Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан! Ватанпарварлар қишлоғи

1823

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм, 12-қисм, 13-қисм 14-қисм)

Дўстларимдан иккитаси Шаҳрисабз томонга жўнади. Мен эса қолган биродарим билан Сариосиё томон сафар этдим. У ерда марҳум бобом Ғиёсиддин эшоннинг қабрлари бор эди. Қабрлари ёнида дуо-фотиҳа қилганимиздан сўнг, режамизга кўра тоғ тарафга йўл олдик. Бирмунча машаққат чекиб дара ва жарликлардан ўтиб, бир каттагина қишлоққа етиб бордик. Қишлоқ аҳли паҳлавонсифат, бўйдор ва ҳайбатли кишилар экан. Қишлоқ шаҳардан бор-йўғи уч кунлик йироқ бўлса-да, унинг замину осмони мусаффо эди.

Қишлоқдаги барча эркагу аёл, ёшу қари намозхон, одобли, камгап ҳамда аввал салом берар эди. Аёлларга масжиднинг бир қисми ажратиб қўйилган бўлиб, фарз намозларини жамоат билан адо этиб, уйларига тарқалиб кетишар эди. Кундузи эса бирорта аёл кўзга ташланмас эди. Масжиднинг олдида каттагина бир меҳмонхона бўлиб, бунда қишлоққа келган мусофирлар истиқомат этишар, ҳаммалари биргалашиб таом ер эдилар. Яшаш шароитлари ниҳоятда содда бўлиб, рўзғор буюмларини кўпайтирмай, бемашаққат яшардилар. Масжиднинг имоми шу қишлоқнинг амири эди. Намозлардан сўнг ёшу кексага таълим ва тарбия беришга машғул бўлар, беморларни кўргани борар, муолажа ишларини тартибга солар, уларнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб тургани одам тайинлар эди. Ҳаётлари исломий низом ва тартибда эди. Жиноятдан эса ному нишон ҳам йўқ эди. Маълум бўлишича, бу қишлоқ аҳли бобом Ғиёсиддин эшоннинг диний даъватларига қаттиқ риоя этишар, ҳозирги кунда тоғам билан алоқа қилиб турар эканлар.

Ўн-ўн бир йилдан буён жанг қилиб келаётган озодлик курашчиларининг қароргоҳи ҳам шу ердан бошланар эди. Қишлоқнинг ҳимояси учун бирор-бир аслаҳа кўзга ташланмас эди. Шунинг учун қачон коммунистлар ҳужум қилса, уйларини ташлаб, тоғларга чиқиб кетишар экан. Юрт озодлиги курашчиларининг ҳақиқий қароргоҳи “Тахта Қорача”нинг осмонўпар тоғларига жойлашган бўлиб, бу ердан жуда узоқ эди. Иккаламиз меҳмонхонага тушдик. Кечга яқин икки юз нафар ёш-у кекса меҳмонхонага йиғилди. Ёши тахминан юзларга бориб қолган кекса киши бир қутича ичидан варақалари эскириб, йиртилиб кетган бир неча саҳифа чиқарди. Аввал бир оят сўнг “Фалақ”, “Ан-нас” сурасини, сўнг калимаи тоййиба ҳамда шаҳодатни баланд овоз билан ўқиди. Қолганлар ҳам бир бўлиб баланд овоз билан такрорладилар. Қария эскирган варақдаги ёзувларни туркий тилда ўқий бошлади. Унинг бир неча сатри ҳозиргача ёдимда сақланиб қолган:

– Эй Аллоҳ! Биз Сени элчинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам воситаси билан танидик. Расулинг марҳамат этдиларки: “Фақат сенинг ҳукмингнигина қабул этамиз, сендан бошқа ҳеч кимга бўйин эгмаймиз, мусулмонларга озор етказмаймиз, сени қабул қилгувчиларни, “Раббим” деб билгувчиларни, катталарни иззат-эҳтиром этамиз, кичкиналарга меҳру шафқат кўрсатамиз, қўни-қўшнилар ҳаққини адо этамиз, ризқимизни ҳалоллаб еймиз, ҳаромдан парҳез қиламиз. Эй Аллоҳ, биз расулингнинг дўстларини дўст, душманларини душман деб биламиз, ўзимизни эса сенга топширамиз.

Хонага бутунлай сукунат чўмган эди. Ҳамма нафас олмай эшитиб ўтирар эди. Қария варақани ўқиб тамом қилгандан сўнг ҳамма ўрнидан туриб, бузрукка қўл бериб кўришиб чиқиб кетди. Бу йиғин исломий яшашга аҳд этиш йиғини бўлиб, ҳар ойнинг бошида шу каби мажлис қилиб тўпланишар ва бирор ёши улуғ бузрукворга бу аҳдномани ўқитиб эшиттиришар, аҳдларини янгилаб, ҳақиқий мусулмон бўлишга қасд этишар экан.

(давоми бор)

Ушбу рукн «Azon kitoblari» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алвидо, Ватан! Афросиёб мажлиси

1681 20:05 11.10.2021

Алвидо, Ватан! Аҳдга вафо этамиз

3129 20:10 10.10.2021

Алвидо, Ватан! Аҳдга вафо этамиз

2453 20:10 09.10.2021

Алвидо, Ватан! Аслаҳа таққан шайх

1751 20:05 08.10.2021

Алвидо, Ватан! Аллоҳ суйган кишилар

2026 20:10 07.10.2021

Алвидо, Ватан! Аллоҳ суйган кишилар

2054 20:05 06.10.2021
« Орқага