Замонавий аёлга айланмоқчимисиз, рўмол ўранг..!

00:00 20.03.2019 3690

Кеча айрим уй-рўзғордаги камчиликларни бутлаш учун бозорга тушдим. Йўл-йўлакай телефонимнинг синган экранини тузаттирмоқчи бўлиб, телефон усталари қаторига бурилдим. Табиийки, у ерда асосий ишловчилар, сотувчилар, телефон усталари эркак кишилар. Телефонимни уста тузатгунча, бир соат кутиб туришимга тўғри келди. Бозор, бозорда ҳар хил одам ўтиб қайтади. Аммо мени хижолат қилган, уялтирган жинсдошларим (аёллар) билан боғлиқ бир воқеа бўлди:

Ёнгинамиздан ўтиб кетаётган икки қизга суқланиб, уят назари билан қараётган ёш йигитчаларни кўриб, мен ҳам уларга юзландим. Ёши нари борса 20 лар атрофида. Кийган кийимидан уялиб кетдим. Кўзимни қаерга олишни билмай хижолат бўлдим. Йигитлар эса, бир-бирига, «нима дейсан энди, қизлар ҳам ҳар хил. Соғиям бор, носоғломиям» дея пичирлашарди.

Кўчага чиқаётган жон синглим! Уйда аканг бордир, отанг бордир, бор йўғингни билдириб кўчага чиқаётганингда, уларни қанча одам лаънатлашини ўйлаб кўрмадингми? Ортингдан сенга суқланиб, шаҳвоний нигоҳ билан боқаётганлар, сени гўзал деб ҳисоблашадими? Сенга ҳавас билан боқишяптими?

Йўловчи таксига чиқдим. Пиёдалар йўлкасини бир аёл кесиб ўтяпти. Уйга киядиган тор лозимни калта кўйлак билан кийиб олибди. Ёши 50 лар атрофида. Киракашнинг сўкинганини эшитиб ерга тикилдим. Бунчалар уялтирмасангиз азиз жинсдошларим, бунчалар уятсиз бўлмасангиз... Киракаш эса ҳамон лаънатлайди: «Шу аҳволда сени кўчага чиқарган эрингга  лаънат, отангга, акангга минг лаънат...».

Энг замонавий аёлга айланмоқчимисиз, рўмол ўранг..!

1. Ҳар куни ҳар хил рангда чиройли шарфларни, турли услубда ўраш жуда қулай. Сочни эса ҳар куни ҳар хил рангга бўяб бўлмайди.

2. Иссиқ кунларда сочларга зиён етмайди, қишда эса иссиққина, бош шамоллашдан ҳимоялайди.

3. Ўтган кетган, номаҳрамлар ҳар хил гап ташламайди. Шаънингиз асралади.

4. Энг муҳими авратингиз ёпиқ, умматга хос кийимда бўласиз.

5. Кийимлар рангига мослаб, шарф, рўмол, сумка, очки қилиб қўйсангиз, дунёнинг энг замонавий аёлига айланишингиз мумкин-ку!

6. Эмизикли аёлларимиз бемалол рўмол билан кўксини тўсиб боланинг қорнини тўйдириб олишади.

Энг катта ютуғингиз, Аллоҳдан ҳаё қилиб авратингизни ёпганингиздир. Яратган Раббимиз ҳам  биздан рози бўлади. Ўзбекона, ўз миллийлигимизга хос тарзда   рўмол ўраб ҳам замонавий бўлиш мумкин-ку! Ўтинчим, уятсиз аҳволда кўчага чиқишга Аллоҳдан ҳаё қилайлик!

Саида Рустам қизи

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!