Аҳли ирфон

Аббосийлар даврида илмнинг аҳамияти

606

Ҳорун ар-Рашид ва Маъмун даври

Ҳорун ар-Рашид илм ва одоб хонадонида ўсиб улғайди. Отаси Маҳдий ўғлининг ўқишига беэътибор бўлмади, имом Кисоий, Халил ибн Аҳмад, Муфаззал Зоббий, Асмаий каби бир қанча олимларда ўқитди. Ҳамза Заййотдан қироат ўрганди, Ҳорун Ар-Рашид ақлли, илмли, одобли йигит бўлди. Замондошлари у ҳақда “Рашиднинг фаҳми, уламолар фаҳмидир” – дейишарди (Суютий. “Тарихул хулафа”).

Ҳорун ар-Рашид уламоларни яхши кўрар, уларнинг илм ҳалқаларида ўтиришни ёқтирарди. Қозий Фозил айтади: “Бирорта подшоҳ илм учун сафар қилмаган, фақатгина Рашид икки ўғли билан имом Моликдан “Муватто”ни эшитиш учун сафар қилган. Ҳорун ар-Рашид ўқиган “Муватто” нусхаси мисрликларда сақланиб қолган” (Суютий. “Тарихул хулафа”).

Уламоларнинг тақдирлаши

Ҳорун ар-Рашид уламоларни яхши кўрарди. Абдуллоҳ ибн Муборак вафот этганида жуда маҳзун бўлди, саройда мотам эълон қилди, чор атрофдан катталар келиб таъзия изҳор қиларди.

Абу Муовия Зарир айтади: “Таомдан сўнг бир киши қўлимга сув қуйди, сўнгра Рашид: “Қўлингга ким сув қуйганини биласизми?” деди. “Билмайман”, дедим. У: “Илмни улуғлаш учун мен қуйдим”, деди” (Суютий. “Тарихул хулафа”).

Фузайл ибн Иёз: “Мен учун мўминлар амири Ҳорун ар-Рашид ўлимидан оғирроқ жудолик йўқ, иложи бўлганда умримдан унга берардим”, дегани ривоят қилинди. (Хатиб Бағдодий. “Тариху Бағдод”).

Ҳорун ар-Рашид даврида илмий жонланиш

Ҳорун ар-Рашид Аббосийлар халифалигида илм даврини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. У бошлаган илмий жонланиш қарийб беш аср давом этди. Илм-фан гуллаб яшнади, Ислом уммати тўкин ҳаёт кечирди. “Байтул ҳикма” ташкил этилиб, унга Ҳиндистон, Юнонистон, Форсдан китоблар келтирилди, таржима ишлари бошланди. “Байтул ҳикма” бир неча хона ва залларни ўз ичига олган эди. Баъзи хоналар кутубхона, айрмлари маъруза зали, бошқалари китоб чоп қилишга мўлжалланган хоналар эди. Ҳорун ар-Рашид “Байтул ҳикма”га насроний табиб Масавайҳни бошлиқ қилиб қўйди. Анқарадан келтирилган китобларни араб тилига таржима қилишга буюрди. Бу асарлар тиббиёт, фалакиёт, фалсафага оид китоблар эди.

Бағдодга талабалар оқиб келарди, масжидларда илм ҳалқалари кўп бўлар, бир масжид бир институт ишини бажарарди. Уильям Дюрант ёзади: “Тарихда қайси подшоҳ Ҳорун ар-Рашид каби атрофига ақлли олимларни тўплаганини билмайман”. Абу Юсуфдек аллома давлатнинг бош қозиси эди. Абдуллоҳ ибн Муборак, Фузайл ибн Иёз, имом Молик ва Шофеъий каби олимлар шу даврда яшаган.

Шариат олимларига эътибор

Ҳорун Ар-Рашид уламолар насиҳатига қулоқ солар, Абу Юсуф ҳам қозиларни ўзи тайинларди. Подшоҳга ҳам тортинмай насиҳат қиларди, унга мусулмонлар бахту саодатига масъул эканини тинмай эслатарди.

Ҳорун ар-Рашид Мадина имоми, моликий мазҳаббошиси имом Моликнинг ҳурматини жойига қўяр эди. Имомнинг маслаҳат, ваъз-иршодларига амал қиларди (Шавқий Абу Халил. “Ҳорун ар-Рашид амирул хулафа”).

Ҳаётий илмларга эътибор

Ҳорун ар-Рашиднинг илмга бўлган муҳаббати, ғайридинларга бўлган бағрикенглиги туфайли ҳаётий илмлар ҳам яхши ўрганилди. У Франция қироли Катта Карлга ғаройиб соат совға қилади. Соат хона деворича бўлиб, сув қуввати билан юради. Ҳар соатда ундан мусиқа оҳанги тараларди. Соатдан отлиқ ҳайкалча чиқиб, айланади, сўнгра яна жойига қайтиб кирарди. Бу соат ҳақида маълумотлар араб ва ажам манбаларда келтирилган. Подшоҳ ва аъёнлари соатни кўриб қаттиқ ҳайратланишади. Сарой роҳиблари эса соат ичида шайтон бор деб ўйлашади, кечаси соатни синдириб ичини очиб кўришади, лекин шайтонни топа олишмайди (Аҳмад Форис Шодёқ. “Кашфул махба фи фунуни Уруба”).

Ҳорун ар-Рашид даврида уламолар икром қилинарди. Шулардан бири унинг хос табиби насроний бўлган Жаброил ибн Бахташуъ эди. Халифа ҳаж қилиб юрганда унга: “Ҳаққингизга кўп дуолар қилдим”, деди, сўнгра ўғилларига қараб: “Сизларга гапим ёқмади шекилли, ахир биласизлар, у менинг соғлигимга қарайди, мен эса мусулмонлар учун ишлайман, мусулмонлар мен сабабли кучлидир”, деди. Ўғиллари: “Рост айтасиз” – деб жавоб қилишди (Ибн Абу Усайба. “Табақотул атибба”).

«Ислом ва олам» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

460 22:30 22.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

325 21:00 19.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

289 21:00 18.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (Иккинчи мақола)

284 22:00 17.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

544 22:00 16.10.2019

Жанубий Корея қандай юксалди?

699 21:00 12.10.2019
« Орқага