Иймон

Абдураҳмон Мешаян: “Мен қандай Исломни қабул қилдим?” Ёхуд “Ҳидоятга келган армани” суҳбатига илова (давоми)

4134

Биринчи қисм бу ерда

Иккинчи қисм бу ерда

Учинчи қисм бу ерда

Ўшандан бери онам менинг “ўнг қўлим”… Рамазонда саҳарлигу ифторлигимни тайёрлайдиган ҳам – онам, бугун чарчадим, ўзим уйғонолмайман, фалон соатда уйғотинг, десам келиб уйғотадиган ҳам –  онам, дашном берганида “Сенинг Китобингда овозни баландлатиш мумкин эмасди-ку” деб “жойимга ўтқазиб қўядиган” ҳам – онам... 

Ойнаи жаҳонда Тоҳир Малик чиқса, “Ҳидоят сари” бошланса, Шайх хазратлари чиқса “Эй буёққа кел, устозинг гапиряпти”, деб чақириб оладилар. Айниқса, бу йил Рамазон ойи давомида Шайх ҳазратларининг суҳбатларини эшитиб, яна-да юмшаб қолдилар. Баъзан бирор диний масалада гап бошлаб қоладилар:  Ким айтди сизга бу гапларни?” деб сўрасам, «Ана твда ҳар куни кўряпман, бу кампир ҳеч нимани билмайди деб ўйлама дейдилар койиб. Мусулмон эмаслару, иншааллоҳ, насиб қилишидан умидворман! Шеърларимни онамга ўқиб бермайман: ҳам уяламан, ҳам қўрқаман, фақат шеъриятим шайдоларининг саломини етказиб тураман.

Илк бор жума намозига борганимдаги ҳайратим ҳалиям эсимда. Илк масжидга боришим жума кунига тўғри келган. Ўшанда бунчалик кўп пойабзални кўриб, роса ҳайрон қолганман. Шунча кўп одамни умримда бир жойга тўпланганини кўрмагандим-да. Масжидга кириб кетаётган бир кишига: “Мен ҳам кириб намоз ўқисам бўладими?” деганимда у киши жудаям ҳайрон бўлиб қолган: “Намоз ўқигани келдингми? Кир унда!” деган. Жуда ҳаяжонланганман. 

Зангиотадаги Андалус масжидига бориб пешин намозини ўқигач, намозда имомлик қилган кишининг ёнига бориб “Асрни шу ерда кутсам, бўладими?” деганман. У киши “Юр бизникига” деган. Эргашиб кетаверганман. Борсак, эшикни хижобли бир аёл очган. Аёллари экан. Биргина савол: “Бу ким” деган саволга ўғлим деган жавоб айтилгач, ичкарига кирганмиз, ҳайитнинг қайсидир куни маросим қилишаётган экан. Ўша-ўша орамиз яқин бўлиб қолган. Уйимга энг яқин масжид 5 чақирим узоқликда бўлганига баъзан уларнинг уйида тунаб ҳам қолардим. У киши ҳам эндиликда Аллоҳнинг раҳматига қовушган. Очиқкўнгил инсон эдилар. Бир менга эмас, бошқаларга ҳам эшиклари очиқ эди. Ана шу яхши одатларидан фойдаланган бир разил кимса босқинчилик қилиб Маъруф отанинг, ногирон синглисининг, қизининг жонига қасд қилганига ҳам бир неча йиллар бўлди.

Маъруф отанинг “Абдураҳмон, ўғлим!” дейишини жуда соғинаман.

Қачон қарама уйларига борсам манзара шу эди: Онахон Қуръон ўқиб ўтирар, Маъруф дода намоз ўқирди ёки аксинча. Бир ўғиллари бор эди. Ноҳақ қамалган. Бунақа матонатли отани ҳеч кўрмадим. Бирор марта шу ўғлидан нолиганларини билмайман: “Китобларда айтиб қўйибди, динни тилини остида чўғ асрагандек асраганлар бор, менинг ўғлим шулардан” деб қўярдилар.

Айтганча, исмим илгари Ренис эди. Муҳаммад деб ўзгартиргим келса-да, ўзимни бунга лойиқ эмас деб билиб, Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуни жуда севганимга исмимни Абдурроҳманга ўзгартирганман. У вақтда 20 ёш эдим.

Мусулмон бўлганлигимга тўрт йил ўтгач, яъни 20 ёшимда жарроҳнинг қўлига тушганман. 

Шу боис суннат тўйим бўлмаган десам-а?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бир китобларида мусулмон оилада туғилмаган инсон ёши ўтиб Исломни қабул қилса, суннат қилиниши ихтиёрий деб ўқиганимга тўрт йил бу ишни қилмаганман. Ҳазратга туҳмат қилаётган бўлмай, балки менинг ожиз ақлим улар ёзган нарсани тушунмагандир.

Аммо йиллар ўтгач, шайх ҳазратларининг бошқа бир китобида суннат қилиниши яхши амал эканлиги, имкони бор одам буни қилса, яхшилигини ўқигач, тезда бунга ҳам амал қилганман.  

Исломга киришим билан ўқиган-уққанларим, жоҳилиятдан тўйиб кетганим, нуқул ўнгидан келаверадиган тушларим, юзини бўлмаса-да ортидан узоққа  термулиб турган тўрт нафар нур юзли инсон билан турган энг Севимли Инсоним сабаб бўлган. Юзини кўролмаганим гуноҳларим кўплигидан ва хали лойиқмаслигимдандир...

Калимаи шаҳодатни – Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ деб айтишим билан иш битмаслигини ўн тўрт йиллик умрим исботлаб берди. То ўлгунча синов тўхтамас экан. Бир гал қамоқ хавфи таҳдид солса, иккинчи гал ҳирсинг ақлдан оздириб қўяй дейди.

Иккисини ҳам бир амаллаб енгсанг, бойлик тўплаш ҳисси қалбингда бўй кўрсатиб туради. Буниям енгсанг, Аллоҳ синамоқчи бўлиб бўйнигга қарзни илиб қўйиши мумкин экан. Бундан-да ҳикмат топиб зикрини қилаверсанг, Раззоқлигидан шубҳаланмасанг, Ўзи аста-аста бу ботқоқдан тортиб олверар экан. “Биз билан черковга борсанг, ёрдам қўлини чўзамиз” деганларнинг эшигини қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетишга, “Иймонимга нарх қўйманглар, осонликча топмадим” дейишга ҳаддинг сиғаркан.

Қулоғимга чалиниб, кўзимга ташланиб қолади: “Мен фалончига Ислом динини ўрганиш учун эрга теккандим, у мени хор қилди, энди менам уни шарманда қиламан” деб ҳижобни бошидан юлиб отганларнинг иддаоси. Уларга гапим доим шу бўлган: Ислом учун эрга тегибсан, ўранибсан, эринг яхшидир ёмондир, сенга Ислом асосларини ўргатибди, сен эринг билан аразлашганингга қасд қилиб иймонингдан-да кечдингми?! Ўзи турмуш ўртоғинг билан ажрашдингми ё Ислом биланми?!

Мен ўзимдан гапирсам – қазои қадаримга розиман. Мингдан-минг розиман. Кўчага чиқсам, минглаб бенамоз, юзлаб ароқхўр, ўнлаб мунофиқ. Ўзи менга Биру Борлиги билдирибди, шукр қилишдан бошқа нима қилай, Аллоҳдан энг кўп сўрайдиганим у кунларга мени бошқа қайтармасин. 

Сўзим сўнггида айтмоқчи бўлганим, балки бирор дахрий ҳам ўқир бу гапларимни. Балки бирор муртад ҳхам ўқир. Ўшаларга айтадиганим – ниятни тоза қилиб Қуръонни очиб кўринглар, феъли яхши, ширинсўз инсон билан баҳслашиш учун эмас чин дилдан мулоқот қилиб саволларингизга жавоб олишга уриниб кўринглар. Уч-тўрт бадфеъл Ислом дегани эмас! Сизлар ҳар ҳолда ўзбек, қозоқ ё бошқа осиё халқларидансиз. Агар насронийлик энг соф йўл бўлганида энг аввал ўзим насроний бўлардим, кофирлик зўр бўлса, дахрийлар ичида энг пешқадами бўлардим. Сиз эртак деб биладиган дин аслида эртак эмас, хақиқат.

Инсон ракета учира олади, самоларни забт эта олади. Оддий ожиз банда шуни қила оларкан, Аллоҳ нега тавбангизни қабул қилиб, сизга Фирдавс жаннатини бермасин?!

Ҳурмат билан,
Абдураҳмон Мешаян

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истисно ва Пайғамбарлар алайҳимуссалом аёллари ҳақида

719 19:20 07.07.2020

Алҳамдулиллаҳки, сигирга сиғинмаймиз...

1016 19:30 05.07.2020

Қадарга (тақдирга) иймон келтириш

782 18:30 05.07.2020

Намоз тарк этиб бўлмас ибодатдир

901 16:00 04.07.2020

ФАРИШТАЛАР

1399 12:00 04.07.2020

Ислом билан шарафланганлар: кореялик Мадина

7559 11:42 27.06.2020
« Орқага