Абдулазиз Комилов Туркия прeзидeнти ва юқори мартабали мулозимлар билан учрашди

11:36 07.08.2019 281

Кеча, 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазир давлатимиз раҳбарининг Туркия Президенти ва биродар халқига йўллаган илиқ саломини ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ражаб Тоййиб Эрдоған ўз навбатида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини юқори баҳолади, давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш жараёнидаги Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг муҳим ролини эътироф этди.

Суҳбат чоғида олий даражадаги учрашувлар ҳамда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро аралаш комиссия ва Қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг йиғилишлари натижасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни юзасидан фикр алмашилди, икки томон кун тартибининг бошқа жиҳатлари, хусусан, асосий қўшма тадбирларнинг жадвали кўриб чиқилди.

Жорий йилда Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари раислигида ўтказилиши режалаштирилаётган Олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишига тайёргарлик жараёнига алоҳида эътибор қаратилди.

Абдулазиз Комилов шу куни Туркия парламенти – Буюк миллат мажлисининг раиси Мустафо Шентоп билан учрашди. Учрашувда парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони Туркия Буюк миллат мажлиси аъзоларини жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этишга таклиф қилди.

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) раиси Серкан Каялар билан учрашда эса Ўзбекистоннинг тегишли муассасалари билан иқтисодиёт, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, туризм соҳаларида ва бошқа қатор ижтимоий аҳамиятга эга йўналишларда ТИКАнинг лойиҳалар ва техник кўмак дастурларини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорлигини фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!