Жамиятдаги мудҳиш хатолардан бири...

22:00 05.03.2019 1061

Ўз жонига қасд қилаётганлар ҳақида кўп эшитяпмиз. Кўз олдимизда юрган, бир қараганда эс-ҳушли, ақл-фаросатли кўринган, ҳатто тўкин-тўкис ҳаётда яшаётган кишиларнинг ҳам ўз жонига қасд қилишга қўл ураётгани ачинарли ҳолат. Нега инсонлар ўз жонига қасд қилади, наҳотки, ҳаёт муаммоларига ўлимдан бошқа  ечим бўлмаса? Бу ҳақдаги мулоҳазаларни ўрганиш  мақсадида айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига мурожаат қилдик:

Шокир Долимов: — Ҳаётнинг энг фожиали кўринишларидан бири – ўз жонига қасд қилишдир.
Бошига кулфат тушган, руҳида ихтилоф бўлиб, умидсизликка рўбару бўлган инсон атрофдаги одамлар унга ҳамдардлик билдиришларини, ичидаги бор гапни уларга айтиб, енгил тортишни истайди. Овоз чиқариб айтилган дард инсон руҳини гўё сўз воситасида тарк этади, айни пайтда киши енгил тортиб, ғам-ташвишдан халос бўлади. Шундай экан, агар дўстингиз руҳан тушкунликка юз тутиб, хулқ-атворида ўз жонига қасд қилишга мойиллик аломатини сезсангиз (Аллоҳ сақласин) – зудлик билан уни суҳбатга чорланг! Бундай кишини суҳбат қуришга албатта шахсан ўзингиз ва имкон қадар юзма-юз таклиф қилишингиз зарур. Ҳузурингизга чақириш учун унинг олдига учинчи одамни воситачи сифатида асло йўлламанг. Суҳбатни хизмат хонасида ҳам ўтказиш мумкин, албатта, бироқ у “норасмий” жойда ўтказилгани афзалдир. Энг асосийси – суҳбат ўтказилаётган жойда бегоналар бўлмаслиги ва қанча вақт давом этишидан қатъий назар уни ҳеч ким тўхтатиб қўймаслиги шарт. Суҳбат жараёнида диққат-эътиборли бўлиб, баён этилаётган фикрларга жуда қизиқаётганингизни ва ушбу суҳбат мавзусидан бошқа сизни ҳозир ҳеч нарса қизиқтирмаслигини намоён этинг. Суҳбатга чорланган киши билан руҳий муносабат боғлаш – босқичнинг энг асосий мақсадидир.

Суҳбатдошни, унинг муаммоларини албатта идрок этишингиз, ғам-ташвишлари ва бошидан кечираётган қийинчиликларига самимий шерик эканлигингизга ишонтира олишингиз зарур. Биринчи босқичда киши сўзларини диққат ва сабр-тоқат билан тинглаш, шубҳа ва танқидга йўл қўймаслик керак. Шунингдек, кишининг яқинлари ҳақидаги маълумотларни олдиндан (ва суҳбат давомида) аниқлаб олинг, негаки айни ўша одамлар – кишига кўмак бериш ва уни қўллаб-қувватлашнинг захира манбалари саналадилар.  Иккинчи босқич давомида инқирозли вазиятнинг юзага келишига олиб келган воқеалар изчиллиги, кишининг руҳий ҳолатига нималар таъсир ўтказганлиги аниқланади. Ушбу босқичнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – шахс онгидаги вазиятдан чиқишга оид умидсизликка барҳам беришдир. Суҳбатдошингизни аксарият одамлар ўхшаш ҳолатларга тушиб туришлари ва вазиятдан чиқиб кетиш йўллари албатта борлигига ишонтиринг. Ушбу босқич хотимасида “ихтилоф мазмунига таъриф бериш” усулини қўллаш, яъни кишини ташвишга солган вазиятни аниқ тавсифлаш мақсадга мувофиқдир. Бу босқич инқирозли вазиятни енгиш бўйича амалга ошириладиган ҳаракатларни биргаликда режалаштиришдан иборат бўлиши лозим.

Шуни назарда тутиш керакки, ушбу режа тузилаётганида суҳбатдошингиз қанчалик етакчи роль ўйнаса, режалаштирилаётган ҳаракатларнинг амалга ошиш эҳтимоллиги шу қадар юқори бўлади. Агар у режалаштириш борасида қийинчилик сезса, руҳий инқироздан олиб чиқиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг муайян вариантини, юзага келган муаммоларни ҳал этишнинг эҳтимолий усулларини таклиф қилинг. Руҳий жиҳатдан шикаст етказувчи вазиятни енгиш амаллари, ушбу вазиятни нисбатан кичик, умуман ҳал этса бўладиган муаммоларга парчалаб юборишдан иборат бўлиб, бунда, яқин вақт ичида бажариладиган ишларга оид қарорларнинг бир нечта вариантлари таклиф қилинади. Киши томонидан нохуш вазиятни енгиш бўйича бажариладиган ҳаракатларнинг конструктив режаси – суҳбат босқичининг якунига айланиши лозим. Суҳбатнинг якуний босқичи – муаммони ҳал этишга доир қарорни шакллантириш ҳамда кишининг ўз кучи ва имкониятларига бўлган ишончини руҳан қўллаб-қувватлаш босқичидир. Амалга ошириладиган ҳаракатлар режаси ўта аниқ, изчил ва лўнда ифодаланиши лозим.

Нодира Афоқова: –  Ташқаридан туриб таҳлил қилиш ҳам, қоралаш, айблаш ҳам осон. Яшашни, бу дунёни севмайдиган одам йўқ. Ҳеч кимнинг ўлгиси келмайди. Ҳатто 1000 ёшга кирса ҳам. "Ҳар кимса ўзидан ўтганни ўзи билади" дейди халқ. Бу тириклик дунёси буткул зулматга айланганда, азиз қадриятларнинг барчасидан ажрадим деб ҳисоблаганда, одам бу гуноҳи азимга қўл уради деб ўйлайман. Инсон ўз ҳаётининг ана шундай, аммо узоқ давом этмайдиган абсурд лаҳзасини енга олмай қолади.

"Ўткан кунлар"да Отабек ижтимоий ва шахсий ҳаётидаги жамийки орзу-умидларидан ажраганда, кўнгилли бўлиб урушга кетади ва ҳалок бўлади. Аслида моҳиятан бу ҳам суицид. Бутун асарни Ислом арконлари асосига қурган Абдулла Қодирий домланинг бундай ечими ҳали-ҳануз мени оғир-оғир ўйларга солади. Мен инсон ҳаётидаги бағоят чигал ҳолатни, воқеликни таҳлил қиляпман. Инсон руҳиятининг мураккаблигини мушоҳада этяпман... Имоним комилки, ҳарна бўлганда ҳам бу ҳаракатни оқлаб бўлмайди.

Абдумалик Негбоев: – Асосан илмсизлик сабаб деб ўйлайман. Аллоҳ кечирсин, ўсмирлик йилларимда менда ҳам бўлган. Сўнги ечим деб ўйлаганман.  (Ўша пайтларда мени бу ишга бошлаган сабабларни ўйласам, бугун кулгим келади...)

Сулаймон Эркин: –  "Флешмоб", "хештэг" деган балоларни ҳам эсдан чиқармаслик керак. Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлардаги “ўлим гуруҳлари” томонидан оммалаштирилган “Югур ёки жон бер” каби флешмоб-акциялар ёки флешмоб-суиқасдлар ҳам ўнлаб, балки-да юзлаб ота-оналарни азиз фарзанларидан жудо бўлишига олиб келяпти...

Ислом дини таълимотида нима дейилган?

Аллоҳ Нисо сурасининг 29-оятида: “Ўзларингизни ўзларингиз ўлдирманг” деб бандаларини огоҳлантиради. Аллоҳнинг буйруғини бажармаган мусулмон эса охиратда Ундан марҳамат кутиши даргумондир.  Расулуллoҳ сoллаллoҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки тoғдан ўзини ташлаб, жoнига қасд қилса, у жаҳаннам oлoвида абадул-абад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жoнига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам oлoвида абадул-абад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини тeмир билан ўлдирса, у қўлида тeмирини тутиб, жаҳаннам oлoвида абадул-абад у билан ўзини уради» (Имом Буxoрий, Имом Муслим ва бoшқалар ривoяти).

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу — Аллоҳ берган ҳаётга ношукрлик оқибатидир. Бундай мудҳиш ҳолатлар Аллоҳ таолонинг қазои қадарига туғён қилиш, унга қарши бориш демакдир. Айниқса, ўз-ўзини турли йўллар билан ўлдириш ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб тоифалар орасида одатга айланиб бормоқда. Дунёда бўлаётган воқеаларни, қорниларига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган кимсалар тўғрисида телевидение ва радио ахборотлари орқали кўриб, эшитиб қоламиз. Ўшандай жоҳилона ҳатти-ҳаракатларни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кимсалар ана шу жиноятларнинг асосий сабабчиларидир. Ҳолбуки, ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас, балки фосиқликдир. Ўзларини портлатиб юбораётган кимсалар гуноҳи азимга қўл ураяптилар, чунки улар билан бирга қанчадан-қанча беайб кишилар ҳалок бўлишяпти. Ўзини ўзини ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканини шундан ҳам билиш мумкинки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишни қилган кишига жаноза намозини ўқимаганлар.

Интиҳо ўрнида

Ҳаёт гўзал. Яшаш жуда осон. Муаммолар эса сабр-тоқатимиз ва орзу-умидларимиз олдида жуда ҳам заифга айланади. Омадсиз севги, моддий эҳтиёжмандлик, кимнингдир танбеҳи, ноўрин танқид каби майда-чуйда нарсалар гўзал ҳаётдан маҳрум бўлишга, гуноҳкорликка ва икки дунё саодатидан маҳрум бўлишга арзимайди! Зотан, Яратган Раббимиз инсон зотини азиз ва мукаррам, кучли ва сабрли қилиб яратган.

Умида АДИЗОВА тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!