Абдулазиз Комилов Туркия ва Индонезия элчилари билан учрашди

13:30 31.12.2018 147

2018 йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмет Башар Шенни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Туркия кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. 2017 ва 2018 йилларда бўлиб ўтган олий даражадаги ташрифлар алмашинуви ва уларнинг натижалари ўзаро муносабатларнинг барча жабҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликка янги жўшқинлик берди.

Айни пайтда икки мамлакат президентлари раислигида Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи мажлисини 2019 йили ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Шунингдек, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўзининг мамлакатимиздаги тўрт йиллик дипломатик миссиясини якунлаётган Индонезия Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Анак Агунг Где Алит Сантҳикани ҳам қабул қилди.

Суҳбат чоғида сўнгги икки йилда турли йўналишларда янгича жадаллик касб этаётган икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Индонезия Президенти Жоко Видодонинг 2017 йил май ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган суҳбати томонлар ҳамкорликнинг барча жабҳаларида ўзаро манфаатли шерикчиликни оширишга тайёр эканлигини тасдиқлади.

Жорий йилнинг 10 ойида ўзаро савдо айланмаси 48,3 млн. АҚШ долларини ташкил қилиб, бу бутун 2017 йил давомидаги кўрсаткичдан 1,5 баравар кўп деганидир. Хусусан, экспорт 1,6 бараварга ўсди. Индонезиянинг етакчи компаниялари Қўқон суперфосфат заводини модернизация қилишда, меҳмонхоналар қуришда, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича кластерларни ташкил этишда иштирок этмоқда.

Икки томоннинг ҳам 30 кун муддатга бир-бирларининг фуқаролари учун визани бекор қилиши туристлар алмашинувининг ўсишига ижобий таъсир қилгани эътироф этилди.

Тобора ривожланиб бораётган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик икки томонлама алоқаларнинг мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнаши таъкидланди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!