Янгиликлар

«Абдуллоҳ қаерда?»

2243

Андижонлик Абдуллоҳ Тоҳиров воқеаси ҳақида, билишимча, дастлаб 4 ноябрь куни «Би-би-си» ёзди, сўнг 6 ноябрь куни «Кун.уз», 7 ноябрда эса «Дарё» ва «Газета.уз» хабар берди — ижтимоий тармоқларда бу воқеа 2 ноябрдан бери айланиб юргани алоҳида масала (алоҳида ташкилотлар ижтимоий тармоқларни кузатиб, долзарб мавзулар бўйича муносабатлар билдириш ваколатини олгани аллақачон унут).

Бу хабарларда такрор ва такрор тилга олинаётган Андижон вилояти ИИБ ёки Ўзбекистон ИИВда йигитнинг қаерда экани ва ҳозирги аҳволи ҳақида шунчаки бир оғиз ахборот бериш учун камида сўнгги 72 соатдан бери имконият бор, лекин улар бу имкониятдан фойдаланмаяпти — ваҳоланки, вақти келса маҳалладаги справка муаммоси ҳақидаги бўлмағур хабарларга раддия беришга куч топилади.

«Молочная кухня» иши гўёки янгиланган суд ҳокимиятимиз учун бир имтиҳон бўлганди (ва суд ҳокимиятимиз бу имтиҳондан гурсиллаб йиқилди, дейиш мумкин, қайсидир маънода). Абдуллоҳ Тоҳировнинг иши эса гўёки янгиланган куч тузилмаларимиз учун шундай бир синов бўляпти. Мум тишлаб жим ўтириш, ўз қобиғига ёпилиб олиш билан бу синовдан умуман ўтиб бўлмайди лекин.

Мен Абдуллоҳ Тоҳировни танимайман, нима ишлар қилганини ҳам билмайман. Ростдан бирор жиноят қилгандир, балки бегуноҳдир. Энди бу муҳим эмас. Ҳозир энг муҳими — Абдуллоҳнинг қаерда ва қай аҳволда экани. Ҳозирча шугина саволларга жавоб берилса бўлди, қолгани бир гап бўлар.

Қизиқ, шу жимжитликнинг бошида турган полковнигу генералларнинг ўз фарзанди 12 кун бедарак кетса, улар қай аҳволга тушишаркин? Ҳай, ҳеч кимнинг бошига солмасин! Ҳатто шу полковнигу генералларнинг ҳам.

Муҳрим Аъзамхўжаев

Таҳририятдан: умид қиламизки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тез муддатда мазкур мубҳам вазиятга ойдинлик киритадилар.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Адолат» «Абдуллоҳнинг иши» бўйича ҳақиқатни талаб қиляпти

1038 11:00 09.11.2019
« Орқага