Боку ҳарбий суди ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида Озарбайжон ҳудудларини босиб олиш пайтида озарбайжонлик маҳбусларни қийноққа солганликда гумон қилинган Арманистон фуқароси Людвиг Мкртчянга нисбатан қамоқ жазосини тайинлаш тўғрисидаги ишни кўриб чиққан. Гумонланувчига 113-модда (қийноққа солиш) бўйича айблов эълон қилинган.
Судя Элбей Аллахвердиев бошқарган суд жараёнида тақдимнома қондирилиб, Людвиг Мкртчянга нисбатан қамоқ жазоси тайинланган.
Хабар қилинишича, Людвиг Мкртчян биринчи Қорабоғ урушида қатнашган ва асир олинган озарбайжонларга нисбатан шафқатсизлиги билан ажралиб турган. Бир неча ўн йиллар ўтгач, 27 сентябрда бошланган 44 кунлик ҳарбий амалиёт давомида Мкртчян яна бир қанча арман аскарлари билан биргаликда Озарбайжон ҳарбийлари томонидан асирга олинган.