Таҳлил

Абдулазиз Мансур: «Ҳужралар эл кўзига ола бўжи, экстремистик ташкилот, муллаваччалар жангарилар сифатида кўрсатиб келинди»

9850

Шўролар иқтидорга келиши билан эски мактаб ва мадрасалар ёпилди. Мударрислар қатағон қилинди. Нима қилиш керак? Қатағонлар пайти айрим уламолар бошқа ишларнинг бошини ушлаб тирик қолишди. Аммо ичлари тўла илм. Ёшлари бир жойга бориб қолган бу олимлар илмларини ўзлари билан охиратга олиб кетишадими, энди? Йўқ, бундай қилиш Худога ҳам хуш келмайди. Қандай бўлмасин, улар ўз эгаларига етказилиши керак! Шу тариқа улар ўзларининг фарзандларига ёки қўни-қўшни, илм истаган бошқа кишиларга махфий таълим бера бошлашди. Бу нарсани мен айниқса, 60-йилдан бошлаб ўзим кузатдим. Бу ҳаракат водийдан бошланди. Яъни, Андижон, Наманган, Марғилон.

Бу масканлардаги ҳужраларга Аллоҳ раҳмат қилсин уларни, асли ўзганлик Сулаймон қори ака ҳамда марғилонлик устоз Ҳакимжон қори домлалар асос солган десак адашмаймиз. Сулаймон қори ака ўтган асрнинг 30-йилларида домла-имомлар қатағон қилинганда ота-боболари билан Қошғарга ўтиб кетган бўлиб, 50-йилларнинг охирларида қайтишади. Ўша одам аҳволни кўриб, баъзиларнинг ҳалол-ҳаромни ажратмаганидан таассуф билдириб, бу одамларнинг ёшлик йиллари қатағонларга тўғри келиб, диний билимлардан бехабар қолишганига йўяди ва болаларга исломий билим бериш керак, деган хулосага келади. Маълум бўлишича, Сулаймон қори аканинг ўзи Қошғардалигида ҳужрада ўқиган ва ўқитган эканлар. Демак, Сулаймон қори ака бу амални ўз юртига қайтгач, бу ерда ҳам татбиқ эта бошлади.

Энг шарафли уммат: «Имомликнинг фазилати»

Мағлубиятларимиз сабаби

Шу жойда ўз бошимдан кечган воқеаларни эслаб ўтишни истардим. 1971 йили Олтиариқдан чиқиб кетдим. Марғилонга бориб жойлашдим. У ерда ўқиш билан банд бўлдим. Ишдан ажралмаган ҳолда Ҳакимжон қори акамнинг дарсларига қатнашдим. У киши жуда тез ўқитар эканлар. Ҳакимжон қори домладек, баракали ўқитадиган мударрисни мен ҳали кўрмадим. Саҳиҳ Бухорий, саҳиҳ Муслим, Абу Довуд, шарҳи Мулла каби катта-катта китобларни бир ойга қолмай битириб юборамиз. Устознинг қўлидаги беш йиллик таҳсилим жуда баракали бўлди. Ҳакимжон қори домла бутун умрларини дунё тўплаш эмас, илм тўплашга сарфлаган инсон эдилар. Ўзлари кўп ўқирдилар. Гап гапирсалар фақат илмдан сўзлардилар. Дунёвий нарсалардан ўзларини қаттиқ парҳезда тутардилар. Бирон сония бўлсин вақтларини беҳуда ўтказмасдилар. Ўқитиш тартиблари шундай эди: юқори билимли талабаларни ўзлари ўқитардилар. Булар хос талабалар деб аталган. Бизга жойлардаги ҳужраларни бўлиб берардилар. Бомдод намозини ўзлари билан ўқигач, икки-уч соат дарс бўларди. Кейин айтилган ҳужраларга бориб дарс берардик. Кўряпсизми, дарсдан чиқиб яна дарсга борардик. У кишининг яна бир фазилатларини айтсам, қўлларидаги асосий талабалар мусофир бўлган, жумладан, мен ҳам. Бола-чақани ҳам боқиш керак. Бу кишига Аллоҳ таоло тижорат ҳунарини ҳам насиб этганди. Ана шу тижоратдан тушган маблағдан ўз оиласидан ошиниб, бизга маош ҳам берардилар. У киши илм ошиқларини бир қарашда ажрата билганлар ва уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, илмларини давом эттиришлари учун шароит яратганлар. Ҳужра Марғилонда ана шу тартибда вужудга келди. Ке-йинчалик халққа исломий таълим беришнинг бу усули Андижон, Наманган атрофларига, шунингдек, Ўш, Ўзган шаҳарларига ҳам кириб борди. Бошқа жойлардан, масалан Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидан ҳам талабалар Марғилон билан Андижонга келиб ўқишарди. Қуръони карим таржимони, қорасувлик Алоуддин Мансур ҳам Ҳакимжон қори аканинг хос шогирдларидан бўлган.

Энди бу ҳужраларда қандай дарслар ўқитилган? Бу масалага ўтишдан олдин шуни айтиш керакки, кейинги эллик йил орасида ҳужралар эл кўзига олабўжи, экстремистик ташкилот, муллаваччалар жангарилар сифатида кўрсатиб келинди. Бу енгил қилиб айтганда инсофдан эмасди. Сизга бир мисол. Хабарингиз бор, ўтган йили мамлакатимизда қорилар мусобақаси ўтказилди. Унда юзлаб мураттаб қорилар иштирок этишди. Уларнинг қайси бири жангари?! Шундай бўлганда бундай мўътабар издиҳомда иштирок эта олишармиди?! Ўша мусобақа иштирокчиларининг саксон фоизи ҳужрадан чиққан собиқ муллаваччалардир. Уларнинг қироатларини тинглаган бутун Ўзбекистон ҳамду санолар айтишди. Ростдан ҳам Мустақилликкача бутун республикада бор-йўғи иккита мадраса бўлган бўлса, бунча қори қаердан келди, деган савол туғилади-да! Бугунги кунда мамлакатимизда икки мингдан ортиқ масжид бор.

Бундан 100 йиллар аввал бўлган воқеалар ҳозир ҳам такрорланаётгандек...

Мусулмон жамиятни йўқотиш йўллари

Энди тилга олинган ҳужраларда қандай фанлар ўқитилган? Айтиш керакки, уларда сиёсат ҳақида умуман сўз юритилмаган. Дарслар араб тили грамматикаси — Кофия, яъни наҳву сарф, Унвон — араб адабиёти, фиқҳ илмларидан “Мухтасар”, Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари, Мишкотул масобиҳ, Шарҳи мулла (Жомийнинг Кофия шарҳи китоби), Саҳиҳи Бухорий, Қози Байзовий, Насафийларнинг тафсирлари ва бошқа Ақоид китобларидан иборат бўлган. Юқорида номлари тилга олинган дарслик ҳамда китобларда ҳеч қандай сиёсат билан боғлиқ гаплар йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Улар том маънодаги илмий асарлар бўлиб, биринчидан ўқувчига араб тили грамматикасини ўргатса, иккинчидан Қуръони карим тафсири ҳамда Ҳадис илмидан дарс беради. Булардан ташқари адабий китоблар, Балоғат ва Фасоҳат мавзуларидаги дарслар ўқитиларди.

Айтиш керакки, совет даврида ҳужраларда дарс беришга ҳеч қандай йўл йўқ эди. Бу жиноят ҳисобланарди. Бу ишлар камоли халқ ичидаги уламоларимизнинг динимиз сақланиб қолсин, ота-боболаримиз, устозларимиздан олиб қолган билимларимиз ўзимиз билан кетиб қолмасин, улардан ёшларимиз нафланиб, оқ-қорани танисин, ҳалол-харомни ажратиб олишсин, деган бир оқ ният билан бошланган. Янаям аниқроғи, ҳужраларни замоннинг ўзи тақозо этди. Зарурият юзага келтирди.

Шайх Абдулазиз МАНСУР

Халқаро ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулазиз Мансур қаерда таҳсил олган?..

2273 09:00 20.11.2019

ЎМИ раиси ўринбосари Халқаро Ислом фиқҳи академияси сессиясида иштирок этади

636 10:30 25.10.2018
« Орқага