавобни олгач, анкета ва рентген учун  15 хона тамон йўл олдим.

Соат 11:30 рентген битти анкета очилди, 10 хонага қайтдим, навбатда 60 га яқин одам, доктор навбатсиз қабул қилди, аммо энди 16-хонада анализ топшириб, касаллик (историяси) тарихини ёздириб катта анкета очтирасиз деган жавобни олдим. Эшитяпсизми? Юзи ишиб, кўзигача ёпилиб қолган бола билан 2:30 соат навбатда туриб, 2 та анкета тўлдириш ва анализ учун йўлланма олдим. Анализ топширишга бордим, 40 дақиқада жавоб чиқишини ва у билан яна шифокор қабулига боришимни айтишди.

Соат 12:00, анализ жавоби чиқди, у билан яна 10-хонага бордим, энди бу қоғозларни олиб кейинги корпусга бориб, клиникада операция қилдирасиз, бу ерга боламни наркоз билан операция қилдиришга розиман деб қўл қўйинг деди доктор. Мен ҳайрон, кечирасиз 3 соатдан бери шу ердаман, 10 дақиқада ҳал қилса бўладиган иш экан, майли кутдим, бўзчини моккисидек у ёқдан бу ёққа қатнадим, ҳеч бўлмаса боламни нега операция бўлаётганини айтинг дедим. Шундан сўнг тиш таги йиринглаб кетгани, уни «Болалар юз ва жағ» бўлимида операция қилиш кераклигини айтди.

“Қассобхона”дан чиқиб, ўша бўлим томон йўл олдим. ТошТИ ҳудуди катта, бўлимни топиш учун кўчадаги шифокор кийимидаги 3 кишидан сўрадим, уччови-уч хил жойни тушунтиргани сабаб ТошТИ ҳудудини деярлик 1 марта айланиб чиқдим. Хуллас амаллаб манзилни топдим, қўлимдаги иккита анкета, анализ жавоби ва рентген билан қабулхонага кирдим. У ерда яна иккита анкета тўлдирилди, яна наркозда операция қилишга розиман деган қоғозга қўл қўйгунча соат 15:00 бўлди ва ниҳоят 6 соатлик қоғозбозликдан сўнг операция бошланди... Лекин жарроҳ барака топсин жуда қўли енгил экан, болани қийнамагани учун алоҳида ташаккур. Соат 21:00 да қизимга рухсат тегди. Ярим соатлик жарроҳлик учун 12 соат вақт сарфланиши менимча ўзимизга хос рекорд бўлса керак...

Жарроҳлик хоналарининг аҳволи алоҳида мавзу, клиниканинг қулаб тушай деб тургани алоҳида мавзу, палаталар заҳлиги, моғор босган деворлар алоҳида мавзу, ҳожатхонани гапириб ҳам ўтирмайман, 4 кишилик палатада 8 киши ётаётгани, хона, бино, ётоқлар авария ҳолатида эканлиги алоҳида мавзу. Шу ҳолатдаги бино, хизматларни назорати учун деярлик ҳар бир деворга камера қўйиб, кўриб ўтирган мазахист мутасадди ҳақида гапириш алоҳида мавзу.

Аллоҳ барчамизни паноҳида асрасин, фарзандларимиз ҳамиша соғ бўлсин.

 

Беҳзод АБДУРАҲМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!