...Унинг борасида шубҳаларим тўғри экан. Қоғозларни Тўрахон домлага кўрсатдим. Уларга бир назар ташладилар-да, ёнларига солиб, ҳаққимга дуо қилдилар.
Икки-уч кундан сўнг афғоний ғойиб бўлиб қолди. Тахминимча, ватан ҳимоячилари уни тоққа олиб кетиб саранжомлашган эди. Тўрахон домлага “Шарҳи ақоиди насафийя” китобини ўқиш ниятим борлигини билдирдим. Домла: “Бизга ҳозир “Фиқҳул акбар”, “Қасидаи амалийя”га ўхшаш китобларни ўқитиш даркордур, тоинки авомни Исломнинг бунёдий ақоидларидан огоҳ қилиб, коммунистларнинг моддапарастлик усулларини ҳам рад қилайлик. Ҳозирги кунда юнонларнинг фалсафасидан бирор иш чиқмайди, унга вақтни зое қилмаслик керак”, дедилар.
Мен: “Сиз нимани ихтиёр қилсангиз, фақир шунга розидур”, дедим.
“Хуфтондан кейин ғарибхонамизга келиб туринг”, дедилар.
Иршодларига мувофиқ хизматларига ҳозир бўла бошладим. Йигирма бир кунлик тарбияларидан сўнг дўппи бозоридаги масжидга имом қилиб тайинладилар. У ерда яҳудийлар ва арманлар яшар, бундан ташқари коммунистларнинг идораси ҳам жойлашган эди. Бомдод намозидан сўнг Қуръони каримдан дарс берар, халққа Исломнинг бунёдий ақидаларидан ҳам баён қила бошладим.
Дарс ва баёнотларнинг фойдали ҳамда таъсирчанлиги коммунистларни ташвишлантириб қўйди. Уларнинг ишорасига биноан маҳаллада шундай сўзлар пайдо бўла бошлади: “Имом домла балоғатга етганми?! Соқол-мўйлаби чиқмабди-ку!”
Тўрахон домланинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеани сўйлаб бердим. Домла: “Имоматга бирор кишини ўтказиб, ўзинг дарсни давом эттиравер”, дедилар. Устознинг маслаҳатига кўра иш тутдим, бир неча кун хотиржамликда ўтди. Шу орада маҳалладан ёш болалар ҳам кела бошлади. Натижада кичкинагина мактаб ҳам очилди. Шундан кейин менинг фуқаролик ижозатномам масаласи қўзғалди. (Маълум бўлсинки, социалистлар ҳукуматни ўз қўлларига олганларидан кейин, бир жойдан бошқа жойга бориш учун паспорт системасини жорий қилишган эди.) Коммунистлардан бирининг ўзи ижозатномамни тўғрилаб берди. Коммунистлар Исломни бебурд қилиш учун уламолар билан ҳужжат талашиб баҳслашишар, динни масхара ва мазах қилишиб, Аллоҳ таолонинг вужуди ҳақида телбатескари баҳслар юритишарди.
“Бек” мадрасасининг раиси Муҳйиддин Махдумнинг ваъз-насиҳатлари ҳам ниҳоятда таъсирчан эканидан, суҳбат давомида одамларнинг қалбларида илиқлик пайдо бўлар эди.
Коммунистларнинг ноўрин ҳаракатлари уламоларнинг ғафлат кўзини очди. Улар динни етказиш борасида дастурлар тузиб, динни тарғиб этиш ва тарқатиш ишларини бошлаб юборишди. Бу ҳаракатларга коммунистлар яна ҳибсга олиш ва дорга осиш билан жавоб қайтардилар.
Ҳақгўй уламолар кечалари ғойиб бўла бошлади. НКВД ходимлари ярим кечаси келиб, керакли одамларни ёпиқ машинага солиб кетишар, уй аҳлларини эса “тўрт-беш кундан кейин келади”, деб тинчлантиришарди. Бир-икки ҳафтадан сўнг унинг сургун қилингани хабари келарди. Сургун бу Сибирнинг заҳарли, совуқ ўлкаларига жўнатиш эди. Шунга қарамасдан, дўппи бозоридаги масжидда таълим-тарбия ишлари тартибли жорий бўлиб турди. Бу орада коммунистлар менга ҳам иғво қилишга қарор қилибдилар. Кечаси бир навжувон йигит келиб, мени бу режаларидан огоҳлантирди.
Бу йигит комсомол аъзоси бўлиб, кўринишидан бешафқат коммунист бўлса-да, лекин мусулмонларнинг аҳволини кўриб, чуқур ғам-андуҳга тушиб қолганди. Мен билан жуда қалин дўст бўлиб қолди, ҳатто ижозатнома олишимга ҳам ёрдам берган эди. Ўша мажлисдан сўнг қочиб кетмаслигим учун мени кузата бошлашди. Кунларнинг бирида, тонгда комсомол дўстимнинг тоғаси келиб, фиқҳий масаладан гап қўзғаб, савол бера бошлади. Исми Мир Айюбхон эди. Соат ўн бирлар чамаси, дўстим эшикни оҳиста тақиллатди. Дарвозани очдим. Тоғаси ўтирганини кўриб, секин ташқарига имлади. Ташқарига чиққанимда: “Коммунистлар бугун қайсидир вақтда сизни ҳибсга олиш учун қарор қилди, тоғам сизни улар келгунча чалғитиб туриш учун жўнатилган. Тезлик билан бу ердан кетинг!” дея маслаҳат берди.
Дўстимни кузатиб ҳужрага кирдим. Айюбхон: “Ким келибди?” деди.
Мен: “Маҳалладаги бадбахт комсомоллардан бири”, деб жавоб бердим.
Сўнг онажоним берган тугунчани олиб, аста Хоштан мадрасаси томон йўлга тушдим. Мадрасадаги устоз Қори Абдулмалик қалин дўстим бўлиб, Андижондан уч фарсах узоқликдаги Пойтуқ шаҳридан эди. Мени бир ҳофизи каломуллоҳ билан таништирди. У Тожикистон тоғларида коммунистларга қарши жанг қилаётган, юрт озодлиги учун қон кечаётганлардан экан. Ўзи ёш болаларга Қуръони каримни ҳифз эттирсада, асл мақсади ёш йигитларни коммунистларга қарши тўғри фикр билан қуроллантириш эди. Унинг ваъзу насиҳатлари жуда таъсирчан, ҳам диний андозада эди. Бу ерда бир ҳафтага яқин қолдим. Қўқонда қўрқинчли воқеалар юз бера бошлади, юзлаб уламолар сургун қилиниб, мингларча мусулмонлар шаҳид қилинди.
Мусулмонларнинг жавоби ҳам қаттиқ бўлди. Ўн мингдан ошиқ ўрис аскари ҳамда коммунистлар ўлдирилди. Ушбу кунларда Қўқонда ўлим жуда ҳам арзон эди. Мусулмонлар ё коммунистларни тугатишга ёки ўзлари қурбон бўлишга қарор қилдилар. Чунки коммунистларнинг сиқуви тобора кучайиб борарди. Мен Самарқандга кетишга қарор қилдим. Йўлга чиқиш олдидан Қори Абдулмалик йигирма килоча гуруч бериб:
“Самарқанд бозорида сотиб, харажатларингга ишлатасан”, дея тайинлаб, бир танишининг манзилини ҳам берди.
(давоми бор)
Аъзам Ҳошимийнинг «Алвидо, Ватан!» китобидан олинди