Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг шаръий ҳукми

22:05 09.08.2019 852

Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга барча нарсани ўргатди. Унинг бахту саодат ичра яшаши ва охиратда ҳам бахтлилар қаторидан жой олиши учун қонун-қоидаларни жорий қилди.

Никоҳ луғатда «қўшиш», «жамлаш» маъноларини англатувчи, шариатда эса «ўз шартларига эга бўлган муайян ақд-битим тузиш» маъносига эга атамадир. Бу жойда биз умумий никоҳ ҳақида эмас, балки яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг шаръий ҳукми ҳақида тўхталмоқчимиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Нисо сурасининг 23-оятида шундай марҳамат қилади:

:حُرِّمَتْ عَلَيْكُمْ أُمَّهَاتُكُمْ وَبَنَاتُكُمْ وَأَخَوَاتُكُمْ وَعَمَّاتُكُمْ وَخَالاَتُكُمْ وَبَنَاتُ الأَخِ وَبَنَاتُ الأُخْتِ وَأُمَّهَاتُكُمُ اللاَّتِي أَرْضَعْنَكُمْ وَأَخَوَاتُكُم مِّنَ الرَّضَاعَةِ وَأُمَّهَاتُ نِسَآئِكُمْ وَرَبَائِبُكُمُ اللاَّتِي فِي حُجُورِكُم مِّن نِّسَآئِكُمُ اللاَّتِي دَخَلْتُم بِهِنَّ فَإِن لَّمْ تَكُونُواْ دَخَلْتُم بِهِنَّ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ وَحَلاَئِلُ أَبْنَائِكُمُ الَّذِينَ مِنْ أَصْلاَبِكُمْ وَأَن تَجْمَعُواْ بَيْنَ الأُخْتَيْنِ إَلاَّ مَا قَدْ سَلَفَ إِنَّ اللّهَ كَانَ غَفُوراً رَّحِيماً

“Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ маҳфират қилувчи ва раҳмли зотдир”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "يحرم من الرضاع ما يحرم من النسب", яъни: «Насаб орқали ҳаром бўлганлар эмизиш орқали ҳам ҳаром бўлади», деб айтганлар.

Ислом умматининг фуқаҳолари юқоридаги ояту ҳадислар ва уларга ўхшаш бошқа далилларга асосланиб, шариатимизда эркак киши никоҳига олиши ман қилинган қариндош аёллар қуйидагилар дейишади:

1. Оналари. «Она» сўзининг остига бувилар ҳам кириб кетади.

2. Қизлари. Бунинг остига қиз набиралари ҳам, уларнинг қизлари ҳам кириб кетаверади. Яъни киши ўзининг онасига, бувисига ва ўзининг асли бўлмиш улардан тепадаги аёлларни ҳам, қизи, қиз набиралари ва ўзининг фаръи бўлган улардан пастдаги аёлларни ҳам никоҳига олиши шаръан ҳаром.

3. Опа-сингиллари. Булар бир ота-онадан бўлиши ёки уларнинг биттасидан бўлиши аҳамиятсиз. Ҳар иккала ҳолатда ҳам киши опаси ёки синглисига уйланиши ҳаром.

4. Холаси ёки аммаси. Бу ерда эътибор бериш муҳим бўлган нуқта бор. Киши ўз холаси, яъни онасининг опа-сингилларига ва ўз аммаси яъни, отасининг опа-сингилларига уйланиши мумкин эмас. Хола ёки амма деганда уларнинг қизлари тушунилмайди. Гарчи бизнинг урф-одат бўйича уларнинг қизларига ҳам хола ёки амма атамалари ишлатилса-да, бу шариат ҳукмида эътиборсиздир.

5. Ака-укасининг қизлари. Киши ўз акаси ёки укасининг қизига уйланиши мумкин эмас.

6. Опа-сингилининг қизлари. Киши ўз опаси ёки синглисининг қизини ўз никоҳига олиши ман қилинади. Бу ердаги ҳукмга ҳам аҳамият беришимиз керак. Ака-укалар, опа-сингиллар ёки ака-сингиллару опа-укалар бир-бирлари билан қуда-анда бўлишлари мумкин, бундан монелик йўқ. Яъни киши ўз амакисининг ёки аммасининг қизини никоҳига олиши мумкин. Шунингдек, холаси ёки тоғасининг қизига ҳам уйланаверади. Булар ҳаром қилинмаган. Акаси ёки укасини, шунингдек, опаси ёки синглисининг қизига уйланиши ҳаром қилинган.

Демак, у ўз ака-укаси ҳамда опа-синглисининг қизлари, уларнинг набиралари ва улардан пастдагиларга ҳам уйланолмайди.

Юқоридагиларнинг ҳаммаси насаб жиҳатдан ҳаром қилинганларга киради.

7. Шунингдек, киши уни эмизган аёлга, унинг қизлари ва набираларига ва улардан ҳам пастдагиларга уйланиши мумкин эмас. Чунки бу тоифадагилар ҳам сут орқали яқин қариндошларга айланишган.

8. Қолаверса, кишининг ўз хотинининг онасига, хотинининг бошқадан бўлган қизларига, хотинининг набираларига, ўз ўғлининг хотинига, ўғли ёки қизи томонидан набираларининг ва улардан ҳам пастдагиларнинг хотинларига, ўз отаси ёки боболарининг хотинларига ҳам уйланиши ман қилинган. Булар қуда-андачилик орқали қариндошлар ҳисобланади.

Булардан бошқа қариндошлар маҳрам ҳисобланмайди ва шариат уларга уйланишни ман қилмайди.

Модомики, шариат қайтармаган экан, киши уларни ўз никоҳига олиб, улар билан оила қуриш жоиз.

Бирор оят ёки ҳадисда қариндошлар орасидаги никоҳдан қайтарилмаган. Лекин бунинг аксига ҳам оятда ва ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳужжат бор.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сураси, 50-оятда айтади:

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِنَّا أَحْلَلْنَا لَكَ أَزْوَاجَكَ اللَّاتِي آتَيْتَ أُجُورَهُنَّ وَمَا مَلَكَتْ يَمِينُكَ مِمَّا أَفَاءَ اللَّهُ عَلَيْكَ وَبَنَاتِ عَمِّكَ وَبَنَاتِ عَمَّاتِكَ وَبَنَاتِ خَالِكَ وَبَنَاتِ خَالَاتِكَ اللَّاتِي هَاجَرْنَ مَعَكَ

“Эй Набий, Биз сенга маҳрларини берган жуфтларингни, Аллоҳ сенга ўлжа қилиб берган қўл остингдаги (чўри)ларни, амакингнинг қизлари, аммаларингнинг қизлари, тоғангнинг қизлари, холаларингнинг қизларидан сен билан ҳижрат қилганларини ҳалол қилдик”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аммаларининг қизи Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганлар. Шунингдек, жонажон қизлари Фотима розияллоҳу анҳони амакиларининг ўғиллари Али ибн Абу Толибга берганлар.

Булар маҳрамлардан ташқари қариндош аёллар билан турмуш қуриш жоиз эканига далолат қилади. Қариндошлар орасидаги никоҳ ортидан турли касалликлар келиб чиқиши ёки боланинг нимжон бўлиб туғилиши ҳақидаги гапларнинг ҳеч қандай асоси йўқ. Буни умумий ҳукм тарзида айтиш мутлақо нотўғри. Бу жуда нодир ҳолатларда кузатилади. Бу қариндош бўлмаганлар орасидаги никоҳдан туғилган болаларда ҳам кузатиладиган ҳолат ҳисобланади.

Бу ҳақда машҳур олим Аҳмад Шавқий шундай дейдилар: “Шу соҳанинг ҳар қандай олими ҳам мавзунинг диққат билан ўрганиб чиқса, «қариндошлар орасидаги никоҳ наслда турли касалликларни келтириб чиқаради» деган сўз ҳар доим ҳам тўгри бўлавермаслигига амин бўлади. Бу баъзи ўринларда тўғри бўлиши мумкин. Лекин ҳар доим ҳам эмас. Буни умумий ҳукм ёки умумий қоида қилиб олиш ярамайди.

Агарда қариндошлар орасидаги никоҳда қандайдир зарарлар бўлганида эди Аллоҳ расулига уларга уйланиши мумкинлигига ишора қилмаган бўларди”.

Баъзи фарзандларда қариндошлар никоҳи сабаб касаллик кузатилган тақдирда ҳам, бу нодир ҳолат. Шуни деб «қариндошлар никоҳининг ҳаммаси фарзанд касаллигининг манбаи» дейиш хато. Чунки баъзида етти ёт бегоналарнинг никоҳидан ҳам қони қонига тўғри келмагани сабабли фарзандлари касал, ногирон бўлиши кузатилади.

Хулоса қилиб айтганда, шариат – бу инсонларни дунё ва охиратда саодатманд яшашлари учун Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган йўл. Инсонга зарар етадиган ишлардан шариатимиз қайтарган. Баъзилар томонидан айтилаётган «қариндошлар никоҳи» ҳақидаги гаплар ва уни ёмонлаш, агар юқорида айтиб ўтилган тоифалар ҳақида бўлса, бунга эътироз йўқ. Чунки шариатимиз бундан қайтарган. Агар юқорида санаб ўтилган қариндошлардан бошқалари назарда тутилаётган бўлса, бу сўз шариатга хилоф. Аллоҳ ҳалол қилган нарсани бандаси ҳаром қилолмайди, бунга ҳаққи ҳам йўқ. Зеро, юқорида санаб ўтилган тоифа аёллардан бошқа қариндош аёлларга бемалол уйланиши киши учун мумкин.

Агар ишончли шифокор икки қариндош орасидаги никоҳ натижасида туғиладиган болада қандайдир нуқсон бўлиши мумкинлигини айтса, уйланмагани маъқул. Лекин бу умумий ҳукм қилиб олинмайди.

Инсон Аллоҳнинг ҳукмига таслим бўлсагина роҳат топади. Йўқса, ҳайрату залолатда, нима қиларини билмай, йўл тополмай, биринчи гапи иккинчисига таноқуз бўлавериб, дунёдан ўтиб кетади. Аллоҳ барчамизни ҳақда собит қилсин!

Абдулбосит РАҲИМОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!