«Аллоҳнинг моли қиммат…»

11:00 13.06.2019 1689

Бир қўшнимиз бор эди. Яхши ҳамсуҳбат, сокин тингловчи, киришимли ва ҳамма ҳурмат қиладиган, мақбул инсон эди. Бир куни кўчага чиқсам, мошинасини тайёрлаётган, қаергадир кетоқмоқчи, йўл тараддудини кўраётганди. Бориб аста назар солдим. Мошинанинг орқа ўриндиғида йигирмадан ортиқ қути шоколад бор эди. Унга салом бериб:

- Йўл бўлсин, қаерга кетяпсиз, қўшни? - дедим.

Алик олиб, менга чиройли кулди. Табассумининг маъносини тушунмадим.

- Менга ҳамроҳлик қилишни истайсизми? - деди.

- Ҳа, майли, фақат узоқ жой эмасми? - дедим.

- Йўқ, Худо хоҳласа кеч қолмасдан қайтамиз. - деди.

Кўчамиздан ўртача тезликда, қирқ дақиқалик йўл юриб, бир маҳаллага келдик. У ердаги уйлар хароба, ночор инсонларники эканлиги маълум эди. У киши мошинани тўхтатди. Тушдик. Шоколадларни олди. Аввалги эшикни қоқди. Эшикни кўпгина болачалар очишди. У кишини кўриб жуда хурсанд бўлиб кетишди.

- Онажон, шоколадчи амаки келдилар, - деб оналарини чақиришди. Уларга бир қути шоколадни бериб, болалар билан озгина суҳбатлашиб, кетишга изн сўради. Иккинчи эшикни тақиллатди. Эшикни кекса ёшли аёл очди. Унинг ҳаққига кўп дуолар қилди. «Аллоҳ сизга жаннат эшикларини очсин. Мевалари билан сийласин. Болажоним, бизни эслабсиз, йўқлабсиз, Аллоҳ сизни эсласин!» деди.

Унга ҳам бир қути шоколад берди. Изнини олди. Шундай қилиб, ҳар бир эшикдан айрича гўзал дуо - саломлар, ташаккурлар эшитилди.

Шоколадларни тарқатиб бўлиб, мошинага ўтириб, уйимиз томон йўналдик. Мен ҳайратда эдим. Унга:

-Қўшни, сизни Аллоҳ ёрлақасин! Жуда яхши иш қилдингиз - да. Лекин, бир савол туғилди. Нимага уларга ўша бир қути шоколадни пулини бериб қўя қолмайсиз? Улар ўзлари билгунларича,  керакли нарсаларни сотиб олишган бўлармиди? - дедим.

Саволим ажаблантиргандек у кулиб юборди.

Орқа ўриндиққа қараб қолган бир қути шоқоладни олиб менга берди.

- Очинг, уни. - деди. Мен уни очиб кўрдим. Унинг ичида шоколад билан бирга усти ўралган пул ҳам бор эди. Ҳайратим янада ошди.

- Нима пули ўзини шундоққина бериб қўя қолмадингиз, қўшни? - дедим. У одатдагидай кулиб деди:

- Мен шоколадни яхши кўраман. Ҳар куни ейман. Аллоҳ таоло: «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз.», (Оли Имрон: 92) дейди. 

Фақирларнинг ҳам, бизни егимиз келган нарсадан егиси келади. Дунё ишлари молнинг турига қараб, ўз ўлчови билан:

Темир тоннада;

Мева килода;

Тилла грамда;

Олмос каратда ўлчанади.

Лекин... Охиратнинг амаллари эса, зарралар билан қиёсланади.

«Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўради. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўради» ("Залзала" сураси 7-8-оятлар).

«Аллоҳнинг моли қиммат. Аллоҳнинг моли - жаннат» (Термизий ривояти).

«Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар». ("Мутоффифун" сураси 26-оят).

Аллоҳим, бизни ўзгаларни ўз нафсимиздан устун қўядиганлардан қил!

Умму Абдуллоҳ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!